Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2014 00:00
Пахта далаларини машина теримига тайёрлашда ғўза тупларини чилпиш муҳим ўринни эгаллайди. Fўзани чилпишдан асосий мақсад, кўсаклар сони ва вазнини ошириш ҳамда тупларини машинабоп, яъни ихчам шаклга келтиришдир. Чилпиш ишларини ғўза нави, кўчат қалинлиги ва ҳосил шохлари сонига қараб табақалаштирилган ҳолда қисқа муддатда ўтказиш лозим.
    Чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100 см. дан ошмаслиги зарур. Туплар бундан баланд бўлса, пахта териш машинасининг терим тўлиқлиги 3–5 фоизга камаяди. Туп қанчалик баланд бўлса, у терим аппарати ичига шунчалик эгилиб киради. Fўза тупларининг ён шохларини ҳам чилпиш шарт. Чунки тарвақайлаб ўсган ён шохлар кўсакларнинг аппарат иш тирқишидан эркин ўтишига ҳалақит беради, тирқишни кенгайтириб, шпинделларнинг пахтани илинтириш қобилиятини пасайтиради.
     Ёнига ғовлаган туплар аппарат иш тирқиши ичида 22–40 см ўлчамларгача сиқилганда, уларнинг шохлари, кўсаклари бир боғлам «супурги» ҳолига келади. Бундай «супурги» нинг ташқарисидаги пахталаргина териб олиниб, ичкаридагилари терилмасдан қолиб кетади. Шу боис ғўза бош пояси ва ён шохлари чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100, эни 40–50 см атрофида бўлиши шарт!
      Пахта пайкалида ётиб қолган ғўзалар умумий ғўза тупларининг 1,5 фоизидан ошмаслиги зарур. Бундай ғўзалар 10 фоизга етса, пахта териш машинасининг иш унуми пасаяди, ерга кўп пахта тўкилади. Чилпиш қўлда бажарилганда бош поя ва ён шохларнинг ўсув нуқталарина чилпиб олиш зарур. Бунда юқори ярусдаги ҳосил нишоналари юлиниб кетмаслигига эътибор қаратиш талаб этилади.
     Чилпиш PChM-4, ЧХУ-4 каби механизмлар воситасида ўтказилганда қирқувчи пичоқлар биринчи чилпишда ғўзанинг ривожига қараб 80–100 см баландликка ўрнатилиши мақсадга мувофиқ. Бу тадбир 7–10 кундан кейин такроран ўтказилиб, биринчи чилпишдан қолиб кетган ғўзалар чилпилади. Бунда пичоқларнинг қирқиш баландлиги биринчи ўтилгандагига нисбатан 3–5 см юқорироққа ўрнатилиши керак.
    Механизаторлар иш давомида пичоқларни айлантирувчи гидравлик моторлардан мой оқмаслигини, шкивларни ҳаракатлантирувчи понасимон тасмаларнинг таранг ҳолда бўлишини, пичоқлар тиғларининг ўткирлигини таъминлашлари зарур. Синган пичоқлар янгилари билан алмаштирилиши лозим. Чилпишни дастлаб баланд бўйли ва ғовлаган ғўза майдонларида ўтказиш зарур.
      Чилпиш ишлари сифатли бажарилганда кўсакларнинг пишиб етилиши тезлашади, пахта ҳосилдорлиги ва тола сифати ортади, ғўза тупларига ихчам шакл берилиши ҳисобига пахта териш машиналарининг агротехник кўрсаткичлари яхшиланади. Шундай қилиб, ғўзани механизмлар воситасида чилпиш ва дефолиациялаш тадбирини агротехник талаблар даражасида бажариш, кўсаклар вазнини оширади, уларнинг пишиши ва очилишини тезлаштиради, машина теримини қисқа муддатда якунлаш имкониятини беради.
       М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech