Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Об-ҳаво ўзига хос ўзгарувчан келаётган шароитда чигит бир текис униб чиққан майдонларда агротехника тадбирларини ўтказишда қуйидаги бир қатор тавсияларга амал қилишни тавсия қиламиз: Кўчат сийрак униб чиққан далаларни бузиб қайта экиш зарурияти туғилганда, албатта, аввалги ғўза навининг чигити экилиши керак. Акс ҳолда навлар аралашмаси келиб чиқиб, навнинг навдорлиги пасайиб кетади. Супер элита, элита ва бирламчи уруғлик чигитлари кўпайтирилаётган далалар бузиб экилганда ўша навнинг белгиланган авлодли уруғлик чигитлари экилиши керак.
   Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, механик таркиби ўрта ва оғир тупроқларда кучли ёққан ёмғирдан кейин қатқалоқ ҳосил бўлиб, илдизи яхши ривожланмаган ниҳолларни ўсишдан тўхтатади ва касаллантириб, нобуд бўлишига олиб келади. Бунинг олдини олиш учун тупроқнинг юза қисмини 1–2 кун ичида юмшатиш ва қатқалоқни бартараф этиш керак. Бунда ниҳоллар униб чиқмаган майдонларда ротацион мотигалар, яъни РОР билан эрталаб ва кечки пайтларда ишлов берилади.
   Ниҳоллар униб чиққан майдонларда ишлов бериш учун культиваторлар шай қилиб қўйилиши зарур. Тўлиқ кўчат олинган майдонларда ниҳолларнинг ривожланишини тезлаштириш мақсадида қатор ораларига ишлов бериб, озиқлантириш лозим.
    Fўза қатор ораларига биринчи ишлов сифатли ўтказилса, тупроқ майин, донадор ҳолатга келиб, тупроқдаги намлик узоқ вақт сақланиб, ниҳоллар баравж ривожланади. Қатор ораларига ишлов беришда культиватор ишчи органлари сонига эътибор бериш керак. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда 5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 20 та наральник, ўт кучли босган далаларда 20 та наральник ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, жами иш органи камида 33 та бўлиши, қатор ораси 90 см бўлганда 5 та ғозпанжа, 32–34 та ККО, бегона ўт тарқалган майдонда 8 та пичоқ, 24–26 та наральник, жами 37–39 та иш органи ўрнатилиши лозим.
   ЎзМЭИ маълумотларига кўра, кенглиги 60 см бўлган қатор ораларига ишлов беришда қамров кенглиги 150 мм бўлган КД 924, кенглиги 90 см бўлган қатор ораларига ишлов беришда эса қамров кенглиги 250 мм бўлган КРХ-19 ғозпанжалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
   1 ва 2-культивацияларда ярим ғозпанжалар ғўза қатор ораларидан 12–15 см узоқликда, 14–16 см чуқурликда юрадиган қилиб ўрнатилади. Қатор орасига ўрнатиладиган ғозпанжанинг чуқурлиги эса 18–20 см бўлиши лозим. Кейинги ишловларда ярим ғозпанжалар ғўза қаторларидан камида 15 см узоқликда қўйилиши, ишлов чуқурлиги 10–12 см бўлиши керак. Сизот сувлари яқин, тупроқ намлиги юқори бўладиган ҳудудларда, механик таркиби оғир тупроқли тоғолди минтақаларда ниҳоллар тўлиқ ўсиб-ривожланишини тезлатиш учун культивацияни имкон қадар вақтли бошлаш, зах, ортиқча намни йўқотиш имконини беради.
  Культивация билан бирга эгат олинса, намлик тезроқ кўтарилади, илдиз чиришига йўл қўйилмайди. Биринчи ишлов ғўза ниҳолларининг 75–80 фоизи униб чиқиб, қатори кўрингандан бошланса, униб чиқмаган 20–25 % ниҳоллар тезда униб чиқади. Тупроқ майин, донадор бўлиб, ўсимлик илдизи яхши ривожланади. Бу эса ўз навбатида гоммоз, илдиз чириш касалликларининг олдини олиб, ғўзанинг дуркун ўсиб-ривожланишини таъминлайди.
   Биринчи ишлов беришда, культиваторга (тупроқ юзаси қатқалоқ бўлса) ротацион юлдузча, пичоқлар ва чуқур юмшатиш панжаларини ўзаро мос ҳолда жойлаштириш керак. Бунда, юлдузчалар 3–5, ўртадаги органлари 12–14, чеккадагилари эса 6–8 см чуқурликка мослаб ўрнатилади.
  Механик таркиби енгил, қумоқ, қумли тупроқлар ва механик таркиби ўртача бўлган ўтлоқи-соз тупроқлар шароитида биринчи культиваторнинг четки ишчи органлари 6–8, иккинчи жуфт органлар 8–10, учинчи жуфт органлар 10–12, ўртадагилари эса 60 см қатор оралиғида 13–14, 90 см қатор оралиғида 15–16 см чуқурликка мослаб ўрнатилади.
   Механик таркиби оғир, сув ўтказиш хусусияти паст, сув яхши шимилмайдиган тупроқларда қатор оралари 60 см бўлганда ўртадаги ишчи органлари 15–16, 90 см қатор оралиғида 16–18 см чуқурликка мослаб ўрнатилиши керак. Бунда 60 см қатор оралиғида ўсимликдан ҳар икки томондан 5–7 см ҳимоя ҳудуди қолдирилиб, 45–50 см кенгликда, 90 см қатор оралиғида эса 75–80 см кенгликда ишлов берилади.
   Шуни ҳам унутмаслик керакки, биринчи ва иккинчи культивация вақтида ҳимоя майдонини юмшатиш мақсадида культиваторга РОР русумли айланувчи юлдузчалар ўрнатилади. Улар одатда ўсимлик тупидан 3–5 см узоқликда, 3–5 см чуқурликда ишлов берадиган қилиб ўрнатилиши керак.
  Қўшқаторлаб чигит экилган майдонларда, биринчи культивация кўшқатор орасини (тор қаторларга) бегона ўтлар билан зарарланишини камайтириш ва ҳосил бўлган қатқалоқни юмшатиш учун бир дона ККО ёки кичик лапка билан 5–6 см ва икки дона РОР юлдузчаси 3–5 см чуқурликка ишлов берилади. Кейинги культивацияларда тор қаторлар орасига ишлов берилмайди. Қўшқаторлар оралиғи 25–30 (40) см қилиб экилса, биринчи ишлов беришдан сўнг қўшқаторлар оралиғига чуқур ишлов берилиши тупроқни юмшатади, натижада ўсув даври охиригача тупроқ зичлашмайди, ғўзанинг ўсиб-ривожланишини яхшилайди.
   Яганалаш – мўл ҳосил гарови. Чигит тўлиқ ундириб олингандан сўнг далаларнинг тупроқ шароити ва ғўза навини инобатга олган ҳолда яганалашга киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати ғўза 1–2 чинбарг чиқарган пайтда ўтказишдир. Бу тадбир 3–5 кун кечиктириб ўтказилганда ҳосилдорлик 2–3, 4–5 чинбарг чиқарганда тугатилганда эса 4–5 ц/га. гача камаяди. Бундан ташқари, яганалаш кеч ўтказилса, ниҳолларнинг илдизи бир-бири билан чирмашиб кетиши туфайли қолдирилган ниҳоллар илдизи ҳам шикастланади. Бу ниҳолларнинг ривожини 8–10 кун кечиктиради.
   Яганалаш сифатсиз ўтказилганда кўчат қалинлиги юқори бўлади ва ғўзанинг сув, озиқадан фойдаланиш коэффиценти қисқариб, пахтадан 15–20 % кам ҳосил олинади. Яганалаш мақбул муддатда ўтказилган майдонларда ғўзанинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади, озиқа элементлари билан таъминланиши ошади, эртаги, мўл ва сифатли ҳосил олинади. Яганалаш ишларини 6–8 кун муддатда якунлаш лозим. Бунда нимжон, ҳашаротлар ёки касалликлар билан зарарланган, ривожланиши суст ниҳоллар олиб ташланиб, фақат соғлом ниҳоллар қолдирилади. Кўчат қалинлиги яганалашдан 7–8 кундан сўнг яна бир бор кўздан кечирилиб, қалин қолган ёки кеч униб чиққан ниҳоллар олиб ташланади.
   Яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради. Бу муҳим тадбирни тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб, қуйидаги тавсиялар асосида олиб бориш мақсадга муфофиқ: Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдор тупроқларида С-6524, С-6541 ва «Ан-Баяут–2» ғўза навлари экилган қатор оралари 90 см. ли майдонларда гектарига 90 минг туп кўчат ҳосил қилиш учун 1 погонометрда 7–8, қатор ораси 60 см. да эса 5–6 дона ниҳол қолдирилиши керак. Ўртача унумдор тупроқларда қатор оралари 90 см. ли майдонларда гектарига 100 минг туп кўчат ҳосил қилиш учун 1 погонометрда 8–9, қатор ораси 60 см. да эса 6–7 дона ниҳол қолдирилади.
   Унумдорлиги паст, қумли, тош шағалли тупроқларда қатор оралари 90 см. ли майдонларда гектарига 110–120 минг кўчат ҳосил қилиш учун, 1 погонометрда 10–11, қатор ораси 60 см. да эса 7–8 дона кўчат қолдирилади. «Наманган–77», «Султон» ғўза нав¬лари экилган қатор оралиғи 90 см. ли майдонларда 1 погонометрда 9–10, қатор ораси 60 см. да эса 6–7 дона ниҳол қолдирилганда гектарига 100–110 минг туп кўчат олинади. Унумдорлиги паст ерларда қатор оралари 90 см. ли майдонларда гектарига 10–11, қатор ораси 60 см. да эса 7–8 дона ниҳол қолдириб, гектарига 110–120 минг туп кўчат бўлишини таъминлаш тавсия этилади.
  Шунингдек, «Бухоро–102» ғўза нави экилганда 90–100 минг, унумдорлиги юқори тупроқларда эса 90–95 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Бу ғўза нави шохланишга мойил бўлганлиги сабабли, тупроқ унумдорлиги паст, шамол ва гармсел кучли бўладиган чўл ҳудудларида гектарига 100–110 минг кўчат қолдириш талаб этилади. Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида «Ан-Баявут–2», «Омад», С-6541 навлари экилган унумдор тупроқларда гектарига 100–110 минг, «Бухоро–102», «Бухоро–8» навлари экилган майдонларда 90–100 минг (1 м. да тегишлича 90 см қатор оралиғида 9–10 ва 8–9 та, 60 см қатор оралиғида 6–7 ва 5,5–6 дона), унумдорлиги ўртача тупроқларда «Ан-Баявут–2», «Омад», С-6541 навлари гектарига 100–110 минг, «Бухоро–102» ва «Бухоро–8» навлари гектарига 90–100 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 9–10 ва 8–9 дона, 60 см оралиғида 6–7 ва 5,5–6 дона), унумдорлиги паст майдонларда «Ан-Боявут–2», «Омад», С-6541 навларида гектарига 110–120 минг, «Бухоро–102» ва «Бухоро–8» навлари 100–110 минг (1 м. да тегишлича 90 см қатор оралиғида 10–11 ва 9–10 та, 60 см қатор оралиғида 7–8 ва 6–7 та) туп қолдириш тавсия этилади.
   Шунингдек, Бухоро вилоятида «Бухоро–6», «Бухоро–8» ва «Бухоро–102» ғўза навларини яганалашни унумдорлиги юқори, механик таркиби оғир тупроқларда 100–110, унумдорлиги ва механик таркиби ўртача тупроқларда 110–120, унумдорлиги паст, механик таркиби енгил тупроқларда гектарига 120–130 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқдир.
   Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ғўза навларини яганалашда, асосан учта омилга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади: нав¬нинг биологик хусусияти, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароити. Унумдорлиги юқори тупроқларда С-6524, «Наманган–77», «Наманган–34», «Ан–16», «Андижон–35», «Андижон–36» ҳамда «Андижон–37» ғўза навларида гектарига 90–100, «Султон» навида 90 минг туп (қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 8–9, 60 см бўлганда 6–7 дона), ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100–110 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 9–10, 60 см бўлганда 6–7 дона) «Султон» нави учун 90–100 минг туп (қатор ораси 90 см бўлганда 1 м. да 8–9, қатор ораси 60 см бўлганда 5–6 дона), унумдорлиги паст тупроқларда эса гектарига 110–120 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 10–11, 60 см. да 7–8 дона) туп кўчат қолдирилади.
  Шунингдек, ер ости сув сатҳи юза бўлган тупроқларда, гектарига 110–120 минг кўчат қолдириб, қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 10–11, қатор ораси 60 см бўлганда 7–8 дона кўчат қолдирилади. Чигит плёнка остига экилган майдонларда навнинг морфо-биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда оддий ҳолатда экилганда гектарига 100–110, қўшқатор экилганда 140–150 минг туп қолдириш тавсия этилади. Қашқадарё вилоятида асосий майдонларда экилган «Бухоро–6» ва «Бухоро–8» ғўза навлари морфо-биологик хусусиятларига кўра шохланишини инобатга олиб, тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда гектарига 110–120, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 100–105 минг туп қолдирилади.
   Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида «Наманган–77», «Бухоро–102», «Бешқаҳрамон» ва «Султон» навлари экилишини инобатга олиб, қатор ораси 90 см бўлганда 1 погонометрда ««Наманган–77»» ва «Бешқаҳрамон» ва «Султон» навларида 8–9, «Бухоро–102» навида 7–8, қатор ораси 60 см бўлганда «Наманган–77» навида 6–7, «Бухоро–102» навида 5–6 дона кўчат қолдириш зарур. Тошлоқ ва сур ерларда 90 см қатор оралиғида 1–2, 60 см қатор оралиғида эса 1 донадан ортиқ кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Унумдорлиги паст, қумоқ ерларда кўчат қалинлиги 20 фоизгача кўп қолдирилиши ҳамда қўшқатор экилганда кўчат қалинлиги 30–35 % оширилиши зарур.
   Сурхондарё вилояти чўл минтақасидаги Шеробод, Музработ, Қизириқ, Ангор, Термиз, Жарқўрғон туманларида ғўзанинг «Бухоро–102», «Наманган–77», «Бешқаҳрамон», «Султон» навлари ва ингичка толали «Термиз–49», «Термиз–202», «Сурхон–14» навлари экилган, қатор ораси 90 см. ли майдонларда 1 метрда кўчат қалинлиги «Бухоро–102» навида 7–8 дона (95–100 минг/га), «Наманган–77» навида 9–10 дона (100–110 минг/га), «Термиз–49», «Термиз–202» ва «Сурхон–14» навларида 11–12 дона (120–130 минг/га), қатор ораси 60 см бўлганда «Бухоро–102» навида 6–7, «Наманган–77» навида 7–8, «Термиз–49», «Термиз–202» ва «Сурхон–14» навларида 9–10 дона қолдирилиши керак. Қўшқатор экилган майдонларда тавсия этилган кўчат қалинликлари 30–35 % оширилади. Унумдорлиги паст, қумоқ ерларда ҳам кўчат қалинлиги 20 фоизгача кўп бўлиши керак.
  Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган С-4727, «Чимбой–5018», «Дўстлик–2», «Меҳнат», «Хоразм–127», «Хоразм–150» ҳамда «Ибрат» ғўза навларини яганалашда, унумдорлиги юқори ерларда 90–100, ўртача унумдор тупроқларда 100–110, унумдорлиги паст ерларда 110–120 минг/га кўчат қолдирилади. «Бухоро–102» ғўза навлари экилган майдонларда кўчат қалинлиги унумдор ерларда 85–90, ўртача унумдор ерларда 95–100, унумдорлиги паст тупроқларда 100–110, «Омад» ғўза навида эса 100–120 минг/га туп кўчат қолдириш тавсия этилади.
   Шунингдек, қўшқатор экилган майдонларда навнинг морфо-биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, кўчат қалинлиги гектарига 140–160 минг туп атрофида бўлишини таъминлаш лозим. Яганалашда «Бухоро–102» ғўза навида «Меҳнат» ва «Хоразм–127», «Хоразм–150» ва «Ибрат» навларига нисбатан 5–10 фоиз кўчат камроқ қолдирилишига эътибор бериш керак. Шўрланган ерларда яганалаш пайтида 10–15 фоиз кўпроқ кўчат қолдириш лозим. Чунки ғўзанинг ўсув даври давомида, тузларнинг юзага кўтарилиши туфайли ниҳоллар нобуд бўлиш ҳоллари кузатилади.
   Қўшқаторларда одатда бир қаторлаб экишга нисбатан туп сон тупроқ унумдорлигини ҳисобга олиб кўчат 20–30, енгил ва шағалли тупроқларда 30–40 % кўп қолдирилади. Озиқлантиришни мақбул муддатда сифатли ўтказиш Fўзани 1-озиқлантиришда (2–3 чинбарг чиқарганда) гектарига соф ҳолда 50 кг азотли ўғитлар (аммиакли селитра 150 кг/га ёки мочевина 110 кг/га, аммоний сульфат 240 кг/га) қўлланилади.
   Тупроқда фосфор кам (15–30 мг/кг. гача) бўлган майдонларда азотли ўғитлардан биринчи навбатда, мочевина ва аммоний сульфат, фосфор билан юқори даражада (46 мг/кг ва ундан ҳам юқори) таъминланган майдонларда эса аммиакли селитра ишлатилса, ўғитларнинг самарадорлиги янада ортади. Бунда ўғитлар ўсимликнинг 15–18 см ёнига, 10–12 см чуқурликка солинади.
  Агар ўғит белгилангандан чуқур солинса, ниҳолларнинг илдизлари ҳали унчалик ривожланмаганлиги сабабли тўлиқ ўзлаштира олмайди ва сув билан ювилиб, тупроқнинг қуйи қатламларига тушиб кетишидан ташқари биологик жараёнлар таъсирида ҳам исроф бўлади. Ўғит саёз берилганда асосий қисми ҳавога учиб исроф бўлади ҳамда ундан ўсимлик фойдалана олмайди. Агар чигит экиш олдидан ёки экиш пайтида фосфорли ўғитлар берилмаган бўлса, азот ўғитлари билан биргаликда 30–40 кг фосфор, яъни физик ҳолатда 210–280 кг оддий суперфосфат ёки 70–90 кг аммофос ёки супрефос 130–170 кг берилиши керак.
  Шунингдек, фосфорли ва калийли ўғитларнинг тақчиллигини инобатга олган ҳолда ноанъанавий агрорудалар – бентонит, глауконит лойқаларини гектарига 250–300 кг меъёрда солиш мақсадга мувофиқ. Ниҳолларнинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда барг¬дан озиқлантириш – суспензия сепиш тақозо этилади. Бунда ўсимлик озиқа моддаларни барг ва поялари орқали ўзлаштиради. Суспензия қўлланилганда, баргда хлорофилл моддалар миқдори ошиб, пластинкаси қалинлашади, натижада сўрувчи ҳашаротлар зарари кескин камаяди.
   Fўзанинг бошқа нохуш омилларга бардошлиги ортади, ҳосилдорлик ошади ва ҳосилнинг пишиб етилиши тезлашади. Барг орқали озиқлантирилган майдонлардаги ғўзанинг ривожланиши суспензия сепилмаган майдонларга нисбатан 3–5 кунга тезлашиши тажрибаларда исботланган. Барг орқали озиқлантириш меъёрлари ғўзанинг ривожланиш даражасига, барг сатҳи юзасига, кўчат қалинлигига ва қолаверса илдиз орқа¬ли қўлланилган ўғит меъёрларига қараб белгиланади. Биринчи суспензия ғўза 2–3 чинбарг чиқарганда ўтказилади.
   Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво салқин ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Чунки, эрталаб ва кечқурунги ҳаво мўътадил пайтида барг оғизчалари (устицалар) тўлиқ очилган бўлади ва сепилган препаратлар яхши сўрилиб, баргда фотосинтез кечиши натижасида қайта тақсимланади, органик моддага айланиб, ўзлаштирилади.
   Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди, чунки озиқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади. Дастлаб, чигит униб чиқиш даврида ниҳолларнинг ёшлигини инобатга олиб, яъни озиқа моддаларни барг орқали ўзлаштириши (барг сатҳининг кичиклиги) ўсимликнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда оналик эритма тайёрланади.
   Бир гектар майдонга етадиган оналик (маточный) тайёрлаш учун 50 литр ҳажмли идишдаги сувда физик ҳолда 5 кг карбомид эритилади, кейин эса эритмани 100 литр ҳажмли идишдаги сувга қуйиб яхшилаб аралаштирилиб, оналик (маточный) эритмаси тайёрланади. Агарда тайёрланган эритманинг меъёри (концентрацияси) тавсия этилганидан ортиқ бўлса, сепилганда ёш ниҳолларни кўйдириши мумкин.
   Аксинча, меъёри паст бўлса, самараси сезиларли бўлмайди. «Максам-Чирчиқ» корхонасида ишлаб чиқарилаётган КАС (карбамид-аммиакли селитра) ўғитидан 5, шунингдек, «Самарқандкимё» ОАЖда ишлаб чиқарилаётган тайёр ҳолдаги суюқ ўғит фосфорли суспензиялаштирилган суюқ селитра (ФССС) ни 11 л/га меъёрда қўллаш яхши самара беради. Таъкидлаш жоизки, ғўза ривожланишининг 2–3 чинбарг даврида карбамид, КАС ва ФССС ўғитлари асосида тайёрланган суспензияларни мақбул меъёрларда қўлланилганда, суспензия қўлланилмаган назорат вариантига нисбатан 1,4–2 ц/га. гача қўшимча ҳосил олинган.
  Суспензия сепишда ПГС ёки ОВХ-600 мосламаларидан фойдаланилади. Пуркагичларга ўрнатилган бочкаларга 80–100 литр тоза сув ва 100 литр махсус тайёрланган оналик (маточный) эритмаси қуйилади. Бир гектар майдонга 180–200 литр суюқликни сарфлаш учун насосдаги монометрлар кўрсаткичи тракторнинг юриш тезлигига мослаштирилади. Бунда ҳар гектарига 180–200 литрдан кам суюқлик сарфланиши кутилган натижа бермайди.
   Биринчи суспензия фақат штангали пуркагичларда қўллаш тавсия этилади. Фермерларимиз ғўза парваришида юқоридаги тавсияларга амал қилишса, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга мустаҳкам замин тайёрлашга эришадилар, албатта.
    Б.Ҳолиқов, Б.Ниязалиев, Ф.Ҳасанова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech