Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Июл 2013 00:00
Мамлакатимизда пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда навдорлиги юқори ҳамда сифатли уруғлик чигити билан узлуксиз ва етарли даражада таъминлаб бориш мақсадида, уруғлик пахта учун экилган майдонларда ҳар йили апробация (танлов) ўтказилади.
  Бу йилги мураккаб, сув танқислиги сезилаётган бир шароитда апробацияни минтақалар турли тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, 5 августдан 20 августгача ўтказиш тавсия этилади.
  Апробация учун иқлимлаштирилган ғўза навларининг биринчи, иккинчи, учинчи ҳамда агар уруғлик чигит тайёрлаш режаси учун чигит етмай қолиш масаласи келиб чиққудек бўлса, ундай ҳолда тўртинчи авлодли уруғлик майдонлари ҳам танлаб олинади. Шунингдек, янги ғўза навлари экилган барча уруғлик майдонлари ҳам апробацияга тортилади.
   Республикамизда жорий йилда тендерда ғолиб, деб топилган 3203 та фермер хўжаликларининг 146386 гектар уруғлик учун экилган пахта майдонларида апробация ўтказилиши мўлжалланмоқда. Дала апробацияси натижасида навларнинг элита ҳамда авлодли уруғлик чигит экилган майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, жумладан, уруғлик пахта миқдори ва ундан чиқиши кутилаётган уруғлик чигит миқдори ҳам аниқланади.
   Апробация режаси ҳамда унинг умумий майдонлари барча вилоятларда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланиб, ялпи пахта терими ҳосили бошлангунча Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналар, вилоятлар ғўза уруғчилиги бирлашмалари ва «Давуруғназоратмарказ»ларига етказилади.
   Агроном-апробаторлар уруғлик пахта етиштиришда энг яхши, серҳосил, навдорлиги юқори далаларни танлаб олиш учун апробация вақтида қуйидагиларга эътибор беришлари зарур:
   I. Барча фермер хўжаликларида экилган ҳамда сарфланган уруғлик чигит тўғрисидаги ҳужжатларнинг мавжудлиги, шу ҳужжатлар бўйича мавжуд селекцион нав, репродукцияси ҳамда навдорлиги ҳақидаги маълумотлар апробация режаси билан таққосланиб, ўзаро мос келиши, қайта экиш ёки оласига экилган бўлса, улар учун сарфланган уруғлик чигит миқдори ҳам ҳисобга олинади, агар ғўза нави, репродукцияси ёки навдорлиги орасида фарқ бўлса, бу ҳақда дарҳол катта апробаторга хабар берилади.
    II. Уруғлик тайёрлашга яроқсиз далалар бракка чиқарилади ва аксинча, яхши, тоза далаларни танлаш учун апробация қилинадиган барча далалар тўлиқ кўриб чиқилади. Бошқа нав чигити ёки шу навнинг бошқа репродукцияси экилган ҳамда жуда қуриб қолган дала, кам ҳосилли ва зараркунанда ҳамда касалликлар билан кучли зарарланган ўсимликлар яроқсизга чиқарилади.
  III. Барча апробация қилинган майдонларда (кам ҳосилли, чанқатиб қўйилган, навдорлиги пастлиги сабабли уруғлик тайёрлашга яроқсиз, деб топилган майдонлардан ташқари) ғўзаларнинг вертициллёз ёки фузариоз вилт ва гоммоз билан зарарланганлик даражаси аниқланади.
  1.Гоммоз билан зарарланиш ўсимликларнинг қайси органи зарарланганлигидан қатъий назар, умумий зарарланиш ҳамда мева элементларининг (кўсак, гул-мева, кўсак банди) зарарланганлиги алоҳида-алоҳида фоиз ҳисобида аниқланади.
    2. Ғўзанинг гоммоз билан зарарланганлик даражаси қуйидаги усулда аниқланади: а) элита ва биринчи репродукцияли уруғлик экилган майдонларда вилт ва гоммоз билан зарарланганлик шахмат усулида намуналар олиш йўли билан аниқланади. Бунинг учун бир гектардаги 10 туп ўсимликдан иборат 10та намуна олинади. б) иккинчи ва ундан кейинги репродукциялар экилган майдонларнинг ҳар бир гектаридан 10 та ўсимликдан иборат битта намуна олинади.
   3. Ғўзаларнинг вилт, гоммоз ва бошқа касалликлар билан зарарланиш даражаси намунадаги барча ўсимликларда ҳисобга олинади. Мева элементларининг гоммоз билан зарарланиш даражаси ҳар қайси намунадаги охирги икки туп ўсимликдаги соғлом ва зарарланган мева элементларини (кўсаклар, мева банди ва гул ёнлиги) санаб чиқиш йўли билан аниқланади.
   4. Ғўзаларнинг вертициллёз, фузариоз вилт ва гоммоз касалликларидан қай даражада зарарланганлигига қараб, апробация ўтказиладиган далалар икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳга вертициллёз вилт ва гоммоз билан 5 фоизгача зарарланган далалар киритилади. Ушбу гуруҳга киритилган далалардаги ғўзаларнинг фузариоз вилт ва мева элементларнинг зарарланганлиги киритилмайди; иккинчи гуруҳга ғўза вертициллёз вилт билан 5–15 фоизгача, фузариоз вилт билан 3 фоизгача, гоммоз билан эса 5–10 фоизгача ва мева элементлари 1 фоизгача зарарланган далалар киритилади. ғўзанинг илдиз чириш касаллиги билан зарарланган майдонларни бирор гуруҳга киритишни ҳар йили Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги белгилаб беради.    Сўнгги йилларда илдиз чириш касаллиги билан зарарланган майдонлар уруғлик тайёрлашдан чиқариб юборилмоқда.
   IV. Мўлжалланган ялпи ва уруғлик пахта ҳосили барча элементларини, жумладан бир гектардаги ўсимликлар сонини, бир тупдаги кўсакларнинг ўртача сонини, битта кўсак пахтасининг вазнини ҳисоблаб чиқиш билан аниқланади. Мўлжалланган ҳосил ҳар бир дала бўйича алоҳида аниқланади.
    Бунинг учун мазкур даланинг турли қисмидаги ҳар 10 метридаги ғўзалар ва улардаги кўсаклар санаб чиқилади. Намуналар дала диагонали бўйлаб, бир бурчагидан иккинчи бурчагигача, ҳар 100 қатордан кейин олинади. Ҳар бир намунада 10 метр оралиқдаги ўсимликлар ва улардаги кўсаклар сони санаб чиқилади.
  Сўнг кўсакларнинг умумий сони ўсимликлар сонига бўлинса, намуналардаги ҳар бир ўсимликка ўртача нечта кўсак тўғри келиши топилади. Намуналардаги ўсимликлар ва кўсаклар сони аниқлангандан кейин муайян даланинг ҳар гектаридаги ўсимликлар ва кейин кўсакларнинг ўртача сони ҳисоблаб чиқарилади.
    V. Fўзанинг навдорлиги апробация қилувчи агроном томонидан фермер хўжаликларида ҳар бир нав ва репродукциялар бўйича алоҳида ажратилган участкаларда аниқланади. Ажратиб қўйилган ҳар қайси даланинг энг типик қисмидан бир-биридан камида 20 метр узоқликда жойлашган, ғўзалари бир хил ривожланган икки қатор танлаб олинади ва ҳар қайси қатордан 100 туп бир хил ривожланган ғўзаларни кўриб чиқади ҳамда ҳар бир туп ғўзанинг навга хос эканлигини аниқлайди.
   Бунда касалланган ҳамда айришох ғўзалар ҳисобдан чиқариб юборилади. ғўза навининг навдорлигини аниқлаш учун ажратилган майдонларда ғўзалар чеканка қилинмайди.
  Ғўзаларнинг навдорлигини аниқлашда ғўзанинг морфологик белгиларига:
  - ғўза баргининг катта-кичиклиги, шакли, ранги;
 - бош поянинг баландлиги, ранги, туклилиги;
 - ҳосил шохининг типи ва ўсимлик тупининг шакли;
 -кўсакларниг катта-кичиклиги, шакли, юзасининг силлиқлиги, тумшуқчасининг шакли;
 -ингичка толали ғўза навларида юқорида кўрсатилган белгилардан ташқари, гултожибаргининг ранги ва ундаги антоциан доғнинг бўлиши ҳам ҳисобга олинади.
    Апробация қилинадиган навга хос ғўзалар ва навга хос бўлмаган ҳамда мевасиз ўсимликларнинг сони аниқланиб, ҳар қайси қаторнинг навдорлик фоизи, яъни апробация қилинадиган нав учун хос бўлган ғўзаларнинг қаторда кўриб чиқилган барча ўсимликларнинг умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида аниқланади. Икки қатордан олинган ўртача арифметик сон мазкур дала бўйича навдорлик даражасини беради.
  Аниқланган навдорлик даражасининг тўғрилигини текшириб кўриш учун олинган икки қаторнинг (намунанинг) навдорлик фоизлари бир-бири билан солиштирилади.
  Агар навдорлик 95–100 фоиз бўлса, ҳар иккала кўрсаткич орасидаги фарқ 1 фоиздан, навдорлик 90–94 фоиз бўлганда 2 фоиздан, навдорлик 90 фоиздан паст бўлганда 4 фоиздан ортиқ бўлса ўша қаторларнинг ўзидаги ғўзалар навдорлиги қайта ҳисобланади.
   VI. Апробация натижалари апробация далолатномаларини тузиш билан расмийлаштирилади. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, пахта тозалаш корхоналари ва пахта уруғчилиги лабораториялари дала апробацияси тўғрисида тузилган далолатномалар (1, 2, 3-шакллар) асосида апробация натижалари ҳақида ҳисобот тузадилар ва апробация тамом бўлгандан кейин 3 кун ичида шу ҳисоботни вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига тақдим этадилар.
   Вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари «Вилоятуруғназорат-марказ», ғўза уруғчилиги ва «Пахтасаноат» ҳудудий бирлашмалари билан биргаликда дала апробацияси натижасига кўра, уруғлик тайёрлашнинг дастлабки режасига мувофиқ пахта тозалаш корхоналарига уруғлик пахта ва чигит тайёрлаш режасини ғўза навлари ва репродукциялари бўйича тайёрлайди.
  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги дала апробацияси натижалари асосида ҳамда «Ўздавуруғназоратмарказ»нинг дала-грунт назорати лабораториясидан олинган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, апробация қилинган ғўзаларнинг навдорлик даражасини тасдиқлайди ва «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан биргаликда уруғлик пахта ва чигит режасини белгилайди.
  Бу режа 1 сентябрдан кечиктирмай ғўза навлари ҳамда репродукциялари бўйича белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, барча вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, ҳудудий «Пахтасаноат» корхоналари ва ғўза уруғчилиги бирлашмаларига етказилади. Улар ўз навбатида ҳар бир туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, пахта тозалаш корхоналари ва уларнинг пахта уруғчилиги лабораториялари, пахта қабул қилиш масканлари ҳамда фермер хўжаликларига пахта тайёрлаш режасини етказадилар.
    А.Аширқулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech