Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Жорий йилда мамлакатимизда 25 минг тоннадан зиёд «кумуш тола» етиштириш бўйича пилла етиштириш корхоналари билан 45394 та фермер хўжаликлари ўртасида контрактация-шартномалари тузилди.
   Мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда озуқа базасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш ва унинг озуқа базасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда.
  Вазирлар Маҳкамасининг пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш, фермер хўжаликларида 3 гектар ва ундан ортиқ тутзорлар ташкил этиб, уларнинг ёнида 15 қутига мўлжалланган қуртхоналар қуриш тўғрисидаги 2012 йил 3 январдаги мажлисининг 01-03-26-1 сонли баёни ҳамда 2012 йил 12 ноябрдаги «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги пахта заводлари ва уларнинг пахта қабул қилиш пунктларида пилла етиштириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ жойларда интенсив тутзорлар барпо этилмоқда.
  Жадал усулда бута тутзор ташкил этишда Ўзбекистон ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг олимлари томонидан яратилган 0,9х0,9 м схемадан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда тутнинг дурагай ниҳолларидан ёки пайванд қилинган навли кўчатларидан фойдаланилади. Тут ниҳоллари баҳорда ёки кузда экилади.
   Ниҳолларнинг илдиз бўғзи кузда экилганда ер юзасидан 4–5, баҳорда экилганда эса 2–3 см пастроқ бўлиб туриши керак.
   Тутзорлар бир йиллик ниҳоллардан ташкил этилган ҳолда, ниҳоллар экилиб бўлганидан сўнг суғориш учун эгат очилади ва тезда суғорилади. Ниҳоллар кузда экилса ҳам қишки совуқдан сақлаш мақсадида уларни зудлик билан суғориш лозим. Баҳорда ниҳоллардан ташкил топган тутзорлар бир йил давомида эркин ўсиб-ривожланиши учун қолдирилади. Иккинчи йили баҳорда кўчатлар кўкара бошлаганидан сўнг (икки маротаба суғорилганидан кейин) ер сатҳидан 10 см баландликда боғ қайчиси ёрдамида кесилади. Экилган кўчатларни биринчи ва иккинчи йил ўсиш даврида тез-тез суғориб туриш лозим. Суғориш ёзнинг биринчи ярмида ҳар 10–15, иккинчи ярмида эса ҳар 15–20 кунда ўтказилиши керак. Эгатлар ҳар бир суғоришдан сўнг ер етилиши билан КХУ-4 культиваторлари ёрдамида 10–15 см чуқурликда юмшатилади.
   Бута тутзорга экилган кўчатларнинг ҳар бир гектарига ўсиш даврида соф ҳолда 180 кг азотли, 90 кг фосфорли, 45 кг калийли ўғитлар солинади. Бу тадбир юқорида айтилган культиваторлар ёрдамида 10–15 см чуқурликда икки муддатда амалга оширилади: биринчи муддатда йиллик меъёрнинг 50 фоизи, биринчи суғоришдан сўнг кўчатлар кўкара бошлаганда, иккинчи муддатда йиллик меъёрнинг қолган қисми дастлабкисидан бир ой кейин берилади.
  Жадал усулда экилган бута тутзорларнинг иккинчи йили (бир йиллик кўчат даврида) ер сатҳидан 10 см юқоридан кесилгандан сўнг ўсиб чиққан новдаларни август ойида 3–4 та асосийлари қолдирилиб, майда новдалари танага тақаб кесиб ташланади.
   Бу усулда экилган бута тутзорларни новдалари, экилганининг учинчи йилида, ипак қурти боқиш учун ер юзасидан 20 см баландликда кесилади. Кесилаётган новдаларни мумкин қадар камроқ зарарлантириш, бунда фақатгина боғ қайчисидан фойдаланиш талаб этилади. Жадал усулда экилган тутзорларнинг қатор ораларига ишлов беришда биринчи ва иккинчи йили ғўза (пахта) қатор ораларида ишлатиладиган трактор ва культиваторлардан тўлиқ фойдаланиш мумкин.
    Новдалари ипак қуртини боқиш учун кесила бошлагандан сўнг тут қатор ораларини ишлаш, барг чиқаргунча уларни культивация қилиш даврида мўлжалланган ўғитнинг бир қисми билан озиқлантириш лозим.
  Иккинчи ишлов КХУ-4 маркали культиватор билан новдалари ипак қурти боқиш учун кесилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда тут қатор оралари культивация қилиниб, кўчатлар атрофи чопилади. Бундай тутзорларга йил мобайнида соф ҳолда 180 кг азот, 90 кг фосфор ва 45 кг калий ўғити икки муддатда қатор ораларига солинади: биринчиси баҳорда (март-апрелда), тут барглари чиқмасдан олдин, иккинчиси новдалари ипак қурти боқиш учун кесилгандан сўнг ёзда (июнда) солинади.
   Бундан ташқари тутзорларнинг гектарига ҳар икки йилда бир марта 10 тонна ҳисобидан органик ўғит – гўнг солинади. Бу тадбир кузда ёки баҳорда амалга оширилади. Тутзорларни барги кесилгунча икки маротаба, барги ипак қурти боқиш учун кесилгандан сўнг эса 6–7 маротаба суғориш талаб этилади. Вегетация даврининг охирида барги тушгандан сўнг қатор ораларида кузги ҳайдов ишлари ўтказилади.
     Ў.Қўчқоров, Д.Халматов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech