Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2013 00:00
Фермер хўжаликлари пахта майдонларини кимёвий препаратлар билан дефолиация қилишда вентиляторли ОВХ-600, ОВХ-28, VP-1, штангали ОШУ-50, ОПШХ-12/5 ҳамда М-1600 пневматик қувурли пуркагичлардан фойдаланишади.
   Пуркагичлар қуйидаги агротехник талабларни қондириши зарур:
     -эритманинг агрегат қамров кенглиги бўйича бир текис тақсимланиши;
  -ғўза тупларига пуркалаётган эритма заррачаларининг майдалик даражаси (дисперслиги);
   -ғўза барглари сиртининг эритма билан қопланиш даражаси (бир квадрат сантиметр юзага тўғри келадиган томчилар сони 25 донадан ортиқ);
   - пахта терими олдидан ғўза баргларининг тўкилиш даражаси энг камида 85-90%.
   Мазкур талаблар бажарилиши учун энг аввало, ғўза туплари ётиб қолган ёки кучли ғовлаган бўлмаслиги зарур; дала ичидаги ўқариқлар, унинг боши ва охиридаги агрегат қайриладиган майдончалардаги суғориш эгатлари текисланган бўлиши керак.
   Қайрилиш майдончаларининг кенглиги энг камида 3,5 метр бўлиши шарт.
    Вентиляторли пуркагичларни ишга тайёрлаш тартиблари:
  -пуркагичлар техник жиҳатдан соз бўлган пахтачилик чопиқ тракторларининг бирига осилади;
    -ҳамма ғилдиракларга ҳимоя шчитоклари ўрнатилади;
   -насос, редуктор ва монометрдаги мой сатҳи текширилади;
   -Манометр корпуси ичида эритма бўлишига йўл қўйилмайди;
 -барча бирикмалар маҳкамланиб; резина шланглардан эритма томчиламасдан, ҳаво сўрилмаслиги керак;
  -вентилятор паррагини айлантирувчи ва кожухини тебратувчи механизмлар текширилади;
  -Вентилятор кожухидаги тешик ва ёриқлар ямалиши шарт;
  -Трактор осиш механизмининг марказий тортқиси ёрдамида вентилятор ўқининг тик ҳолатидан орқага (трактор ҳаракатига тескари томонга) қияланиш бурчаги 10–12 градусга тенг бўлсин (ғўза туплари вентилятор соплосидан чиқаётган юқори босимли ҳаво ёрдамида тебраниб туради, эритма баргларнинг орқа томонларига ҳам сепилади);
  -вентиляторнинг пастки қирраси ва ер сатҳи орасидаги масофа 1,2–2 метр орасида ростланадиган бўлсин;
  -суюқлик тўзитгичларни соплонинг ўртасига тик ҳолатда ўрнатилган қувурдаги резьбали тешикларга қўлда қотиринг (калит билан маҳкамланса резьбалар едирилади); Барча тўзитгич юзалари қувурга параллел (тешиклар ён томонларга қараган) бўлсин.
  -регуляторни трактор кабинасининг ўнг томонига шундай ўрнатингки, бунда унинг дастагини қўлда бураш қулай бўлсин ва монометр шкаласи тракторчига яққол кўриниб турсин. Дастак соат стрелкаси йўналишида буралса, системадаги босим ва эритма сарфи ошади, тескарисига буралса, камаяди. Пуркагичнинг ҳамма қисмлари соз ва тўғри ростланган бўлса системадаги суюқлик босими 2-4 атм. чегарасидан чиқмайди. Штангали пуркагични ишга тайёрлаш тартиблари:
  -ғўза дефолиациясида эритма ҳайдаш қувурларига конус шаклидаги тўзитгичлари бўлган Conejet русумидаги соплоларни ўрнатинг;
  -Соплоларни вертикалга нисбатан 45 градус қияликда ростланг.
 -бакка ярим қилиб сув тўлдиринг, регуляторни 2 атм. босимга ростланг, насосни ишлатинг ва ҳамма соплолардан сув бир хилда пуркалишини текширинг (иш пайтида эритма ортиқча сарфланмайди, етарли босим ҳосил этилади); Кўп сув пуркаётган соплоларни алмаштиринг.
  -штанганинг четки секцияларини тортиб турувчи трослар таранглиги шундай ростлансинки, бунда секциялар рамалари ер сатҳига нисбатан параллел ҳолатда бўлсин (шохлар шикастланмайди, ғўзанинг ҳаммаси агрегатнинг қамров кенглиги чегарасида сифатли дефолиацияланади) . Вентиляторли пуркагичларни ишлатиш тартиблари:
  -Пуркагичнинг остки қисмини юмшоқ мато ёки қоп билан ўрамасдан дефолиацияни бошлашга рухсат этилмайди.
  -агрегатнинг ишчи тезлиги – ғўзаси паст бўйли ва сийрак майдонларда: 6,3-7,5 км/соат, ғўзаси баланд ва қалин майдонларда: 5,3–6,5 км/соат.
  -агрегат тезлиги ҳар бир даладаги ғўзанинг ривожига қараб индивидуал равишда танлансин.
   -Вентилятор соплосининг тебраниш амплитудасини ғўзанинг ривожига қараб ростланг: паст бўйли ғўза майдонлари учун 1800, ўртача бўйли ғўза майдонлари учун 1600, баланд бўйли ғўза майдонлари учун 1400 ;
    -дефолиация жараёнида вентиляторнинг пастки қирраси ва ғўза туплари орасидаги масофа 0,8–1 метр бўлсин;
   -тўзитгич қопқоқлари унинг корпусига конуси ичкарига қараган ҳолатда маҳкамланганда суюқлик кам сарфланади ва майда томчилар шаклида пуркалади;
   -қопқоқлар конуси ташқарига қараган ҳолатда маҳкамланса суюқлик сарфи ортади ва йирикроқ пуркалади;
   -монометр стрелкаси 1 атмосферадан паст босимни кўрсатганда фильтр ифлосланган, насос бузилган ёки баклар бўшаган бўлади;
  -Агрегатни бакларда эритма тамом бўлгунча ишлатиш асло мумкин эмас - насос тез ишдан чиқади. Тўзитгичларни сим билан тозалаш ман этилади! Штангали пуркагични ишлатиш тартиблари:
   -ҳаво қувурининг пастки қисми билан ғўза туплари орасидаги масофани қуйидагича танланг: ғўзаси сийрак ва паст бўйли майдонлар учун – 100 см; ғўзаси қалин ва ўртача бўйли майдонлар учун – 70 см;
   -ғўза тупларининг ривожланиш ҳолатига қараб эритманинг пуркалиш (қамров) кенглигини 12 ёки 15 метр атрофида ўрнатинг;
  -даланинг охирига етганда штанганинг чап ва ўнг секциялари йиғилсин.
   Пироварида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, пуркагичларни гуруҳ ҳолида ишлатиш катта самара беради: агрегатларни ёнилғи билан таъминлаш ва техник хизмат кўрсатишга кам вақт сарфланади, агрегатлар устидан умумий назорат ўрнатилгани боис иш сифати ортади, дефолиация қатнашчиларига яхши маиший хизмат кўрсатилади ҳамда меҳнат унумдорлигининг ўсиши таъминланади.
   Битта дефолиациялаш гуруҳига энг камида тўртта вентиляторли ёки штангали пуркагич, битта ёнилғи билан таъминлаш воситаси, пайвандлаш агрегати билан жиҳозланган битта кўчма устахона бириктирилади. Битта вентиляторли пуркагич учун 5000, битта штангали пуркагич учун эса 2000 литрли цистерна ўрнатилган насосли трактор тиркамаси ажратилади. Шунда ҳар бир пуркагич агрегати бир кунга етадиган дефолиант эритмаси билан таъминланади.
      М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech