Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2014 00:00
Қорақалпоғистон Республикасидаги фермер хўжаликлари далаларида ва томорқа ерларда полиз экинларидан – қовун, тарвуз, ошқовоқ турлари кўплаб экилиб, олинаётган ҳосилнинг асосий қисми озиқ-овқат сифатида фойдаланилиб келинмоқда. Бу маҳсулотларга бўлган кундалик эҳтиёжни тўла қондириш учун экин майдони ва ҳосилни ошириш бўйича кўпгина тадбирлар ишлаб чиқилган.
     Асосий мақсад – ҳудудда яшаётган инсон соғлом бўлиши учун бир йил давомида полиз маҳсулотларини истеъмол қилиш, тиббиёт меъёри сифатида белгилаб берилган ўртача меъёри 19,3 кг.га етказишдан иборат.
     Бугунги кунда полиз экинлари маҳсулотлари миқдори қўйилган талабни тўла қониқтирмайди, сабаб, олинаётган ҳосилнинг паст бўлиши ва фермер хўжалиги далаларида, томорқа ерларида экилаётган полиз экинлари майдонининг қисқариб кетаётганидир.
   Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур муаммонинг келиб чиқиш сабабларидан бири – бу полиз экинларида зараркунанда-ю, касалликларнинг кенг миқёсда пайдо бўлишидир. Жумладан, 2001 йилдан кейин кенг миқёсда қовун пашшасининг кўпайиши, зарари максимал миқдорга етиши ва бундай зараркунандаларга қарши кураш тадбирлари ўз вақтида фермер хўжаликлари далаларида жорий этилмаслигидадир.
     Кузатув натижаларига қараганда, қовун пашшаси тарқалиши ва зиёнини бошқа турларга нисбатан фарқ этади. Қишловдан чиққан етук зоти май ойида қовун даласида пайдо бўлиши, август ойига қадар ҳосилнинг 90–95% нобуд бўлишига олиб келади ва бошқа полиз далаларига ҳам тез суръатда тарқалади.
     Зараркунанда кўп йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида зарар келтириб келган бўлса, йиллар ўтиши билан бошқа ҳудудларга, жумладан 2009–2010 йиллари Бухоро, Жиззах, Тошкент, 2011–2012 йиллари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига тарқалгани қайд этилди.
   Муаммонинг янада мураккаблашишининг олдини олиш учун қовун пашшаси ривожининг биоэкологик ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қарши кураш тадбирларини тавсиялар асосида ўтказиш талаб этилади. Зараркунанда август ойи охири сентябрь ойида озиқланган полиз экинлари меваларидан чиқиб, тупроқнинг 3–20 см устки қаватида махсус жой тайёрлаб ғумбак фазасида қишлаб чиқади.
     Қорақалпоғистон шароитида ўтказилган тадқиқотларда қовун пашшаси етук зоти 2011 йил 2 июнь, 2012 йил 30 май, 2013 йил 31 майда далада кузатилиб, биринчи авлоди полиз экинларининг 10–30 % меваларида ривожланган. Зараркунанданинг ушбу авлодига қарши кураш тадбирлари ўтказилмаган қовун далаларида иккинчи авлоди 80–90% меваларни зарарлаб сони максимал ҳолида қишловга кетганлиги кузатилди. Оналик етук зоти қовун мевалари пайдо бўлиши билан (диаметри 3–5 см бўлганида) пўстини тешиб, ичига тухум қўяди.
    Тухумдан чиққан қурти ҳаракат қилиб, озиқланиб, йўл солиб, меванинг уруғи жойлашган ўртасига қараб секин сурилади ва бу жойлар қаттиқ, зич ҳолатга келиб, қорамтир рангга ўзгариб чирийди ва истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Тўлиқ озиқланган қурти ташқи пўстини тешиб чиқиб, тупроқда ғумбакка айланиб, вегетация даврида 3 марта авлод беради. Кўриниб турганидек, қовун пашшасининг етук зоти ўсимлик барглари орасида бўлса, қуртлари мева ичида, ғумбаги тупроқда яшайди. Ушбу хусусиятларини ҳисобга олиб зараркунандага қарши барча кураш тадбирларини етук зоти, тухуми, қуртлари ва ғумбакларини йўқ қилиш учун аниқ воситалар ёрдамида, маълум муддатларда олиб бориш зарур.
    Ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасида зараркунанданинг қишловга кетган ғумбакларини йўқ этиш учун ҳудуддаги полиз далаларни октябрь ойида 25–30 см чуқурликда ҳайдаб, 20–25 кундан сўнг шўр ювиш мақсадида, сув берилади ва қиш давомида далада муз пайдо бўлиши тадбирнинг самарадорлигини оширади. Шунда қовун пашшаси ғумбаги қишлаётган махсус жой бузилиб ғумбаклар қишлаб чиқиш даврида тўла нобуд бўлади.
     Далада пайдо бўлган етук зотига қарши полиз экинларида қўллаш учун тавсия этилган кимёвий препаратлар эрталаб соат 5–8 оралиғида, махсус агрегатлар ёрдамида ишлов берилиб зараркунанда йўқ этилиши керак. Тадбирларни далада бир вақтда олиб бориш тавсия этилади. Демак, қовун пашшаси ривожланиши кузатувлари бўйича зараркунанданинг биринчи авлоди 30 % меваларда пайдо бўлишини ҳисобга олиб, қурти ва ғумбагини йўқ этадиган ускуна «тутқич» ёрдамида кураш тадбирларини олиб боришни ишлаб чиқаришга жорий этиш зарур.
    Зараркунанда етук зоти меваларга тухум қўйган жойларида қизил-жигарранг чиқиндилар пайдо бўлиб, кўзга кўринганини ажратиб олиб, тагига махсус ускуна қўйиб биринчи авлодининг қурт ва ғумбакларини 100 % йўқотиш талаб этилади. Шундай қилиб, қовун пашшаси ғумбагини кузда тупроқни ҳайдаш, биринчи авлоди етук зотини кимёвий кураш, қурти ва ғумбагини махсус ускуна ёрдамида йўқ этиш орқали тарқалишининг олди олинади.
      Е.Торениязов, Р.Юсупов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech