Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Чорвачиликни ривожлантиришда мустаҳкам озуқа базасини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун озуқа экинлари сифатли парваришланиши керак. Бедапояларда ўсимлик бўйи 5–6 см. га етганда фитономусга қарши рухсат этилган кимёвий воситалар билан ишлов ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Кимёвий ишловдан кейин албатта суғориш ишларини амалга ошириш зарур.
   Бедапоя биринчи ўримга бутун майдон бўйлаб баравар етилади ва максимал даражада ҳосил тўплайди. Шунинг учун биринчи ўримни ўсимликлар шоналаётган даврда бошлаш керак. Кейинги ўримларда беда ҳосили дастлабки ўримдагига нисбатан камроқ бўлади. Шунинг учун кейинги ўримларни беда гуллай бошлаганда ўтказиш тавсия этилади.
   Хашаки лавлаги уруғи СПЧ-6, СХУ-4 ва бошқалар ёрдамида қаторларининг кенглиги 60, 70 ёки 90 см қилиб (хўжаликларнинг ўз шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда) мартнинг охирги ўн кунлигидан апрелнинг биринчи ўн кунлигигача экиш тавсия этилади. Экиш схемаси қандай бўлишидан қатъий назар, кўчат қалинлиги гектар бошига 70–75 минг тупни ташкил этиши лозим.
   Ниҳоллар униб чиққач ва ягана қилингач бегона ўтлардан тозалаб туриш учун экин қатор ораларига механизмлар ёрдамида ишлов берилиб, қўл чопиғи ўтказилади. Ўсимлик май, июнь ойларда бир мартадан суғорилади.
   Дон ёки силос учун маккажўхори уруғи апрель ойида экилади. Бунда «Ўзбекистон–100», «Ўзбекистон–601 ЕСВ», «Кремнистия УзРОС» навларининг уруғини экиш тавсия этилади. Дон учун 22–25, силос учун 25–30 кг/га уруғ сеялкалар ёрдамида 5–6 см чуқурликка экилади.
   Азотли ўғитлар (N30) экиш билан бир вақтда ва ўсимлик 7–8 тадан барг чиқаргач, уни озиқлантириш пайтида (N120-150) солинади. Маккажўхори 10–12 тадан барг чиқарганда, рўваклай бошлаганда, султонлари гуллаб ва сўталари думбул бўлганида суғорилади.
  Ўта юқори ҳарорат, сув танқислиги ва шўрлаган ерларда силос учун оқжўхорининг «Ўзбекистон–5», «Ўзбекистон–18», «Тошкент оқ донлиси» навларини экиш яхши натижа беради.
    Кузги оралиқ экинлар – тритекале ва сули най чиқара бошлаганида гектар ҳисобига 100 кг азотли ўғитлар билан озиқлантирилиб, суғорилади. Юқоридаги тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса, чорва молларига мўл ва тўйимли озуқа жамғаришга эришилади.
     Б.Аллашов, С.Жамолов, А.Собиров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech