Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Картошка куяси – картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли ҳашарот ҳисобланади. Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланади. Уни дастлаб техаслик энтомолог олим Целлер 1873 йилда аниқлаган. Бугунги кунда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида кенг тарқалганлиги кузатилган.
   Италия, Испания ва Португалия давлатларига 1920 йилларда кириб келган. Украина, Молдавия, Грузия Республикалари ва Россия Федерациясининг Краснодар, Ростов, Приморе ўлкасининг узоқ шарқ қисми, Астрахань вилоятида тарқалганлиги қайд этилган. Мамлакатимизда картошка куяси илк бор 2009 йилда Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Шовот, Гурлан, Қушкўпир туманларида аниқланган.
   Картошка куясининг капалаги кичкина, оч кулранг тусда бўлади. Тинч ҳолатда қанотлари елкасига йиғилиб туради. Олдинги қанотларининг катталиги 12–15 мм атрофида. Эркагида қанотлари урғочига нисбатан кичикроқ бўлади. Қанотларида тўқ рангли чизиқлари ва қора доғлари бор.
  Эркак капалак қорин қисмининг охирги аъзосининг узунлиги бутун қорин қисми узунлигининг 1/3 қисмини ташкил қилади. Қорин қисмининг охири қалин момиқлар билан қопланган. Эркагининг олдинги қанотлари урғочига нисбатан 2–2,5 мм кичикроқ бўлади. Қорнининг ранги сарғиш кулранг, ост қисми эса кулранг оқ тусда.
   Олдинги ва ўрта оёқлари оч-кулранг, ташқи томони жигарранг, панжалари жигарранг тусда. Орқа оёқлари оч сарғиш, узун оёқлари оқ ва панжалари жигарранг момиқлар билан қопланган. Эркак капалак урғочисидан асосан қорин қисмининг охирида оқ ёки кулранг момиқлар борлиги билан фарқ қилади.
   Тухуми овал шаклда. Баъзан бир томони ботиқроқ бўлади. Эни 0,35–0,45, узунлиги 0,8 мм катталикда. Янги қўйилган тухумлари оқ рангда, камалаксимон товланиб туради. Қобиғи силлиқ, бир томони тўрсимон. Вақт ўтиши билан тухум тўқ рангга киради ва қурт чиқишидан олдин қобиқдан кўриниб туради. Личинка тухум ичини кемириб ўзига чиқиш учун тешик очади ва тухумдан чиқади. Бўшаган тухум оқ рангда бўлади.
    Тухумдан чиққан личинка 1,2 мм узунликда, рангсиз ёки оч қизғиш тусда бўлади, вақт ўтиш билан тўқ жигарранг тусга киради, бош қисми қора рангда. Етук личинкалари 10–13 мм узунликда, эни 1,5 мм, ранги сарғимтил қизғиш ёки яшилсимон кулранг тусда. Бош қисми тўқ жигарранг ёки қора рангда. Кўкрак қисми деярли қора, сарғиш, қалқонлари жуда кичкина ва тўқ тусда. Личинкалар картошканинг яшил, мўрт устки қисмида, тамаки ёки бошқа ўсимликларда ривожланади.
   Личинкалари одатда чиқиндилар ёки тупроқ орасига кириб ғумбакка айланади. Тупроқдаги кесаклар ёки бошқаларга ёпишиб олади. У ўзи зарарлаган дарахт остидаги тупроқда ғумбакка айланган бўлса ҳам, уни ўша жойда топиш, кўз билан илғаш жуда қийин.
    Пилла омборхоналари, қоп оралиқлари, картошка куртаги оралари, пол тешиклари ва бошқа кўз илғамайдиган жойларда бўлиши мумкин. Личинкалар тез ўзгарувчан ҳароратга мослашувчан бўлиб, қаттиқ совуқда ҳам мевалар ичида яшовчанлигини сақлаб қолади.
   Пилласи сарғиш-кумуш рангда. Личинкалар аввалига ипак тўр тўқийди, сўнг ички қаватини тўқийди. Личинкалар 24 соат давомида пиллани тайёрлаб улгуради. Шундан сўнг пилла ичига кириб, тешикларни беркитади ва 3–4 кундан кейин ғумбакка айланади. Пилланинг узунлиги 10, эни 4 мм. ни ташкил қилади. Эркагининг ғумбаги, одатда урғочининг ғумбагига нисбатан кичикроқ бўлади.
   Бир йилда 5–6 авлод беради. Ёз мавсумида бир авлоднинг ривожланиши 22–30 кун, қиш мавсумида эса 2–4 ойгача давом этади. Ҳаво ҳароратининг –4 оС ва +36 оС бўлиши картошка куясига ҳалокатли таъсир қилади. Картошка куяси етук личинкалик ёки ғумбаклик даврида қишлайди. Капалаклари бир ёки икки дона уруғини барглар, тамаки, картошка, помидор, картошка меваси, тупроққа қўяди. Ёз мавсумида картошка куяси омборхоналарга тўхтовсиз тухум қўяди. Картошка куясининг асосий ўчоғи –омборхоналар ҳисобланади. Омборхонадаги 25–80 % сақланаётган картошка мевалари нобуд бўлиши мумкин.
    Ҳар бир урғочи капалак 150–200 донагача уруғ қўяди. Уруғлангандан бир кундан сўнг, уруғ қўя бошлайди. 6–19 кунгача уруғ қўйиб бўлгандан сўнг урғочи капалаклар нобуд бўлади. Капалаклар кундузи баргнинг орқа томонига жойлашиб олиб, қоронғи тушиши билан 2–3 соат учиб, урчийди.
  Тухумдан личинкалари 5 кунда чиқади. Қиш мавсумида личинкалар чиқиши бирмунча чўзилади. Тухум ичида етилган личинкалар, тухум қобиғини кемириб ташқарига чиқади ва шу жойдаги ўсимликларни кемира бошлайди.
   Картошка куяси ҳаво ҳарорати +4 оС дан юқори бўлганда яхши ривожланади. Личинкалар ривожланиш давомида 4 марта пўст ташлайди. Ёз мавсумида личинкалар 11 кун, ғумбаги эса 7 кун ривожланади.
  Тухумдан чиққан личинкалар бирданига баргни кемира бошламайди, аввалига ўргимчак тўрисимон тўрлар тўқийди ва шуни ичида юриб, бироздан кейин барг, меваларга йўл очади ва уларни кемира бошлайди. Ўргимчак тўри остида йўллар кенгайиб бориши билан, личинка ўз экскрементлари билан тўлдириб боради. Одатда личинкалар битта йўл очиб олади, агар озиқа кам бўлса, иккинчи йўлни ҳам очиб олиши мумкин.
   Картошка ва помидорда личинкалар бир баргдан иккинчисига тез-тез ўтиб туради ва баргларни ўргимчак тўри билан бир-бирига боғлайди. Дала шароитларида личинкалар баргдан ташқари, пояларни ҳам зарарлаб эпидермис қаватидан йўл очиб ташлайди. Личинкалар тўртинчи ёшга етганларида жуда катта зарар келтира бошлайди.
    Карантин ва ҳимоя чора-тадбирлари:
  1. Зараркунанда тарқалган давлатлардан келаётган юк машиналари ва юкларни карантин текширувидан ўтказиш.
   2. Саноат юклари ва транспорт воситаларини зарарсизлантириш.
  3. Ўсимлик маҳсулотлари ортилган ҳудудларни 3 км. гача феромон тутқичлар ёрдамида текшириб чиқиш.
   4. Итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни доимий назорат қилиб, текшириб туриш.
  5. Картошка поясини қуриб қолишига 5–7 кун қолганда ўриб олиш ва йўқотиш.
 6. Даладан картошкани тез йиғиштириб олиш ва олиб чиқиб кетиш.
 7. Белгиланган тартиб қоидалар асосида картошка мевасини бром-метил билан зарарсизлантириш.
  8. Итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтларни доимий йўқотиб бориш.
 9. Картошка куяси тарқалган майдонларда тавсия этилган кимёвий воситалар билан ишлов бериш.
  Республикамизга картошка куяси тар¬қалган давлатлардан картошка ва бош¬қа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимлик маҳсулотларини киритиш «Ўзбошдавкарантин» инспекцияси томонидан бериладиган сертификатлар орқали амалга оширилади.
   Б.Мухаммадиев, А.Пардаев, Т.Авазов, С.Маматов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech