Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2014 00:00
Мамлакатимизда балиқ маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида, кенг қўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда республикамиз балиқчилигининг ривожланишига назар соладиган бўлсак, балиқчилик асосан икки йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчиси, табиий сув ҳавзаларидан (кўл, дарё ва бошқалар) балиқ овлаш, иккинчиси аквакультура, яъни инсон томонидан назорат қилинадиган шароитларда балиқ етиштиришдир.
    Республикамизда балиқчиликни ривожлантириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш Бош бошқармаси ташкил этилди. Айнан балиқчиликнинг моддий-техник базаси ва технологик жараёнлари уни қишлоқ хўжалигига яқинлаштиради. Жумладан, балиқларни озиқлантириш, хусусан, табиий озуқа базасини шакллантириш шулар жумласидандир.
    Аквакультуранинг мамлакатимиздаги ҳолатига назар соладиган бўлсак, у асосан ҳовуз балиқчилиги сифатида ташкил этилган. Хусусан Фарғона вилоятида ҳозирги кунда 1541 гектар сунъий ҳовуз майдонлари мавжуд бўлиб, 2013 йилда ушбу ҳовузларда 2606,5 тонна балиқ етиштирилган. Бу ҳар гектарига ўртача 17 центнердан балиқ етиштирилди, деганидир. Фарғона вилояти аҳолиси жон бошига балиқ маҳсулотларини истеъмол қилишни йилига ҳеч бўлмаса 7,7 кг га етказиш керак бўлса, унда сув ҳавзаларидан йилига ўртача 25063 тонна балиқ етиштириш керак.
     Соҳани ривожлантириш учун эса дастлаб уни ривожланишига тўсиқ бўлаётган бир қатор омилларни ижобий ҳал қилиш керак. Жумладан, балиқ уруғлари (личинка, чавоқ) етиштиришга ихтисослашган корхоналарнинг йўқлиги; малакали мутахассисларнинг етишмаслиги оқибатида модел сифатида ўрганиш мумкин бўлган, юқори ҳосилдорликка эришган балиқчилик корхонасининг мавжуд эмаслиги; балиқларнинг насл берувчи ота-она формаларни шакллантириш оқсоқланаётганлиги; кўпчилик хусусий мини-ҳовуз хўжаликларида балиқ етиштириш асосан экстенсив усулда яъни табиий озуқа базасини шакллантириш ва ривожлантириш ҳисобига амалга оширилаётганлиги кўзга ташланмоқда.
      Маълумки, ҳовуз балиқ хўжаликларида асосан карп, оқ амур ва оқ дўнгпешона балиқлари поликультура усулида боқиб келинади. Балиқ боқиш технологиясига кўра, карп асосан омухта ем билан боқиб келинган. 2000 йилдан бошлаб сифатли омухта емнинг етарли эмаслиги ва нархининг юқорилиги сабабли карп балиқларини кўплаб боқиш иқтисодий жиҳатдан рентабелликни пасайтира бошлади ҳамда уларнинг ўрнини фақат табиий озуқа ҳисобига ўса оладиган оқ дўнгпешона тури эгаллай бошлади.
     Шу тариқа ҳозирги кунга келиб, вилоят ҳовуз ва хусусий фермер хўжаликларида боқиладиган балиқларнинг асосий қисмини оқ дўнгпешона, қисман эса оқ амур ва карп балиқлари ташкил этмоқда. Бундай шаклдаги балиқ боқиш технологияси сарф-харажатларни минимал ҳолатга келтирган ҳолда кўриладиган фойда миқдорини оширади.
     Лекин, масаланинг шундай томони ҳам борки, бу ҳолат етиштирилаётган балиқларнинг сифат жиҳатидан бозорда талабга қандай жавоб бераётганлигидадир. Яъни етиштирилаётган балиқларнинг асосий қисмини ташкил этаётган оқ дўнгпешона балиқларининг гўшти сифат жиҳатдан карп балиқларидан анча ортда қолади ва бу нарса албатта ушбу балиқнинг бозордаги нархини пастлигига сабаб бўлади. Лекин шунга қарамасдан балиқшунослар ушбу услубдан воз кеча олишмаяпти. Чунки юқорида айтилганидек омухта емнинг қимматлиги ёки етарли эмаслиги ана шу ҳолатга олиб келмоқда.
   Хўш балиқларнинг табиий озуқа базасини нималар ташкил этади ва уларни ривожлантиришнинг қандай илмий ва моддий асослари мавжуд? Маълумки, ҳар қандай сув ҳавзаси маълум миқдордаги табиий ўсимлик ва ҳайвон турларига эга бўлади. Хусусан ҳовуз балиқ хўжаликларининг ҳовузлари ҳам маълум миқдордаги фитопланктон, зоопланктон, макрофит ҳамда бентос организмларига эга. Сув ҳавзаларидаги ана шу тирик организмлар балиқларнинг табиий озуқа базасини ташкил этади. Лекин ҳовузлардаги ушбу табиий озуқа базаси тиғизлаштирилган ҳолатда боқилиши керак бўлган балиқлар учун етарли даражадаги миқдорни ҳосил қила олмайди.
      Шунинг учун балиқшунослар ҳовузларнинг табиий озуқа базасини ривожлантириш учун бир қанча тадбирларни ишлаб чиқишмоқда. Хусусан ҳовузларга турли хил органик ва минерал ўғитлар солинади. Органик ўғитлардан асосан гўнг, компост, қушлар ахлати ишлатилиб, уларнинг таркибида азот, фосфор, калий, кальций ва бошқалар бўлади. Минерал ўғитлардан калийли, азотли, фосфорли, кальцийли ва бошқа турдаги ўғитлар ҳамда оҳакдан фойдаланилади. Ушбу ўғитлар сув ўтлари, бактериялар ва умуртқасиз ҳайвонлар учун озуқа ҳисобланади. Ушбу организмлар эса ўз навбатида балиқлар учун бевосита ёки билвосита озуқа манбаига айланади.
      Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги «Республикада 2014 йилда балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 7-сонли баёнида вилоятда интенсив усулда балиқ етиштириш учун янги сунъий сув ҳавзаларни ташкил этишга қўшимча ер майдонлари, имтиёзли кредит маблағларини ажратиш, балиқчилик хўжаликларни минерал ўғитларга ва юқори оқсилли грануланган омухта емга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш белгилаб берилган.
     Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, вилоятда балиқ маҳсулотлари етиштириш кейинги йилларда асосан оқ дўнгпешона балиқлари ҳисобига бўлса-да кўпайганлиги ижобий ҳолат ҳисобланади. Лекин миқдорий кўрсаткичлар билан бирга сифат кўрсаткичларни ҳам юқорига кўтариш айни долзарб масаладир. Яъни карп балиқларини ҳам кўпроқ етиштириш учун сифатли ва кўп миқдорда омухта ем ишлаб чиқаришни керак.
     М.Назаров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech