Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Июл 2013 00:00
Ўрмон – бу яшиллик олами. У неча минг йиллардан буён инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Бугунги кунда ўрмонларнинг аҳамияти янада ошди. Шу боис мамлакатимизда ўрмонзорлар сарҳадларини кенгайтириш, халқ хўжалиги, саноат, тиббиёт ва бошқа соҳаларга керакли маҳсулотлар етказиб бериш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
   Иқлим шароитлари ўзига хослиги билан бошқа минтақалардаги ўрмонлардан ажралиб турувчи ўрмонларимиз, айниқса, тоғли ҳудудлардаги арчазорлар ва ёнғоқзорлар, мевали дарахтзорлар, қумлик майдонлардаги саксовулзорлар, дарё бўйларидаги тўқайзорлар нафақат инсонга моддий неъмат берувчи, балки уни турли табиий офатлардан муҳофаза этиш воситаси ҳамдир. Масалан, тупроқ кўчиши ва тошқин юз беришидан, қуёш радиациясидан сақланишда, ҳимояланишда муҳим омилдир.
      Одамзот табиатни қанчалик севмасин, уни эъзозлаб асрамасин, баъзан ўзидан ҳам фавқулодда озор чекади. Масалан, курраи заминимизнинг турли минтақаларида ўрмонларга чақмоқ сабабли яшин тушиши ёки иқлимнинг ниҳоятда қурғоқчилиги туфайли ўрмонларда ёнғинлар келиб чиқаётганлиги кузатилмоқда. Ўрмон ёнғинлари табиатдан хаво ва тупроқнинг намлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир.
    Маълумотларга қараганда, АҚШнинг Калифорния штатида ҳар йили 440 дан ортиқ ўрмон ёнғинлари чақмоқлар таъсирида юзага келмоқда. Ушбу ҳудуддаги доимий олиб борилган кузатувларда қуйидагилар маълум бўлди: 60 фоиз ҳаво намлик даражасида ўрмон ёнғини юзага келмайди. Бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этганда ёнғин камдан кам ҳолларда учрайди, 40 % бўлганда ёнғин чиқиш эҳтимоли ортади. 30 % намлик даражасида ёнғин чиқиши жуда хафли тус олади, 25 % намликда ёппасига ёнғин чиқиш хавфи кучаяди.
    Тупроқ қатламининг намлик даражаси 25 фоиздан юқори ҳолатда ёнғин чиқмайди, 17–25 фоизда ёнғин чиқиши жуда кам кузатилади, 10–17 фоизда осон ёнғин чиқиш хавфи кузатилади, 10 фоиздан паст ҳолатда хавфли даражада ёнғин чиқади.
    Ўзбекистоннинг қуруқ ва иссиқ иқлим минтақасида жойлашганлигини инобатга олсак, ёнғин хавфи инсон ва табиат учун нақадар хавфли эканлигини кузатиш мумкин. Афсуски, бу хавф-хатарни кўпчилик ўрмонларга сайру саёҳат қилиш иштиёқмандлари, овчилик ишқибозлари унутиб қўйишади. Улар ёққан гулхан ёки сигарета қолдиғи арзимаган вақт ичида катта алангага айланиб, дарахтлар, тўқайзорларни барбод қилишини хаёлларига ҳам келтиришмайди.
  Баъзан одамларнинг эътиборсизлиги ҳамда эҳтиётсизлиги оқибатида ўрмонзорлар, яйловзорларда ёнғин чиқиб, мавжуд наботот ва ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ўрмон ёнғини келиб чиқиши табиат ва инсониятга жуда катта зарар келтириши барчамизга маълум. Бунда фақат ўрмоннинг гўзаллигига доғ тушибгина қолмасдан, балки ундан ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайиши, тупроқ таркибининг бузилиши, фойдали ҳашарот ва микроорганизмларнинг йўқолиб кетишига олиб келади.
    Олимларнинг таъкидлашича, дунё бўйича ҳар йили ўрмонлар ёнғини оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ органик модда йўқ бўлиб кетади. Ўрмонларимизни ёнғиндан асраш бугунги куннинг энг долзарб муаммоли масалаларидан бирига айланган.
  Ана шу масалаларни ҳал этиш мақсадларида кўпгина ўрмон хўжаликлари ва қўриқхоналаримизда кўнгилли ўт ўчириш гуруҳлари, навбатчилик қисмлари ташкил этилган. Улар ёнғин ўчиришга зарур мосламалар, асбоб-ускуналар билан таъминланган, ўрмон ҳудудлари ёки уларга яқин жойларда сув ҳовузлари ташкил этилган, хўжалик ва қўриқхоналар, миллий боғ ҳудудлари сув узатиш насосларига, тракторлар ва автомашиналарга эга.
   Бундан ташқари Ёнғин хафсизлиги қоидалари тарғиботига оид турли плакатлар ва кўргазмали паннолардан фойдаланилади. Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш борасида 2013 йил давомида 173,5 км узунликдаги ёнғинга қарши йўллар, 58 км узунликдаги ҳимоя линиялари, 302 км минераллашган поласалар қурилиб, 1704 км узунликдаги йўллар таъмирланади.
    Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари билан хўжаликлар ўрмончилари-қўриқчиларининг ҳамкорлиги умумий мақсад йўлидаги вазифани адо этишда қўл келмоқда Халқимизга бебаҳо табиий неъматлар етказиб берувчи ўрмончиларимиз ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини ёнғин офатларидан асраш юзасидан жуда кўп ишларни амалга оширишлари керак.
  Хўжаликлар маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда жойларда ёнғин хавфсизлиги таъминлашлари, мактаб ўқувчилари ва ишчи-хизматчиларнинг бу борадаги иштирокини кенг йўлга қўйишлари лозим. Ўрмонларимиз бойликлар макони. Шундай экан, уларни келажак авлодларга ҳам етказиш муқаддас бурчимиздир.
     М.Якубов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech