Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Қадимдан халқ табобатида беморларни даволашда асалари заҳри, гулчанги, она сути, мум ва асалдан кенг фойдаланилган. Шу боис ҳозирги кунда ҳам асаларичиликни ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда.
   Асаларичиликнинг ўзига хос муаммолари мавжуд. Асалариларга жиддий зарар етказадиган турли зараркунандаларни шулар сирасига киритиш мумкин. Парвоз қилаётган асалариларга ҳар хил қушлар, ҳашаротлар чанг солиб, уларни нобуд қилади. Асаларихоналарга чумолилар ҳужум қилиб, ари уясидаги асални ташиб кетиши, асаларихонасига жойлашиб олиши мумкин. Бундан ташқари асалари танасига ҳар хил каналар ёпишиб олиб, қонини сўриши ва асалари қуртчаларининг қирилишига олиб келиши кузатилади. Шунингдек, сичқон, қарқуноқ, арихўр, кўркинак каби асаларихўр қушлар, қовоқари ва филант арилар асаларичиликка катта зарар етказади.
    Асалари зараркунандаларини бартараф этиш учун асаларичилар қатъий чоралар кўришлари керак. Акс ҳолда улар асаларичиликка катта зиён етказади.
   Мум куяси икки хил, катта ва кичик бўлади. Кундуз кунлари мум куяси капалаклари махсус матолар ичига яшириниб ётади. Кечалари тухум қўяди, урғочи мум куя ўртача 12–15 кун яшайди. Шу муддат ичида арихона ёриқлари ва мумкатак рамкаларига 700 тагача тухум қўяди. 12 кунлигида тухумлардан майда қуртчалар чиқади. Кун қанчалик иссиқ бўлса, қуртчалар шунча тез капалакларга айланади. Ҳарорат паст бўлса, ўсиши тўхтайди ва уйқуга кетади. Ҳарорат +8 оС дан юқори бўлганда уйғонади ва нормал ҳаёт кечиради ҳамда мум куяси мум билан озиқланади. Мум куялари мум рамкалари, гулчанги, асал еб асалари қуртчаларига зарар етказади.
   Мум куясига қарши курашда арихона тешиклари, ёриқ жойларни беркитиш ва арихонани тоза сақлаш керак. Рамкалардаги мум куясини қоқиб тушириш, арихонани тоза тутиш, эски рамкаларни янгилаш, тозалашдан чиққан чиқиндиларни ёқиб юбориш, мум рамкаларни сақлашда мум куя капалаклари киролмайдиган қилиб сақлаш талаб этилади. Куя тушган рамкаларни эритиб юбориш ёки 80 % сирка кислотаси билан дезинфекциялаш керак.
   Асаларилар баҳор ва ёз ойларида сичқонларни уясига киришига йўл қўймайди. Ҳарорат совуқ бўлганда иссиқликни сақлаш мақсадида асаларилар ғуж бўлиб олишади, бу вақтда арихонани асаларилар қуриқлай олмайди. Қишда арихона эшиклари торайтирилмаган бўлса, сичқонлар ари қутиси ичига кириб, озуқа учун қолдирилган асал ва мумни еб кетади. Бунинг олдини олиш учун эшикчалар торайтирилиши ва арихона атрофига заҳарли ем сепиб қўйиш керак.
  Чумолилар асалариларнинг энг хавфли душманлардан биридир. Улар озуқа учун қолдирилган асални ташиб кетади ва уясининг иссиқ жойларига уя қуриб олади. Асалари оиласи кучсиз бўлса, чумолилардан ўзларини ҳимоя қила олмайди. Бунинг учун арихонанинг қозиқларига мой суркаб қўйиш керак.
    Асаларихўр қушлар ҳам асалариларга катта зарар етказади. Учиб чиққан асаларга кўркинак, арихўр ва қарқуноқлар ҳужум қилади. Бундай зараркунанда қушлар кўпайиб кетганида арихонани вақтинча бу ердан кўчириш мақсадга мувофиқ.
   Кўркинакнинг узунлиги 26 см бўлиб, танаси ва думи кўк-яшил, бўйни сариқ, бели қизғиш рангдаги қуш бўлиб, аризор атрофига жойлашиб олади. Учиш вақтида асалариларни тутиб ейди. Улар бир неча кун ичида битта асалари оиласини бутунлай қуритиши мумкин. Бунга қарши кураш чораси сифатида қушнинг уяси ичига олтингугурт солиш ва уяга кириш йўлларни тўсиб ташлаш керак.
   Қарқуноқ йиртқич қуш бўлиб, ҳашарот ва кичиқ ҳайвонлар билан озиқланади. Аризорда улар кўплаб учувчи асалариларни нобуд қилади ва бундан қутилиш учун уларнинг уясини бузиш, уларни қўрқитиб, чўчитиш зарур.
   Арихўрнинг узунлиги 64 см, белининг ранги қизғиш ва қорни оч қизғиш рангда бўлади. Арихўр асосан ари, тукли ари ва асаларилар билан озиқланади. Арихўрга қарши курашда қарқуноқ қушига қарши кураш каби усулни қўллаш мақсадга мувофиқдир.
  Қовоқари арилар ичида энг йириги бўлиб, узунлиги 25–30 мм. Дарахтлар каваги ёки том тагларига ин қуради. Кузда асаларилар совуқдан гужга кирганда қовоқарилар асалари уясига кириб олиб, асални еб, кўп қисмини нобуд қилади. Бунга қарши курашда унинг уясини вайрон қилиб, уларни ўлдириш керак. Бундан ташқари аризорга шароб сиркаси солинган шиша идиш қўйилса, қовоқариларни ўзига ром қилади ва унинг ичига тушиб нобуд бўлади. Бундай шароб сиркали идишни асаларилар учиши тўхтагандан сўнг қўйиб, эрталаб асаларилар учишни бошлашдан олдироқ олиб қўйиш керак.
   Филант бош қисми катта, ўзи кичик ари бўлиб, узунлги 16 мм. Якка тарзда ҳаёт кечиради. Урғочиси асаларини ўлдириб, қорнини эзиб, жиғилдондан чиққан асал ва гулшира билан озиқланади. Эркаги асалариларга зарар етказмайди, фақат гулшира билан озиқланади Филант асаларини фақат асали учун нобуд қилади ва асални сўриб олгач танасини ташлаб юборади. Бунга қарши курашда унинг уясини топиб гексахлоран ва бошқа препаратлар билан дорилаш керак.
  Асалари зараркунадаларига қарши курашда юқоридаги тадбирларни амалга оширсак, асалари оилаларни кўпайтиришга, ғўза, мевали дарахтлар ва бошқа гулшира берадиган экинларни чанглаб, ҳосилдорлигига ҳосил қўшадиган ҳамда инсонни ҳар хил касаликлар даволаш катта ўрин тутадиган асаларилар оиласини сақлаб қолишда бирмунча ютуқларга эришамиз.
    Ё.Шукуров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech