Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2013 00:00
Чорвачиликда қиш мавсуми ўта масъулиятли давр бўлиб, чорвани қишловдан беталофат, соғлом яхши семизлик даражасида олиб чиқиш чорвадорларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз. 
  Қорамолчиликда. Қишлов даврида қорамолларни ёруғ, илиқ (7–8 оС), тоза, қуруқ молхоналарда парваришлаш мақсадга мувофиқ. Бинонинг совуқлиги, тартибсизлиги, молларни етарли даражада озиқлантирилмаслик каби омиллар озуқа манбаларининг кўп сарфланишига, маҳсулдорликнинг кескин камайишига ва касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Озуқаларни яхши сақлашга эътибор қаратиш лозим. Бунда озуқаларнинг музлашига, намликнинг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бўғоз молларни туғишга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Бундай сигирларни тўғри озиқлантириш, парваришлаш, кунлик соғиб олинадиган сут миқдорини 5–8 кг. гача ошириш имконини беради. 
   Шу боис бўғоз сигир ва ғунажинларни туғишга тайёрлашда, асосий эътиборни тўла қийматли озиқлантиришга қаратиш талаб этилади. Чунки уларнинг семизлик даражаси туғиш даврида меъёрига етказилиши керак. Агар семизлик даражаси меъёр талабларидан паст бўлса, рационга қўшимча равишда 1–2 озуқа бирлиги қўшиш тавсия этилади. Умуман, рациондаги ҳар бир озуқа бирлигида 110–130 г ҳазмланувчи протеин бўлиши зарурлигини унутмаслик керак. 
   Қиш мавсумида сутдан чиққан сигирларни озиқлантириш, сақлаш ва парваришлаш шароитларига алоҳида эътибор бериш зарур. Зеро, туғишгача тўғри парваришлаб озиқлантирилган сигирлар эътиборсизлик билан боқилган сигирларга нисбатан 5–10 литр кўп сут беради. Семизлик даражаси ўртача ва ундан паст бўлган сигирлар рационига бир кеча-кундузда 110–120 грамм ҳазмланадиган протеин бўлган 1–2 озуқа бирлиги қўшиб берилади. 
   Бўғоз сигирларнинг туғишидан 7–10 кун аввал ва ундан кейинги дастлабки кунларда рациондаги ширали ва омухта ем миқдори бироз камайтирилади. Сигирларнинг физиологик ҳолатига қараб туққанидан кейин 3–6-кунларда суткасига рационига 0,5–1 килограмм омухта ем киритилиб борилади, 5–10-кунлардан бошлаб уларнинг рационига илдизмевали озуқалар, кейинроқ эса ширали озуқалар ва минерал қўшимчалар қўшиш мумкин, 10–15-кунларда сигирларга талаб бўйича ширали, дағал озуқалар ва омухта емлар меъёр бўйича берилади. Бўғоз сигирларни қиш даврида озуқа рационига беда ёки табиий пичан, чекланган миқдорда сомон, 10–15 кг. гача лавлаги, 8–10 кг. гача силос, 3–5 кг. гача концентратлар киритилади. 
 Қўйчиликда. Қиш фаслида қўй ва эчкиларни нормал об-ҳаво шароитида парваришлаш уларнинг соғломлиги, семизлиги ва яхши ривожланишига ҳамда жуннинг сифатига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Маълумки, қўй ва эчкиларнинг маҳсулдорлиги бевосита истеъмол қиладиган ем-хашакнинг сифати ва миқдорига боғлиқ. Қиш даврида яйловларда асосан тўйимсиз ўтларгина бўлади, бу эса қўй ва эчкиларнинг семизлик даражасига, айниқса, яйловларда ўт тақчил бўлган йилларда уларни меъёр даражасида сақлаш имкониятини қийинлаштиради. Қиш ойларида совлиқ ва она эчкилар 15–20 фоизгача ўз семизлигини йўқотади. Шу боис қўй ва эчкиларнинг қишлов жойида етарли миқдорда туз, хашак ва омихта-ем маҳсулотларининг тўлиқ захирасини яратиш зарур. 
  Қўй ва эчкиларни қишдан муваффақиятли олиб чиқишнинг муҳим шартларидан бири – бу кенг, яхши таъмирланадиган биноларда сақлашдир. Қўтонлар таъмирланмагани оқибатида турли касалликлар пайдо бўлиши, бўғоз совлиқ ва эчкилар бола ташлаб қўйиши мумкин. Қишловдан чиқиш ва қўзилатишнинг бошланишида совлиқ ва она эчкиларнинг парваришлашни тўғри ташкил этиш лозим. Қўзи ва улоқлар туғилгандан сўнг она сути ҳисобига ўсиб-ривожланади. Ҳар бир қўзи ва улоқларга алоҳида эътибор билан қараш талаб этилади. Улоқлар туғилгандан 20–30 дақиқа ўтгач оғиз сутини эмиши, кейинчалик эса ҳар 3–4 соатда онасини эмиб туришини кузатиб боришга эътибор қаратиш керак. 
   Қўзи ва улоқларнинг шамоллаб қолиши ва нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир секцияда 10–15 бошдан бир кунлик қўзи ва улоқлар сақланади. Секциялар қуруқ бўлиши учун сомон тўшалган, бинонинг иссиқлиги +10–15 оС атрофида бўлиши зарур. 
  Йилқичиликда. Қиш мавсумида наслдор айғирлар алоҳида отхонага жойлаштирилади. Бунда ҳар бир айғир учун алоҳида, 16 м2 дан кичик бўлмаган денниклар бўлиши керак. Айғирларнинг таглиги учун бир кунда 5 кг сомон ёки 15 кг ёғоч қипиғи солинади. Денниклардан гўнг ҳар куни чиқариб турилади, отхонанинг ҳарорати +4 оС дан тушиб кетмаслиги керак. Наслдор айғирлар ҳар куни майдончаларда яйратилади. Фақат қаттиқ совуқ кунлари яйратиш майдончаларига чиқарилмайди. 
   Айғирларда қочириш мавсумига тайёргарлик январнинг охири-февраль ойларидан бошланади ва бу даврда уларни озиқлантириш рациони кучайтирилади. Рационнинг тўйимлилиги айғирларнинг тирик вазни, зоти, ёши ва бошқа кўрсаткичларига қараб белгиланади. Рацион таркиби ҳар хил бўлиши отларни протеин, кальций, фосфор, каротин ва бошқа тўйимли ҳамда биологик актив моддаларга бўлган талабини тўлиқ қондириши керак. Рацион ҳар 2–3 ҳафтада ўзгартирилиб, янги озуқалар киритиб борилади. Рациондаги озуқа сифатли бўлиши талаб этилади. Отларни қочириш мавсумий бўлганлиги сабабли биялар қишловга асосан бўғоз ҳолида кириб келади. Қиш даврида бўғоз бияларни алоҳида парваришлаш мақсадга мувофиқ. 
   Қиш даврида бияларни тўлақийматли озиқлантириш ҳар хил озуқаларни танлаб олишга асосланади. Сифатли пичан билан бирга рационга ҳар хил турдаги концентрат ва ширали озуқалар киритилади. Қиш даври биялар бўғозлигининг иккинчи ярмига тўғри келганлиги сабабли рациондаги концентрат миқдори 1–2 кг. га кўпайтирилади. Бу даврда айниқса кепак ва арпадан атала, кунига 2 кг. дан сабзи, ўт ва гўшт-суяк уни ҳамда минерал-витаминли қўшимчалар бериш тавсия этилади. Қиш даврида биялар отхонага яқин яйловларга олиб чиқилади. Совуқ кунлари отхонада қолади ва яйратиш майдончаларида яйратилади. 
   Тойлар оналаридан ажратилгандан бошлаб отларга қўлланиладиган барча қоидалар уларга ҳам қўлланилади. Дастлаб тойларни арқонлаб юришга ўргатилади. Бунинг учун яйратиш майдончасига ёки яйловга олиб чиқишда юганланади. Отхонага арқонлаб олиб кирилади. Қиш даврида тойлар кунига 4 марта озиқлантирилади. Концентрат озуқалар 3 марта бўлиб берилса, пичан 4 марта, сабзи, лавлаги ва бошқа ширали озуқалар 1–2 марта берилади. Шундай қилиб қиш даврида отларга яхши озиқлантириш, асраш ва парваришлаш шароитлари яратилса қишлов беталофат ўтади ҳамда отлар бош сонини кўпайишига замин яратилади. 
   Асаларичиликда. Қишловга яхши ҳозирланган асалари оиласи ортиқча қаров талаб этмайди. Мўътадил қишлаётган асалари оиласи паст ва текис овозда ғувиллайди. Уянинг олд деворини секин чертсангиз асаларилар бир хилдаги шовқин билан жавоб қайтаради. Озуқа захираси тугаётган оилалар, қуруқ хазон барглари шитирлашидек жуда паст товуш чиқаради. Она асалариси бўлмаган оилалар ҳам тартибсиз шовқин чиқаради, бунда умумий шовқин ичидан алоҳида асаларилар ғувиллаши ажралиб туради. Асалариларни қишда кўздан кечириш мақсадга мувофиқ эмас. Лекин баъзида зарурат туғилганда улар кўздан кечирилади. 
   Асаларилар қишлов даврида кам ҳаракат қилади. Оилани кўздан кечириш даврида ромлар устидаги ёпқич мато оҳисталик билан кўтарилади. Мато ромларга ёпишган бўлса асаларилар ҳаракатлана бошлайди, лекин учмайди. Зарурат бўлмаса, фақатгина юзаки назорат билан кифояланиб, ромларни уядан олиш шарт эмас. Лекин шу пайтда тутундан фойдаланиш ноўриндир, акс ҳолда қишлов давридаги асалариларнинг ғужланишига салбий таъсир этади. Қишлов даврида озуқа етишмаганда асалари оиласи қўшимча озиқлантирилади. Лекин асалари оиласини қишда озиқлантириш энг номаъқул ҳолат ҳисобланади. 
   Агар захирада асалли ромлар олиб қўйилган бўлса, асалари оиласини озиқлантиришда қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун асалари уяси очилади ва аввалдан иссиқ хонада иситилган асалли ром асалари ғужи ёнига жойлаштирилади. Ҳаво жуда совуқ ва ромлар бирлигини бузиш имкони бўлмаган тақдирда асалли ром уядаги ғуж устига ётқизиб қўйилади. Ўзбекистоннинг об-ҳаво шароити асалариларга мунтазам равишда учиб юриш имконини беради. Шу боис асалари қутиларининг олд девори қишлов даврида жанубга қаратиб қўйилиши керак. Ҳатто йилнинг совуқ ойи ҳисобланган январда ҳам ҳаво ҳарорати 12–15 оС. га кўтарилганда, асаларилар ҳеч бўлмаганда бир марта тозаланиш учун ташқарига учиб чиқиши мумкин. 
   Асаларилар уяда иссиқликни сақлаш учун барча тешик ва ёриқларни прополис (асалари елими) билан беркитади. Бу ишни, айниқса, маҳаллий асалари популяциялари пухта бажаради. Улар барча шамоллатиш тешикларини беркитиб, фақат бир асалари зўрға сиғадиган торгина учиб-кириш туйнугини қолдиради. Бошқа зот асаларилари эса, учиш туйнуклари ҳамда шамоллатиш тешикларини деярли ҳамма вақт очиқ қолдиради. Кўпинча ёнма-ён турган айнан бир хилдаги асалари оилаларидан бири уя тешикларини жуда тез ва яхшилаб беркитса, иккинчиси эса очиқ қолдираверади. Озуқабоп экинлар етиштиришда. Озуқабоп экинлар етиштирувчи хўжаликларда қиш ойларида маҳаллий тупроқ-иқлим шароитлари, мавжуд техника, ўғит ва сув ресурслари эътиборда тутилган ҳолда технологик иш жараёнларини ўтказиш навбати ва муддатининг графиги тузилиб чиқилади. Қиш ойларида техника тайёргарлигига катта эътибор қаратиш лозим. 
   Февралнинг охири-мартнинг бошларида беда, ҳашаки лавлаги каби озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларни экишга тайёрлаш ва экиш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун уруғ захираларини кўздан кечириш, етарлича уруғлик жамғариш чораларини кўриш зарур. Бедани жанубий, марказий ҳамда Фарғона водийси вилоятларида «Тошкент–1», «Тошкент–2009», «Тошкент–1728», «Тошкент–3192» каби навларини 18–20, шимолий минтақаларда «Қорақалпоқ–15», «Қорақалпоқ–80», «Хоразм–2», «Хива» навларини 18–20, лалмикор ерларда «Бойгул» ва «Аридная» навларини 20–22 кг/га миқдорда экиш мақсадга мувофиқ. Асосий озуқабоп экинлардан ҳашаки лавлагининг серҳосил «Ўзбекистон нимқанд», «Ўзбекистон–83», «Эккендорф сариқ» навлари уруғини 8–10 кг/га миқдорида экиш тавсия этилади. Эски бедапоя ва оралиқ экинлар экилган майдонларни февраль-март ойларида об-ҳаво ва иқлим шароитларга қараб фосфорли (90 кг) ва калийли ўғитлар билан ўғитлаш мақсадга мувофиқ. 
    А.Нурматов, А.Болтаев, Б.Сванқулов, О.Тўраев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech