Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Мўл ва сифатли ҳосил олиш учун сабзавотларнинг серҳосил, турли касаллик ва зараркунандалар ҳамда экстремал шароитларга чидамли навларини экиш, агротехника тадбирларни ўз вақтида пухта бажариш муҳим аҳамиятга эга.
   Помидор республикамизда энг кўп экиладиган сабзавот бўлиб, унинг маҳаллий, эртапишар – «Шафақ», «Севара», «Дўстлик», «Тошкент тонги», ўртапишар – ТМК-22, «Ўзбекистон–178», «Авиценна», «Сурхон», «Шарқ юлдузи», «Ситора», кечпишар – «Баҳодир», «Октябрь», «Дархон» ҳамда чет элнинг «Султон F1», Суперстрейн», «Волгоград 5/95» каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.
   Кўчатхоналарда тайёрланаётган помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатларини очиқ далага ўтқазишдан 6–8 кун олдин иссиқхонанинг эшик, дарчалари ва ён томонига ёпилган плёнкаларини очиб қўйиб чиниқтириш мақсадга мувофиқ.
   Оққанот, шира ва бошқа ҳашаротларнинг очиқ майдонларга кенг тарқалишининг олдини олиш учун иссиқхоналардаги ўсимлик қолдиқларини ўз вақтида кўмиб ташлаш ёки кимёвий препаратларнинг бирортасини пуркаб йўқ қилиш тавсия этилади. Шу билан бирга помидор уруғларини тўғридан-тўғри очиқ майдонларга қора плёнка билан мульчалаб экиш мумкин.
    Бунда кўчат билан экилганга нисбатан ҳосил 10–12 кун кеч пишади, лекин ўсимлик бақувват ривожланиб, ҳосилдорлик 15–18 % юқори бўлади ва кўчат етиштиришга сарфланадиган харажатлар кескин камаяди.
  Марказий минтақа вилоятларида эртапишар навлар кўчати об-ҳаво шароитига кўра, апрелнинг биринчи ярмида, ўрта-кечпишар навлар кўчати эса иккинчи ярмида экилади. Бу муддат жанубий минтақа вилоятларида 10–15 кун олдинроқ, шимолий минтақада эса 10–15 кун кечроқ амалга оширилади. Кўчатларни нишабли, қия майдонларга 70x30, текис, ер ости суви яқин жойлашган майдонларга 90x25 см, кучли ўсувчи навлар кўчатини эса 90x40 см, (140х30):2 см схемаларда экиш тавсия этилади.
  Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгач, орадан 10–12 кун ўтгандан кейин биринчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли культиваторлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофи ҳам енгил юмшатилади, минерал озиқа моддалари солиниб, суғориш ариқлари олинади.
  Биринчи ишловдан 13–15 кун ўтгач экин суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурлиқла юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтлар қўлда чопиб чиқилади.
   Помидорнинг тупроқ унумдорлигига талаби кучли бўлиб, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун бўз тупроқли майдонларнинг ҳар гектари ҳисобига 25–30 тоннадан гўнг, 180–200 кг азот, 140–160 кг фосфор, 100 кг калий; ўтлоқ тупроқли майдонларга эса 140–150 кг азот, фосфор ҳамда 100 кг калий ўғитлари солинади.
   Ўғитлашда органик ўғит (гўнг) миқдорининг ҳаммаси ва йиллик фосфорли ўғитнинг 75, калий ўғитининг 50 фоизи кузги шудгорлашдан олдин солиниб, кўчатларни экишдан олдин фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотли ўғитнинг 20 фоизи берилади. Азотли ўғитнинг қолган 80 фоизини иккига тенг бўлиб, биринчи қисмини кўчатлар тутиб олгандан кейин, қолган қисмини эса калий ўғитининг қолган 50 фоизи билан аралаштириб ўсимликлар мева тугиш даврида солинади. Тупроқ таркиби, ер ости суви чуқурлигига кўра, ўсимликлар ялпи гуллаши даврида 9–10 кун оралатиб гектарига 500–600 м3 меъёрда суғорилади.
  Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини очиқ майдонларга экиш марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15–25 апрель, жанубий вилоятларда 25 мартдан 15 апрелгача, шимолий минтақада эса 25 апрелдан 5 майгача бўлган муддатда амалга оширилади. Кўчатларни экиш режаланган майдоннинг нишаблиги, қиялиги, тупроқ таркибига кўра, ширин қалампир 70x30 ёки 90x20 (25) см ва бақлажон 70x40 ёки 90x30 см оралиқда экиб жойлаштирилади.
    Ширин қалампир ва бақлажон экиладиган майдонларни тайёрлаш, кўчатларни парваришлаш жараёнлари (ўсимликлар қаттор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш меъёри ва муддати) помидор парвариши билан бир хил амалга оширилади. Экинзорларда симқурт, бургалар, кузги тунламларга қарши 2,5% Децис (0,1–0,5 л/га), 5% Кинмикс (0,15–0,2 л/га), 24,7 % Энджео (0,2–0,3 л/га) каби препаратлар пуркалади. Оққанотга қарши 25% Апплавуд (0,5 л/га), 20% Моспилан (0,25–0,3 кг/га), 20% Конфидор (0,3–0,5 л/га) пуркалади.
  Ўртаги оқбош карам етиштиришда унинг ўртапишар «Тошкент–10», «Саратони», «Термез–2500» каби нав¬лари кўчатларини ўтлоқи, ер ости суви юза жойлашган, чиринди миқдори кўп бўлган майдонларга экиш мўл ҳосил етиштириш имкониятини яратади.
   Ўртаги оқ бош карам кўчатларини экишнинг қулай муддати жанубий вилоятларда 10–20 май, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 апрелдан 1 майгача, шимолий минтақада эса 1–15 апрель ҳисобланади. Кўчатлар 70x35–40 см оралиқда экилади. Майдонларни кетма-кет суғориш кўчатларнинг тўлиқ тутиб олишини таъминлайди.
  Кўчатлар тўлиқ тутиб олгач, 16–18 кун ўтгандан кейин комплекс ишлов берилади, яъни ўсимлик қатор оралиқлари КРН-2,8А русумли юмшатгич ёрдамида 15–16 см чуқурликда юмшатилади, юмшатиш билан бирга маъдан ўғитлар билан озиқлантирилиб, ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, суғорилади.
   Ўғитлашда 20–25 тонна гўнг, соф ҳолда 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак. Бунда фосфорли ўғитларнинг 70–75, калийнинг 50 фоизи ерга асосий ишлов беришда, фосфорнинг қолган қисми ва азотни 50 фоизи кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан сўнг биринчи ишловда берилади. Азот ва калийнинг қолган қисми карам боши ўрай бошлаганда берилади. Майдонларда карам шираси, карам оқ капалаги ва карам бургасига қарши 2,5% Децис (0,3 л/га), 5% Кинмикс (0,15 –0,2 л/га), 40% Би-58 (0,5–1,0 л/га) каби препаратлар билан ишлов берилади.
    Бодрингнинг тезпишар «Наврўз», «Сафар», «Ранний–645», «Ўзбекистон–740», «Орзу F1» ва консервабоп «Зилол», «Конкурент», «Алиби F1», «Аякс-Микс» каби навларини экиш тавсия этилади. Жанубий вилоятларда эртаги бодринг уруғларини экишнинг қулай муддати 1–15 апрель, ўртагисини 20 апрелдан 15 майгача; марказий минтақа вилоятларида эртаги бодринг 10–20 апрель; ўртагиси 1–10 май, шимолий минтақада эса эртаги бодринг 20 апрелдан 1 майгача, ўртагиси 1–15 май ҳисобланади.
   Эртаги ва ўртаги муддатларда экиладиган майдонларда намликни сақлаб қолиш учун ерни аввал бороналаш, кейин эса бегона ўтларни йўқотиш мақсадида 12–15 см чуқурликда чизеллаб чиқиш зарур. Бодринг экини учун энг яхши ўтмишдош бу –илдизмевалилар, пиёз, карам ва картошкадир. Бодринг уруғларини катта майдонларга экишда СБУ-2,4 Л русумли мосламада, кичик майдонларга эса ернинг қиялигига мувофиқ 90x30 см ёки (140+70):2х40 см оралиқда қўлда экилади.
   Уруғни экиш чуқурлиги 4–5 см. ни ташкил этиб, ҳар гектар майдон ҳисобига ўртача 4–5 кг. дан уруғ сарфланади. Уруғлар униб чиққач, ниҳоллар уруғ палла баргчалари чиқариш дав-рида биринчи ва ниҳоллар биттадан чинбарг чиқариш даврида иккинчи маротаба ягана қилинади.
   Бодринг майдонларидан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли культиваторлар ёрдамида 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, улар атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сувни ўз вақтида бериб бориш лозим. Бодринг етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг, соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.
  Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган 25, азотнинг 50 фоизи, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган қисми берилади. Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда қовун ва тарвузнинг эртаги навлари уруғини экиш 15 апрелгача, ўртаги навларини 20 апрелдан 10 майгача амалга оширилади.
    Қовун ҳамда тарвуз навлари уруғи жанубий вилоятларда таъкидланган муддатдан 10–15 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 10–12 кун кейин экилади. Эртаги навларни экиш оралиғи (210+70):2х70 см; ўртапишар навларни (280+70):2х70 см ёки (270+90): 2x70 см оралиқда кичик майдонларга қўлда, катта майдонларга эса СБУ-2,4 русумли сеялка ёрдамида 4–5 см чуқурликка экилади.
    Уруғ сарфи майда уруғли қовун, тарвуз навларидан 4, йирик уруғли навлардан 5–6 кг/га. ни ташкил этади. Қовун ва тарвуз уруғлари униб чиқиб, ниҳолларда чинбарг пайдо бўлган даврида қатор оралари КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли культиваторлар билан 14–16 см чуқурликда юмшатилади ва ўсимликлар ягана қилиниб, ҳар бир уяда 2–3 тадан ниҳол қолдирилади.
  Орадан 18–20 кун ўтгач ўсимликлар иккинчи марта яганаланиб, ҳар бир уяда 1 тупдан ўсимлик қолдирилади ва ўсимликлар атрофи чопиқ қилинади. Эртаги карам майдонларида пайдо бўлган бегона ўтлар ҳамда касаллик ёки зараркунандаларни йўқотиш бўйича кураш чораларини амалга ошириб, тупроқ тури ҳамда ер ости сувлари чуқурлигига мувофиқ ҳар 8–10 кун оралатиб 550–600 м3/га меъёрида суғорилади.
   Ҳар икки суғоришдан сўнг қатор ораларини КРН-2,8А русумли культиватор билан юмшатиб туриш ҳосилнинг ўз вақтида етилишини таъминлайди. Эртаги муддатда сепилган майда уруғли сабзавотлардан пиёз ҳамда сабзи майдонларида турли бир ва кўп йиллик бегона ўтларни ўз вақтида ўтаб, ўташ билан бирга ортиқча ўсимликларни ягана қилиш, тупроқ тури, намлиги ҳамда ер ости сувларини чуқурлигига кўра майдонларни 10–12 кун оралатиб суғориш, 2–3 суғориш оралиғида ўсимлик эгатлари орасини 12–14 см чуқурликда юмшатиб, озиқлантириш ўсимликларнинг бақувват ўсиб-ривожланишини таъминлайди.
  Эртаги муддатда экилган картошка уруғлари ердан тўлиқ униб чиқиб, ўсув даврининг дастлабки кунларидан бошлаб, ўсимликлар қатор оралиқларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А русумли культиватор билан 14–16 см чуқурликда юмшатиб чиқилади. Эртаги картошканинг ўсув даврида ўтлоқ тупроқли майдонларда 8–12, бўз тупроқли ерларда эса 7–10 кун оралатиб суғорилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатиб турилиши керак. Туганаклар тўлиқ униб чиққан майдонларда азотли ўғитнинг 30–35, шоналаганда қолган 50 фоизи берилади.
     Р.Ҳакимов, С.Холдоров, Ф.Расулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech