Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2013 00:00
Маълумки, эртаги муддатда экиладиган помидор, бақлажон ва ширин қалампир каби сабзавотларни экишдан олдин иссиқхона ва кўчатхоналарда сифатли қилиб кўчатларини тайёрлаб олиниши тавсия этилади. 
   Бунда экиш учун униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ҳамда навлар аралашмасидан ҳоли, юқори сифатли уруғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Кўчат етиштириш учун аввало ерни 20–25 см чуқурликда ҳайдаб, 0,8–1 метр қилиб пушта олинади. Пуштага икки қисм чириган гўнг, бир қисм тупроқ ва қум аралашмаси 8–10 см қалинликда солиб текисланса, уруғлар яхши униб ўсади. 
    Уруғларни экишдан олдин вирус касаликларига қарши қиздириб олиш тавсия этилади. Бунинг учун помидор, ширин қалампир, бақлажон уруғларини халтачага 200–250 граммдан солиб, термостат ёки қуритиш шкафида икки кеча-кундуз 50–52 ва бир кеча-кундуз 80 даражада қиздирилади. Экиш олдидан уруғларни саралаб олиш керак. Тўқ ва пучларини ажратиш учун уруғларни ош тузининг 3–5 фоизли сувли эритмасига 30 дақиқа солинади. Тўқ уруғлар сувга чўкади, сув юзида қолган пуч уруғлар олиб ташланади. 
   Уруғларни экишдан олдин уй ҳароратида 12–15 соат сувда ушлаб турилади, сўнг 1 литр сувга 2 ош қошиқ ёғоч кули солинган эритмада 2 соат ивитилади. Помидор ниҳоллари кўчириб ўтқазишга мўжалланганда 1 м2 майдонга 8–10, бир жойнинг ўзида етиштиришга мўлжалланганда эса 2–2,5 г ҳисобида уруғ сепилади. Ширин қалампир кўчириб ўтқазишга мўжалланганда 1 м2 майдонга 14–16, бир жойнинг ўзида етиштиришда эса 4–5 г ҳисобида уруғ сепилади. Бақлажон кўчириб ўтқазишга мўжалланганда ҳар 1 м2 майдонга 8–10, бир жойнинг ўзида етиштиришда эса 3–4 г ҳисобида уруғ сепилади ва устидан 1–1,5 см қалинликда эланган чириган гўнг ёки қипиқ сепиб, сўнгра устидан сув сепилади. 
   Марказий минтақа вилоятларида помидор, ширин қалампир ва бақлажон уруғини кўчатхона ва иссиқхоналарга экишнинг энг қулай муддати помидор учун 10–20, ширин қалампир ва бақлажон учун 1–10 февраль ҳисобланади. Бу жанубий вилоятларда 10–15 кун олдинроқ, шимолий минтақаларда эса 15–18 кун кечроқ амалга оширилади. Бунда помидорнинг маҳаллий Ситора, ТМК-22, Авицена, Шарқ юлдузи, Дўстлик, Севара, Шафақ, Сахий, Сурхон–142, Заковат, Нурафшон F1, ширин қалампирнинг Зумрад, Дар Ташкента, Заря Востока, Наргиза, Тонг, бақлажоннинг Феруз, Аврора, Алмаз навларини экиш тавсия этилади. Кўчат тайёрлаш учун ҳар гектар майдонга қуйидаги миқдорда уруғ сарфланади: помидорда 350–400, ширин қалампирда 1000, бақлажонда 600 г. Уруғ сепилгач бир ҳафта давомида ҳарорат кундузи 20–25, кечаси 10–14, кейинги ҳафтадан кундузи 20–22, кечаси 14–15 °С бўлиши керак. 
   Иссиқхона тупроғи намлигига кўра кўчатларни ўсув даврида 1 м2 майдон ҳисобига 6–7 л миқдорда суғорилади. Кўчатлар 2–3 барг чиқарганда орасини 5 х 6 см қилиб кўчириб (пикировка) ўтқазилади. Кўчат пикировка қилингандан 10–12 кун ўтгач биринчи озуқа: 10 л сувга 5 г аммиак селитраси ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб барг устидан берилади. Яна 6–7 кундан сўнг иккинчи озиқлантириш ўтказилади. Бунда ўғитларнинг миқдори юқоридаги кўрсаткичдан 2 марта кўпайтириб берилади. Учинчи озуқа кўчат далага экишдан 4–5 кун олдин биринчи озиқа миқдорида берилади. 
   Кўчатларни далага ўтқазишдан 6–8 кун олдин иссиқхона эшик ва дарчалари ҳамда ён томондаги плёнкаларни очиб қўйиб чиниқтирилади. Кўчатларни далага экишдан 1–2 кун олдин занг, ўргимчаккана ва шираларга қарши ишлов берилиши мақсадга мувофиқ. Бунда 20 м2 майдон ҳисобига 2,5 фоизли Децис препарати 0,2 мл ёки БИ-58 препарати 2 мл миқдорда 10 л сувга аралаштириб сепилади. Шунда кўчатларга ширалар 1 ой мобайнида дахл қилмайди. Шунингдек, 20 % Митак 5 мл ёки 57 % Омайт 3 мл миқдорда 10 л сувга аралаштириб 20 м2 жойдаги кўчатга сепилса, кўчатлар очиқ далага экилгандан кейин 1–1,5 ойгача занг ва ўргимчакканадан зарарланмайди. Кўчатларнинг бўйи 15–18 см. га етиб, 5–6 та барг чиқарганда очиқ далага экиш учун тайёр бўлади. 
  Хонадон ва дала шароитида сабзавот кўчатларини етиштириш учун чуқурлиги 0,5, кенглиги 1–1,2 метр, узунлиги ихтиёрий равишда хандақлар қазиб кўчатхона тайёрлаш мумкин. Хандақларга 15–20 см қалинликда гўнг, унинг устига 20 см қалинликда эланган тупроқ солинади ва полиэтилен плёнка тортилиб, ҳар 10х10 см оралиқда тешиб чиқилади. Унинг устига икки қисм чириган гўнг, бир қисм тупроқ ва чириган қипиқ аралашмаси 8–10 см қалинликда солиниб текисланади ва уруғ сепилади. Усти ишком (дуга) ҳолда эгилган симларга полиэтилен плёнка билан беркитилади. 
   Кўчатларни парваришлаш усули юқорида кўрсатилгандек бажарилади. Ҳар бир қуёшли кундан (соатидан) унумли фойдаланган ҳолда эртаги экинлар экиладиган майдонларни экишга сифатли тайёрлаш талаб этилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятлардаги сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларида эртаги экиш муддатида, яъни 5 февралдан 20 мартгача карам кўчати, пиёз, сабзи, редис, картошканинг эртаги навлари туганаги ҳамда сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғи экилади ва сепилади. 
   Эртаги экинларнинг бир қисми дастлабки ўсув даврида плёнка қопламаси остида парваришланса, ҳосилини оддий усулда етиштирилганга нисбатан камида 15–20 кун эрта йиғиб олиш мумкин. Помидор уруғларини далага тўғридан-тўғри мартнинг иккинчи ярмида экиш мумкин. Бунда уруғ экилган уялар устига қипиқ ёки чиринди ёки эгат устига юпқа қора плёнка ёпилса, уруғ тез кўкариб жадал ривожланади. Бунда 70х30 ёки 90х25 см экиш схемаси қўлланилади. Эртаги муддатда экиладиган пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавотлар уруғини СОН-2,8 русумли сабзавот экиш сеялкасида лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см оралиқда) ёки ушбу сеялка ёрдамида ёки қўлда сочма усулда экиш ҳам мумкин. Уруғ экилгач ҳар бир эгат устига кетма-кет чириган гўнг ёки ёғоч қипиғи сепиб мульчаланса,ниҳоллар тез кунда бўй кўрсатади. Бундан ташқари ҳосилнинг пишиш муддати тезлашади. 
   Бунда пиёзнинг Истиқбол, Зафар, Испан–313, Қоратол, Марғилон узунчоқ, сабзининг Мшак–195, Нурли, Зийнатли, Барака, Нантская каби навларини экиш тавсия қилинади. Эртаги картошка асосан февраль-март ойларида экилади. Эртаги картошка майдонлари кузда тайёрлаб қўйилмаган бўлса, ерларни ҳайдаб, текислаб 25–30 т/га. дан маҳаллий ўғит, фосфорли, калийли ўғитлар йиллик меъёрининг 20–25 фоизи солинади ва чизелланиб КРН-2,8 А русумли культиватор ёрдамида 70 ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олинади. 
  Эртаги картошка экишнинг мақбул муддати Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Фарғона водийси вилоятларида 25 февраль–10 март, Сурхондарё ва Қашқадарёда 15 февраль–1 март, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 10–20 март ҳисобланади. Бунда картошканинг эртаги Агаве, Санте, Гранола, Зарафшон, Ред Скарлет ва ўрта эртапишар Альвара, Аринда, Белуга, Виктория, Драга, Кондор, Карлена, ягона, Марфона, Пикассо каби навларини экиш этилади. Ҳосилдорликни кўпайтириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун картошканинг ундирилган (яровизация қилинган) туганаклари экилиши керак. Ундириб экилган туганаклар ундирилмаганга нисбатан 12–25 кун олдин униб чиқади ва ҳосилдорлик ортади. Картошкани бузилган бедапоя ўрнига иккинчи йили, карам, сабзи, пиёз, айниқса, полиз экинларидан бўшаган майдонларга экиш тавсия этилади. 
   Иссиқхонада қишки-баҳорги муддатда бодринг етиштириш учун кўчатлар тайёрлаб қўйилган уяларга экилади. Уяларни олдин кичик меъёрдаги Ридомил препарати билан дезинфекция қилиш зурур. Кўчат экилгандан 7–10 кундан кейин ўсимлик симбағазга тортилган ип билан боғлаб қўйилади. Кейин суғориш, ўғит бериш, эгатлар ва ўсимликлар ораларига ишлов бериш ишлари бажарилади. Исссиқхонада помидорни қишки-баҳорги парваришлашда ҳаво ҳарорати кундузи 20–24, кечаси 16–18 оС атрофида бўлишини таъминлаш зарур. 
   Маълумки, ёруғлик етарли бўлса ўсимлик фосфор ва калийга нисбатан кўпроқ азотни ўзлаштиради. Шу боис февралнинг 2-ярмида ўсимликка бериладиган элементларнинг нисбатини ўзгартириб, азотнинг миқдорини кўпайтириш керак. Ўткинчи оборотда помидор ўсимлиги поясини пастга тушириш муҳим аҳамиятга эга. Бу тадбир ўз вақтида сифатли амалга оширилса, ҳосилдорлик 1 м2 да 3,5 кг. гача ортади. Помидор гулларига ТУ препарати билан ишлов берилади. Ўсув даврида зараркунанда ва касалликларга қарши профилактик тадбирлар қўлланади. Юқоридаги тадбирлар ўз вақтида маромига етказиб амалга оширилса, иссиқхоналарда етиштирилаётган ҳамда очиқ далаларга эртаги муддатда экиладиган сабзавотлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилиб, халқимизнинг дастурхони янада тўкин, турмуши фаровон бўлади. 
    Б.Азимов, Н.Ибрагимов 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech