Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2014 00:00
Республикамиз пиллакорлари давлат қабул пунктларига 26 минг тоннадан зиёд «кумуш тола» топшириб, бу борадаги шартномавий режани шараф билан уддалашди. Мавсумда 45 мингдан зиёд фермер хўжалигида 445 минг қутидан зиёд ипак қурти парвариш этилди. Ҳар бир ипак қуртидан 58 кг дан ҳосил олинди. Ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди.
     Президентимизнинг 2006 йил 15 ноябрдаги «Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори пиллачиликдаги ислоҳотларда муҳим дастуриламал бўлаётир. Жойларда ипак қуртидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани, илғор тажриба ва технологиялар қўлланилгани ютуқлар омили бўлди.
      Хусусан, Янгийўл туманида илк бор очиқ пиллахонада ипак қурти боқиш ва даста ўрнига тухум флейкалари қўлланилди. Маълумки, туманда 277 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, улар 10 та ҳудудда жойлашган. Жорий йил пилла мавсумида Самарқанд, Қўқон ва Навоий уруғчилик заводларида тайёрланган 2500 қути маҳаллий ипак қурти уруғлари 3 та инкубатория ҳамда пиллахона биносида очирилиб, боқилди.
     Туман пиллахонасининг биноси ва пилла сақлаш айвонида ТСФ «Ипакимпекс» ва пиллахона ходимлари томонидан 30 қути маҳаллий ипак қурти уруғи парвариш этилди. Боқиш жараёни аввалги 3 ёшида кичик хоналарда, кейинги 4–5 ёшларида эса айвонда давом этди. Ипак қурти 3 ёшга тўлгунича ходимларимиз, 4 ва 5 ёшларида эса 11 нафар барг тайёрловчи ҳамда 10–15 нафар қишлоқ аёллари ишга жалб қилинди. Охирги 10 кунликда барг тайёрловчиларга нонушта ва тушлик даланинг ўзида тайёрланди. Иш ҳақи 1 кунга барг тайёрловчиларга 25 минг сўмдан, барг тозалаб солувчиларга эса 21 минг сўмдан белгиланиб, барг солишда навбатчилик ташкил қилинди.
      Мавсум давомида қайчи, болта, озиқ-овқат ва бошқа жиҳозларга 7200 минг сўм, барг ташишда транспорт харажатлари 700 минг сўмни ташкил этди. Ипак қурти боқиш жараёнида тегишли ташкилотлар масъул ходимлари таклиф қилиниб, уларнинг йўл-йўриқларига қатъий амал қилинди. Қуртлар дастага чиқиш вақтида дастаси ўрнига тухумдан бўшаган флейкалардан (донаси 70–110 сўмдан жами 700 минг сўмлик) 8000 донаси қўйилиб ғоналарнинг ёни ва устига тўлиқ ёпиб бостирилди. Ҳар бир флейканинг икки томони, усти ва ости бўртган жойи тешилди.
     Натижада ҳар бир флейканинг ости ва устида ўртача 85–92 дона ипак қурти пилла ўради. Бир дона ҳам навсиз ва қўшалоқ пилла бўлмай топ-тоза ҳосил териб олинди. Теришдаги афзаллиги яққол кўзга ташланди, 90 дона пиллани флейкадан олишга 8-10 секунд вақт кетди. Баргдан тозаланган тут новдаларидан 0.7х0.7 метр ўлчамдаги катакча (ҳар бир катакча ораси 3.5х4.5 см) тайёрланди. Мазкур усулда ҳам ипак қурти яхши пилла ўради.
      Пиллани териш вақтида 4-5 кунга ҳашарчилар жалб қилиниб, уларга 800 минг сўм сарфланди. Натижада 1580 кг 1-нав пилла, 82 кг нав¬сиз ва 108 кг қорапўчоқ олинди, Умуман харажатлар 10,0 млн сўмни, соф фойда эса 7 млн сўмни ташкил этди. Биз қурт очиришдан сўнг ҳар бир қутида қолиб кетган 0,5–1 грамм ипак қуртини ҳам тўплаб боқдик. ўонада ва бош¬қа дасталардан терилган пиллаларни хас ва барглардан тозалаш кўп вақт ҳамда маблағ талаб қилади. Шуни ҳисобга олиб, пиллани хасдан тозалаш учун 600 минг сўмга ЧК аппарати сотиб олдик. Аппарат соатига 70-80 кг пиллани хасдан тозалаб, қўл меҳнатини анча енгилаштирди.
      Мавсум таҳлили шуни кўрсатдики, пилла ҳосилини кўпайтиришда ҳали имкониятлар талайгина. Агар биз ипак қуртини кўчиришни кечиктирмай, уларга керакли миқдорда жой ажратганимизда эди, пилла ҳосили янада кўп бўларди. Келгуси мавсумда пиллахона яқинида 15 гектар тут плантацияси яратиб, 8х40 метр ўлчамда пахсадан ва 7.8х45 метр ўлчамда енгил темир конструкциялардан иссиқхона типида (пилла мавсумида қуртхонани исиб кетишдан сақлаш мақсадида устига ёпиладиган салафан тагидан 10 мм.лик пенопласт қўйиб, уни кўкат экиш вақтида йиғиб олинади) 10 қутилик қуртхоналар қуриш ва пиллахона биноларидан фойдаланиб 100 қути ипак қурти боқиш ниятидамиз.
     Ана шу усулда қурилган қуртхоналар пилла мавсумидан бўшагач улардан то янги пилла мавсумигача кўкат етиштириш, пахсадан қурилган қуртхоналарда эса беда экиб, чорва моллари учун озуқа тайёрлаш мумкин. Агар биз Янгийўл туманидаги 10 та ҳудуднинг ҳар бирида 2 тадан ана шундай пиллачилик фермер хўжаликлари ташкил қилсак, ипак қурти боқишдаги қийинчиликлар бартараф этилади, марказлашган ҳолда назорат ўрнатилади натижада одатдагидан кўра, арзонроқ, мўл ва сифатли пилла ҳосили олишга эришилади.
       Н.Давланов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech