Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Январ 2014 00:00
Юртбошимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида хорижий инвестициялар иштирокида қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси гранти асосида мамлакатимизда бир нечта намунавий иссиқхоналар барпо этилиб ишга туширилди.
   Президентимизнинг 2011 йил 24 ноябрда қабул қилинган «Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағларини жалб этган ҳолда «Ўзбекистонда намунавий иссиқхоналарни барпо этиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барпо этилган мазкур иссиқхоналар замонавий технологиялар асосида сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда корейс ва ўзбек халқлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
    Мазкур қарорга мувофиқ Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ажратилган умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларилик грант ҳисобига Зангиота туманидаги Ўзбекистон Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида 1500 м2 бўлган кўчат етиштирувчи иссиқхона, Қибрай туманини Тошкент Давлат аграр университетининг илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станциясида ҳамда Юқоричирчиқ туманидаги Аҳмад Яссавий номли сув истеъмолчилари ҳудудида ҳар бирининг майдони 500 м2 бўлган 2 та иссиқхона барпо этилиб, гидропоника усулида кўчат ва помидор етиштириш йўлга қўйилди.
    Гидропоника (Гидропоника грекча сўз бўлиб «гидро» - сув, «ponos» -ишчи, яъни сувли иш эритмаси маъносини англатади) усулида қишлоқ хўжалик экинлари тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштирилади. Бундай шароитда ўсимликлар учун зарур бўлган барча мўътадил омиллар, жумладан, ҳаво ҳарорати, намлиги, иссиқлик, ёруғлик, карбонат ангидирид, тоза сув, макро ва микро озиқа элементлари билан таъминлаш сунъий равишда вужудга келтирилади. Натижада ўсимликларда фотосинтез жараёни фаоллашади ва кўплаб органик моддалар тўпланиб, жадал ўсиб-ривожланиши ва мўл ҳосил бериши таъминланади.
    Тошкент Давлат аграр университети илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станциясидаги замонавий иссиқхонада кундузи 26–27, кечаси 16–17 даража атрофида ҳарорат илиқ бўлиши таъминланади. Ҳозир иссиқхонада Голландия помидорининг «Rapito» F1 дурагайи ҳосили етиштирилмоқда. Оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларининг бир тупидан 2,5–3 килограммдан ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10–12 килограммгача етади.
   Умуман, иссиқхонада помидор кўчатлари уч ой ичида пишиб етилиб, 7–8 ой давомида узлуксиз ҳосил беради. Корея технологияси асосида помидор етиштиришнинг афзалликлари талайгина. Бу ерда тупроқ ва гўнгдан умуман фойдаланилмайди. Шунга қарамай, ўсимликларнинг сув ва минерал озиқа моддаларга бўлган талаби ўз вақтида таъминланади. Оддий иссиқхоналарга нисбатан сув 60–70, иссиқлик эса 25–30 фоизгача тежалади.
    Сабзавот экинларининг пишиб етилиши 20–30 кунга қисқариб, ҳосил олиш даври 50–60 кунга узаяди. Экинларнинг ҳосилдорлиги оддий иссиқхоналардагига нисбатан 2–2,5 баробар кўп бўлади. Томчилатиб суғориш тизими ёрдамида сув ва озуқа эритмалари ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етказилади. Тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, органик ва минерал ўғитлар билан бойитиш, суғориш учун эгатлар очиш, бегона ўтларга қарши кураш тадбирлари талаб қилинмайди.
     Иссиқхона технологиясининг экологик муҳитга умуман салбий таъсири йўқ. Тизим автоматик тарзда компьютерда бошқарилади. Иссиқхона каркас типидаги ярим айлана метал конструкцияли, тепа, ён томонлари махсус полиэтилен плёнка билан қопланган. Қуёш иссиқлиги, ҳаво ҳарорати ва намлигини назорат қилиш ҳамда тартибга солиб туриш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Туманлатгич ускунаси ва шамоллатиш тизими ўсимликлар бир маромда ривожланишига хизмат қилади. Тўр пардалар ташқаридан зарарли ҳашаротлар кирмаслигини таъминлайди.
  Иссиқхонага 15 минг туп помидор экилган. Барча агротехнологик жараёнлар гидропоника, яъни томчилатиб суғориш технологияси асосида амалга ошириляпти. Ҳозир помидор қийғос ҳосилга кирди. Ҳосил янги йил байрами арафасида пишиб етилади. Биз уни халқимиз дастурхонига нисбатан арзон баҳоларда етказиб беришни режалаштиряпмиз.
    Иссиқхона негизида университет талабалари ва ёш олимлари замонавий технологиялар асосида юқори ҳосил етиштириш услубларини ўрганиш имкониятига эга бўлишмоқда, замонавий кўникмаларни эгаллашмоқда. Шунингдек, бу ерда фермерларимиз учун ҳам ўқув курсларини ташкил этиш имконияти мавжуд. Буларнинг барчаси таълим ва ишлаб чиқаришни уйғун ривожлантириш, фан ютуқларини амалиёт ва ўқув жараёнига татбиқ этиш, тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий, интеграцион фаолиятларни амалга оширишда катта роль ўйнаши шубҳасиз.
   Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатларининг ўзаро дўстона алоқалари меваси ҳисобланган мазкур замонавий иссиқхона юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, халқимизни арзон нархдаги маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
     Б.Сулаймонов, М.Адилов, У.Норқулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech