Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Ўрим-йиғимни қисқа муддатда ва сифатли амалга ошириш кўп жиҳатдан комбайнларни мавсумга пухта ҳозирлашга боғлиқ. Зеро, мустаҳкам машинагина мавсум давомида бузилмасдан ишлайди. Шу боис ҳозирданоқ комбайнларни мавсумга пухта тайёрлаш талаб этилади. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз.
   Дастлаб комбайнларни кўздан кечириш – диагностикалаш, яъни техникаларни назоратдан ўтказиш зарур. Бундан кўзланган асосий мақсад, таъмирлашни талаб қилмайдиган (соз), таъмирталаб (носоз) ва бутунлай яроқсиз (брак) детал ва узелларни аниқлаш, уларнинг техник ҳолатини баҳолаш, соз объектларни қолдиқ иш ресурсларини топиш, носозларини икки – мукаммал ва жорий таъмирлатиб – гуруҳга ажратишдан иборат. Диагностикалаш ишлари қуйидаги тартибда амалга оширилади.
  Энг аввало, комбайнни тозалаш ва ювиш учун барча айланувчи ва ҳаракатланувчи қисмларнинг ҳимоя кожухлари ечилади, қия камера, янчиш аппарати, транспортёрлар, шнеклар ва бошқа узеллардаги дарчалар очилади. Комбайн турган жойида ишлатилади, сомон, қипиқ ва дон қолдиқлари турли ифлосликлар ва мой қолдиқларидан тозаланади.
  Электр қурилмалар (аккумулятор батареяси, генератор, стартёр, реле-регулятор), назорат-ўлчов асбоблари полиэтилен плёнкалар билан қопланади. Комбайн қаттиқ юзали майдончада тўрт тарафидан юқори босимли сув сепиб ювилади. Радиаторнинг ҳимоя тўри ечиб олинади, пластинкалари қирғич ёки симли чўтка ёрдамида яхшилаб тозаланади.
   Ёнилғи, мой ва гидравлика насослари, редукторлар, узатмалар қутиси, гидрокўтаргич каби узеллар керосин ёки махсус эритмаларнинг бири билан ювилади. Двигатель картерини ювиш учун ундаги мой ўрнига дизель ёнилғиси солинади, двигатель 3–5 дақиқа салт ишлатилгандан кейин ифлос аралашма тўкиб ташланади. Бу ишлар ниҳоясига етгач очилган даралар беркитилади, ҳимоя кожухлари жойига ўрнатилади.
  Диагностикалаш харажатларини пасайтириш мақсадида эгилишлар, ейилишлар, дарзлар, ёриқларга ўхшаган носозликлар бевосита кўздан кечириш орқали аниқланади. Баъзи қисмлар (мотовило, вентилятор, шнек, транспортёр ва бошқ.) қўл билан ишлатиб кўрилади.
   Занжирлар ва тасмалар. Занжир пластиналари ва втулкаларида ёриқлар бўлишига йўл қўйилмайди. Занжир қадами КИ-6814 асбоби ва ШЦ-II-400-01 штангенциркул билан ўлчанади, қадам ошиб кетган бўлса, занжирдан бир ёки икки звено олиб ташланади, бу ҳам наф бермаса, янгисига алмаштирилади. Понасимон, текис ва тишли тасмаларда ёриқлар, қатламларга ажралган кордлар, шишлар, бурмалар бўлмаслиги керак. Сиртлари ялтираб едирилиб кетган, иплари очилиб қолган ва ортиқча чўзилиб кетган тасмалар алмаштирилади.
   Юлдузчалар ва шкивлар. Юлдузча тишларида синган, эзилган ва ҳажмий ейилган жойлар бўлмаслиги керак. Тишлари синган юлдузчалар алмаштирилади. Тишларнинг ейилиш даражаси калибрлар ва шаблонлар ёрдамида баҳоланади. Агар калибр икки ёнма-ён тиш орасига эркин кириб борса, бундай юлдузчани алмаштириш зарур. Шкивларда синган ва қаттиқ деформацияланган бортлар бўлишига йўл қўйилмайди.
    Шкив ёки юлдузчани қўлда у ёки бу томонга кескин айлантиринг. Шпонкали бирикмада тирқиш катталашгани сезилса, шпонкалар қирраларини текшириш, ариқчаларга суюқ металл қоплаб, торайтириш лозим.
   Подшипникли бирикмалар ва валлар. Подшипник корпуси ва зичлагичи текширилсин. Корпусда ёриқлар бўлмаслиги керак. Зичлагичдан мой сизиб чиқаётган бўлса, подшипникни очинг, сепараторлар, соққалар, айланиш йўлларини кўздан кечиринг. Агар металл сиртида чарчаганлик ранги, ёриқлар, едиришлар, ишчи юзаларни эзилиши топилса, подшипник алмашади. Агар бу деталлар соз бўлса мойни қўйиб юборадиган зичлагичгина алмаштирилади. Подшипник втулкаси тортилган, валга маҳкам шплинтланган бўлиши лозим.
    Вални айлантиринг. У енгил, қадалишларсиз ҳаракатланиши керак. Валнинг учига ўрнатилган шкив ёки юлдузчани икки қўллаб кескин кўтаринг. Подшипникли бирикмада тирқиш сезилса, унинг қийматини КИ-1871.02 мослама ёрдамида ўлчанг. Бу қиймат рухсат этилганидан ошмаслиги даркор.
    Шкив бортларининг ёнлама тепиши индикатор билан ўлчанади. Унинг қиймати 1–3 мм. дан ошмаслиги керак. Агар ошса, шкивни ечиб олиб, валнинг тепиши текширилади. Вал эгилган бўлса тўғриланади. Тепиш шунда ҳам йўқолмаса, шкив алмаштирилади.
   Сақловчи муфталар. Бошоқ, дон ва юклаш шнеклари, орқа контрюритмаси, мотовило, қия камера ва жатка шнегидаги сақловчи муфталар храповикларининг техник ҳолатини текширинг. Деталлари синган, едирилган ва эзилган муфталар таъмирланади. Сақловчи муфтани текшириш учун вал тормозланади, шкив ёки юлдузчага махсус ОПР-484-20 ричагли мослама ёрдамида 10–25 кгк.м қийматли максимал айлантирувчи момент берилади. Бунда шкив ёки юлдузча айланиб кетса, муфта деталлари текширувдан ўтказилади.
  Қирқиш аппарати ва узатмаси. Деталлар текширилади. Уларда, айниқса сегмент пичоқларда синишлар, ёриқлар бўлмаслиги керак. Пичоқ суянчиғининг кенглиги энг камида 17 мм бўлиши лозим. Бармоқ вкладиши ва пичоқ каллаги орасидаги тирқиш кенг¬лиги 3,25 мм. дан катта бўлса, брусдаги қистирмалар сонини камайтириш билан торайтирилади. Пичоқнинг тебраниш қадами 72,5 мм. дан катта ёки кичик бўлса узатма ростланади. Шатун ва кривошип вали подшипникларидаги тирқиш кенглиги 0,2, коромислода 0,8, карданли вал вилкасида 0,3 мм. дан ошмаслиги зарур.
   Мотовило. Трубалар, планкалар, тортқилар, ёйлар, подшипниклар, дискалар деформациясиз ва ёриқларсиз бўлиши даркор. Айланиш вариатори пастки шкивининг гупчаги ва цилиндри орасидаги тирқиш 0,5, етакловчи диск гупчаги ва цапфаси орасидаги тирқиш 0,7 мм. дан ошмаслиги керак. Бу қийматлар индикатор билан ўлчанади.
  Жатка шнеги. Винтсимон лента, кожухлар, бармоқлар ғилофи деформацияланганда, бармоқлар, втулкалар, маҳкамловчи деталлар синганда шнек таъмирланади. Бармоқлар ғилоф тешикларига эркин кириб чиқиши керак, ўқи атрофида айланиши мумкин эмас. Fилоф сирти ва шнек трубаси орасидаги тирқиш кенглиги 0,7 мм. дан ошганда ғилоф янгиланади. Қия камера. Таглик лист оралиқ шитоги, юқори ва пастки қопқоқлар ёрилганда ва узилганда, занжир йўналтиргичлари ейилганда камера таъмирланади. Шкив, юлдузча, занжирлар, подшипниклар, планкалар, пружиналардаги нуқсонлар бартараф этилади.
  Янчиш аппарати. Дон савағичлар, уларни барабан (ротор) дискларига маҳкамловчи болтлар, барча битерлар ва шитоклар текширилади. Савағич қовурғаларининг баландлиги 6 мм. дан кам бўлмаслиги лозим. Савағичлар маҳкамлиги болға билан енгил уриб текширилади. Қалтироқ овоз болтларнинг бўшаганидан далолатдир.
  Барабан валига ҳаракат берувчи шкив гупчагидаги шпонкали бирикмада тирқиш сезилмаслиги лозим. Барабан (ротор) рамага тўғри ўрнатилиши керак. Агар барабан савағичлари билан барабан остлиги (дека) планкалари орасидаги тирқишлар бирдай бўлса, бу талаб бажарилган ҳисобланади. Барабан остлигининг турли планкалари ва прутоклари узилган ва қаттиқ эгилганда, йўналтирувчи шитоклар ва осиш механизми эксцентриги корпуслари едирилганда дека таъмирга юборилади.
    Дон тозалаш механизмлари. Тебранма доска, сомонсилкитгич, юқори ва пастки ғалвирлар, бармоқлар, юқоридаги ғалвир узайтиргичи, вентилятор, тебрантирувчи валлар деталларининг техник ҳолати текширилади. Қадалиб ишлаётган подшипниклар, синган ёки эзилган жалюзалар, бармоқлар, эгилган узайтиргичлар алмаштирилсин.
   Тебранма доска, сомонсилкитгич ва ғалвирлар иш жараёнида бир-бирига ва рама корпусига тегмасдан ишлаши керак.
  Шнеклар, элеваторлар. Винтсимон ленталар ва кожухлар узилганда ёки эзилганда, валлар эгилганда шнеклар таъмирланади. Корпуслари эзилган, ёрилган, доскалари едирилган элеваторлар носоз деб баҳоланади. Элеватор занжири ва юлдузчаси текширилади. Резина қирғичларда учган ва титилган жойлар бўлмаслиги керак. Кожухи тешилган, ёрилган, парраклари синган вентилятор таъмирланади ёки алмаштирилади. Парраклар ва кожух орасидаги тирқиш бир хил бўлиши лозим. Энг асосийси, шнек ва элеваторлардан дон ва бошоқ тўкилмаслиги даркор.
  Юриш қисми. Вариатор гупчаклари орасидаги тирқиш кенглиги 0,5 мм. дан катталашса, таъмирланади. Узатмалар бир-бирига қийин қўшилса ёки ўз-ўзидан ажралса, илашиш муфтаси силтов билан уланса ёки шатаксираса, корпусда ёриқлар бўлса узатма қутиси ва муфта таъмирга тортилади. Тишлари синган ёки едирилган шестернялар носоз деб топилади. Ҳаракат давомида тормоз барабанлари ўз-ўзидан қизиб кетаверса ёки комбайн зарб билан тўхтаса ғилдираклар тормозларини таъмирлаш талаб этилади. Пайванд чокларида ёриқлар пайдо бўлган, кронштейнлари узилган, дифференциал ва борт редукторлари корпуслари дарз кетган, шестернялари едирилган орқа ва олд кўприклар таъмирланади.
  Гидравлик система. Шланг ва қувурлардан суюқлик томчиласа бирикмалар тортилсин, шунда ҳам тўхтамаса, алмаштирилсин. Мой тақсимлагич ва гидроцилиндрлар равон қўшилиши ва ажраши лозим. Жатка 4 секунд ичида тепага кўтарилиши керак.
   Тақсимлагич дастаги пружина таъсирида ишчи ҳолатдан нейтрал ҳолатга автоматик равишда қайтиши даркор. Дастакка қўйиладиган энг катта куч – 6 кгк. Агар гидробачокда мой кўпикласа гидроцилиндрлар штуцерлари гайкалари 1,5–2 оборотга бўшатилади ва системадан ҳаво чиқариб юборилади.
   Барча насосларнинг созлиги КИ–4200 стендда текширилади. Зарур бўлса ейилган таркибий қисмлар янгиларига алмашади. Агрегат, қисм ва деталларни диагностикалаш натижалари диагностика картасида қайд этилади, комбайнчи ва муҳандис-технолог томонидан имзоланади, МТП раҳбари томонидан тасдиқланади.
    Комбайнлар юқоридаги тартибларга биноан диагностика қилинганда соз ва носоз қисм ҳамда деталлар номма-ном аниқланади, таъмирлаш тури (жорий ёки капитал) танланади, едирилган деталлар олдиндан қайта тикланади, етмаган эҳтиёт қисмлар захираси барпо этилади, таъмирлаш ишларини графиклар асосида ўтказиш ва сифатли якунлашга эришилади.
    М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech