Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2013 00:00
Айни кунларда туман ва муқобил машина-трактор парклари, фермер хўжаликларининг устахоналарида тишли ва дискли борона, чизель-культиватор ҳамда мола-текислагич каби ерларни экишга тайёрлаш машиналарини таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. 
   Зеро, шудгорланган ерларни сифатли текислаб, майин тупроқ ҳосил қилиш, бегона ўт қолдиқларини йўқотиш чигитни бир хил чуқурликда экиб, ўндириб олишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ниҳолларни бир текис суғорилишига эришилади. Машина-механизмларни мавсумга сифатли тайёрлашда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз. БЗСС-1,0, БЗТС-1 ва БЗТХ-1,0 русумли тишли бороналарда қуйидаги нуқсонлар кўпроқ учрайди: тишлар маҳкамланадиган планкалар ва бороналарни бир-бири билан улайдиган илгакларнинг эгилиши ва буралиши, тишларнинг ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши. 
   Бу нуқсонларни бартараф этиш учун борона қисмларга ажратилади, планкалар ҳамда илгакларнинг эгилиши ва буралиши болғалаш йўли билан тўғриланади. Ўтмасланган, ейилган ва эгилган тишлар темирчилик усулида қиздирилади, болғалаб чўзилади, тўғриланади ва текисланади. Таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим. Чўзилган ва тўғриланган тишнинг иш қисми темирчилик печкасида 820–840 оС гача қиздирилади ва 30–35 оС ли сувга ботирилиб тобланади. Сўнг борона қайтадан йиғилади ва назорат плита устида текшириб кўрилади. 
  Қуйидаги шартлар бажарилганда тишли борона тўғри таъмирланган ҳисобланади: - борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги; - тишлар планкага гайка ва шайбалар ёрдамида маҳкамланган бўлиши ҳамда улардаги резьбаларнинг 2–4 ўрами гайка юзасидан ташқарига чиқиб туриши; - тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб турадиган қилиб ўрнатилиши; - тишларнинг тик ҳолатдан оғиши + 5 мм. дан ошмаслиги; - тишларнинг учлари билан назорат плитаси сирти орасидаги масофа 10 мм. дан ошмаслиги; - тишлар қолдирган излар орасидаги масофа 50 мм бўлиши, бундан четланиш эса 5 мм. дан ошмаслиги керак. БДТ-2,2, БДТ-3,0 ва ТДБ-3/5 дискли бороналарда энг кўп таъмирталаб қисм бу – сферик дисклардир. Улар сиртлари қийшайган, қиррали ўтмаслашган бўлади. 
  Сиртларни жойида уриб тўғрилаш мумкин эмас. Қийшайган диск ўқидан ечиб олинади, андоза устига жойлаштирилади ва болға билан бир текис қилиб тўғриланади. Дискнинг заводдан келтирилган янгиси андоза вазифасини бажариши мумкин. Дискнинг марказидаги квадрат шаклидаги тешик едирилган бўлса, унинг ичига пўлат шайба пайвандланади ва эгов билан ўлчамига келтирилади. Диск батареясининг ўқи эгилган бўлса, болғаланиб тўғриланади. Борона рамасидаги дарз кетган жойлар пайвандланади. ТДБ-3/5 боронанинг таянч ғилдираги шиналари батамом едирилган бўлса, янгиларига алмаштирилади. БДТ-3,0 боронадаги темир ғилдиракларнинг гардишлари эгилган бўлса тўғриланади, дарзлар пайвандланади, носоз подшипниклар ўрнига созлари қўйилади. 
   Ишлатилаверганидан диаметри кичрайиб кетган дискларни янгиларига алмаштириш шарт. ЧКУ-4А ва ЧК-4-6 чизель-культиваторларда юмшатувчи ва ўқёйсимон панжаларнинг ейилиши, ўтмасланиши ва синиши; улар ўрнатилган устунларнинг эгилиши ва буралиши; втулкалар, сальниклар бошқа туташма деталлардаги резьбаларнинг ейилиши; подшипникларнинг тўкилиши ва стопорларнинг ейилиши ва синиши; иш органлари ва бороналарни кўтариш механизмлари қисмларининг эгилиши ва буралиши каби носозликларни тузатиш талаб қилинади. Ўтмасланган юмшатувчи ва ўқёйсимон панжалар юқори томонидан чархланиб тикланади. Бунда тиғларнинг қалинлиги 1 мм. дан катта бўлмаслиги лозим. Панжа тиғи кўп ейилган, ўтмасланган, синган ва дарз кетган бўлса иш органи янгисига алмаштирилади. 
    Иш органларининг устунлари эгилган ва буралган бўлса, улар қиздириб тўғриланади. Панжалар устунларга сирти яримдоира шаклидаги болтлар билан маҳкамланиши керак. Устунлар эса рамага асосий болтдан ташқари иккита сақловчи (муҳофазаловчи) болтлар ёрдамида ўрнатилади. Ейилган втулкалар, сальниклар, тўкилган подшипниклар, уларнинг ейилган ва синган стопорлари ҳамда бошқа носоз деталлар янгисига алмаштирилади. Ўғит сочувчи аппаратнинг бункерларидаги тешиклар ва ёриқлар пайвандланади. Айланувчи қисмлардаги носоз подшипниклар алмаштирилади. Ўғит тушиш меъёрини ростловчи механизм деталлари эгилган, едирилган бўлса таъмирланади. 
  Раманинг эгилган қисмлари тўғриланади, ёриқлар пайванд қилинади. Таянч ғилдираклари подшипниклари текширилади, носоз бўлса тузатилади, тешик камералар ямалади, эски шиналар алмаштирилади. МВ-6,0 мола текислагичда пичоқлар тўмтоқлашган бўлса, уларнинг тиғлари темирчилик усули билан ўткирланади. Батамом тўмтоқлашган ёки тиғлари охиригача едирилган пичоқлар янгисига алмаштирилади. Четки секцияларни тутиб турувчи тортқиларнинг эгилган жойлари тўғриланади. 
   Хуллас, устахоналарнинг муҳандис-техник ходимлари, чилангарлар ва механизаторлар ерларнинг экишга ўз вақтида тайёрланиши юқорида қайд этилган таъмирлаш тадбирларини сифатли бажарилишига боғлиқ эканлигини унутмасликлари лозим. 
    М.Тошболтаев, А.Тўхтақўзиев 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech