Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Ноябр 2013 00:00
Қоракўлчиликда қишлов энг муҳим ва масъулиятли даврдир. Қишловни муваффақиятли ўтказишда нафақат қўйларни сон жиҳатдан беталофат сақланишини таъминлаш, балки уларнинг физиологик ҳолатига ҳам эътибор кучайтириш зарур. Айниқса, қишнинг қорли-қировли кунларида бўғоз совлиқларнинг физиологик ҳолатидан келиб чиқиб алоҳида парвариш шароитлари ташкил этишни талаб этади.
   Қишловга тайёргалик ишларида мустаҳкам озуқа захирасини яратиш муҳим ўрин тутади. Шу боис чорвадорларимиз кучли ва дағал озуқалардан етарлича жамғаришга катта эътибор қаратишлари керак. Бунда биринчи навбатда, ҳар бош қўй ҳисобига камида 150 кг дағал хашак ва 30 кг кучли озуқалар захираси яратилиши лозим. Бу захирадан об-ҳаво ноқулай кунларда қўйларни қўшимча озиқлантиришда фойдаланилади. Масалан, бўғоз ва семизлик даражаси ўртачадан паст жониворларнинг об-ҳаво кескин ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун уларни албатта қўшимча озиқлантириш мақсадга мувофиқ.
  Қишлов даврида қўйлар кечалари албатта усти ёпиқ қўраларда сақланиши, қўраларнинг устидан нам ўтмаслиги, таги эса қуруқ бўлиши лозим. Умуман, қишлов мавсумида қўйларни парваришлашда уларнинг ёши, ранги ва тана тузилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ёш моллар совуққа нисбатан чидамсиз бўлишини инобатга олиб, уларга тегишли шароит яратиш талаб этилади. Оч тусли (оқ, кўк, сур) ва нозик жуссали қўйлар тўқ тусли (қора) ҳамда мустаҳкам ва дағал жуссали қўйларга нисбатан иссиққа талабчан бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда, уларни алоҳида гуруҳларга ажратиб, тегишли шарт-шароитлар яратиш зарур.
   Қўйлар ҳаво ҳарорати бироз кўтарилган кунлари яйловга ҳайдалиши ва яйлов маҳсулдорлиги ҳамда яйловда боқиш давомийлигига боғлиқ ҳолда шароитдан келиб чиқиб, зарур ҳолларда уларни 1,2–1,3 кг қуруқ озуқалар (75 % майдаланган дағал хашак, 25 % кучли озуқалар) аралашмаси ҳисобида қўшимча озиқлантириш лозим. Қўшимча озиқлантиришда асосан дағал озуқалардан фойдаланилади. Шувоқ, янтоқ ва каррак пичанлари, сомон ва бошқа дағал озуқаларнинг ейилувчанлик даражаси 40–50 фоиздан ошмаган ҳолда, тўйимлилиги ҳам паст бўлади. Масалан, янтоқннинг таркибида протеин миқдори унинг вегетация даврида 18,2 фоизни ташкил қилса, қиш мавсумида жамғарилган пичанида бу кўрсаткич 8,5 фоизни ташкил этади. Каррак таркибида бу кўрсаткич 18 фоиздан 3,6 фоизгача камайиши аниқланган.
   Мутаносиб равишда уларнинг озуқавий қуввати (озуқа бирлиги) ҳам камаяди. Масалан, вегетация мавсумида карракнинг 100 кг пичани таркибида 36,3 озуқа бирлиги, жумладан, 4,7 кг ҳазмланувчан протеин бўлса, қиш мавсумида бу кўрсаткичлар мос равишда 27,8 озиқа бирлиги ва 1,8 кг ҳазмланувчи протеинни ташкил қилиши аниқланган. Бундай ҳолатлар шувоқ ва янтоқ пичанларида ҳам қайд этилган. Шу сабабли қиш мавсумида дағал озуқаларга қайта ишлов бериш тавсия этилади.
   Дағал озуқаларнинг ейилувчанлигини ошириш учун уларга механик, кимёвий ва биологик усулларда ишлов бериш мумкин. Бунда уларни 1–1,5 см узунликда майдалаб, қўйларга беришдан олдин тузли сув билан 2–3 м2 ҳажмли идишда юмшатиш самаралидир (1 л сувга 10–15 г туз қўшилади). Шунингдек, дағал озуқалар 1 см узунликда майдаланиб, 1:1 нисбатда намланади ва махсус идишларда буғлатилади, ўз-ўзидан қиздирилади. Натижада дағал озуқаларнинг таъми яхшалиниб, ейилувчанлиги ортади. Кимёвий ишлов беришда сўндирилган оҳак ёки каустик сода эритмаларидан фойдаланилади. Бунда дағал озуқаларга 1,5–2 фоизли сўндирилган оҳак эритмаси ёки 1,5–2 фоизли каустик сода эритмаси билан ишлов берилганда уларнинг ейилувчанлиги 20–25 фоизга ортади. Айниқса, бу усул сомоннинг ейилувчанлигини 1,5–2 маротабагача ошириш имконини беради.
  Қоракўл қўйлар совуққа чидамлироқ, лекин намлик ва шамолга чидамсиз бўлади. Шунинг учун уларни пастлик яйловларда, баландликдаги яйловларнинг эса жанубий томонида ҳамда бутазорларда боқиш лозим. Ҳаво ҳарорати паст, шамолли ва ёғингарчилик бўлган пайтларда танасини иситиш зарурияти кучайиши ҳисобига қўйлар тирик вазни 10–20 фоизга пасайиши мумкин. Қиш пайтида айниқса, қор қоплами борлигида асосий озуқа – шувоқ ва бошқа пояли ўсимликлар, бўта, ярим бута ўсимликлар ҳисобланади.
    Қоракўл қўйлар, айниқса, қўзилар паст ҳароратда, музлаган озуқа ва ўта совуқ сувдан касаллика чалинади. Бу вазиятда бўғоз совлиқлар бола ташлаши, нимжон қўзилар нобуд бўлиши мумкин. Шунинг учун қўйларни ҳар куни қудуқдан тортиб олинган, илиқ сув билан суғориш лозим. Бўғоз совлиқларни қиров тушган ва музлаган яйловларда боқмаслик тавсия этилади. Бўғоз совлиқларнинг озуқага бўлган талаби 35–40 % ошишини ҳисобга олиб қўшимча озиқлантириш ҳамда ориқлашига йўл қўймаслик зарур. Бу даврда ҳомила она қўйдан озуқа моддаларининг ўтиши энг жадал чўққига чиқади ва шу даврда совлиқларнинг озуқага бўлган талабини тўла қондириш тавсия этилади. Акс ҳолда бола ташлаш, кейинчалик сут маҳсулдорлигининг кескин пасайиши оқибатида қўзиларни сақлаб қолишда муаммоли ҳолатлар юзага келади.
   Айниқса, бўғоз қўйларни озиқлантириш ва асрашнинг охирги 45 кунида ҳомиласининг жадал ўсишини ҳисобга олиш лозим. Бу даврда қўйлар кечалари албатта усти ёпиқ қўраларда сақланиши, қўраларнинг устидан нам ўтмаслиги, таги эса қуруқ бўлиши лозим. Совуқ пайтда қўйларга озуқа қолдиқларини тўшама қилиб ёйиш талаб этилади. Шунингдек, қўйларни озиқлантиришни доимий назорат қилиш, зарур бўлганда 1,2–1,3 кг қуруқ озуқалар 75 % майдаланган дағал хашак, 25 фоиз кучли озуқалар аралашмаси ҳисобида қўшимча озиқлантириш зарур. Қаттиқ совуқ пайтда қўйларни яйловга ҳайдамай қўлдан озиқлантириш, қудуқдан янги тортилган илиқроқ сув билан суғориш лозим.
   Қиш даврида яйловда шўр озуқалар йўқлиги учун қўйларнинг тузга бўлган талаби 2–3 марта ортади. Шунинг учун охурларга ҳар бош қўйга 5 г ҳисобидан ялама туз қўйиш лозим. Бунда, айниқса, бўғоз совлиқларни озуқалантиришда тегишли озуқа қўшимчалари қўшилса айни муддаодир. Шу билан бирга, қўйларни узулуксиз равишда кузатиб бориб, носоғлом қўйларни ўз вақтида даволаш чораларини кўриш лозим. Юқоридаги омилларга етарли аҳамият бериш, қишловнинг беталафоат ўтиши, чорва моллари бош сони ва маҳсулдорлик кўрсаткичларининг ўсиши ҳамда сифатини т оширади.
       Ш. Аллаяров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech