Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2013 00:00
Жорий йилнинг январь ойида ҳаво ҳарорати анча паст бўлиб, вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилганлиги боис боғ ва токзорларда айрим бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирларни ўтказишнинг имкони бўлмади. Шу боис бу тадбирларни февраль ойида қулай шароит яратилиши билан имкон қадар тезроқ бажаришга ҳаракат қилиш зарур. 
   Боғларда дастлаб уруғ мевали, сўнгра данак мевали дарахтларга куртак ёзгунга қадар шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишлари бажарилади, қуриб қолган дарахтлар боғдан олиб чиқилади. Шу пайтгача яҳоб суви берилмаган боғларга, албатта, бир маротаба яҳоб суви бериш зарур. Бунда ҳар гектар майдон 1500–2000 м3 меъёрдаги сув билан 3–4 кун давомида суғорилади. Янги боғ ва токзорларни изғирин ва шамоллардан ҳимоя қилиш мақсадида иҳота дарахтлари (жийда, тол, терак, ўрик ва бошқ.) экилган бўлиши зарур. 
   Ер ости суви яқин жойлашган майдонларда янги боғ-токзорлар барпо этишдан олдин коллектор-зовурлар қазилиб, зах сувлар сатҳи пасайтирилиш керак. Бунда далага 30–40 тонна гўнг солиниб, тупроқ 40–50 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади. Ҳосил берадиган боғлар қатор ораси 25–30 см чуқурликда ағдариб ҳайдалса, касаллик манбаи бўлган барглар йўқотилади. Февраль охири-март ойининг бошларида мевали дарахтлар танасини оқлаш зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг оҳак + 1,5 кг тупроқ аралаштириб, дарахтларнинг танаси ва она шохлари оқланади. 
  Боғларда шакл бериш, буташ ишлари якунлангач, ҳаво ҳарорати 5–6 оС. дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин қалқондор, шира битлари, кана, куя ва бошқа қишловчи ҳашаротлар захирасига қарши препарат N–30 нинг 5 фоизлиси пуркалади ёки Карбофос ёки Фозалоннинг 100 л сувга 0,5 кг ёки 1 гектарга 3–4 кг сарф билан ишлов берилади. Монилиоз, парша, ун шудрингга қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 даражали олтингугурт+оҳак қайнатмаси билан жиққа ҳўл бўлгунча ювилади. 10–12 кундан сўнг пуркаш ишлари такрорланади. 
  Данак мевали боғларда (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) клястероспориоз, монилиоз, шафтолининг барг бужмалоқлигига қарши 5 даражали ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 1 фоизли мис купороси ёки 2–3 фоизли темир купороси билан ишлов берилади. Боғлар хатосини тўлдириш учун ушбу навнинг кўчатидан олиб келиб ўрнатиш мақсадга мувофиқ. 
  Токзорларда темир-бетон устунларни ўрнатиш, эскиларини таъмирлаш ишлари давом эттирилади. Агар кузда токзорларга ўғит солинмаган бўлса, гектарига 15–20 тонна гўнг, 90 кг фосфорли ўғит солинади. Токзорларга иккинчи маротаба яҳоб суви бериб суғорилади. Соҳибкорларимиз юқоридаги агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришса, жорий йилда ҳам мўл ва сифатли ҳосил олишга пухта замин тайёрланади. 
    Р.Абдуллаев, У.Набиев
 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech