Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2013 00:00
Ҳозирги кунда фермерлар ва соҳа мутахассисларининг асосий вазифалардан бири бошоқли дон экинлари экилган ҳар гектар майдондан юқори ва сифатли дон етиштиришдан иборат. Fалла парваришини республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. 
   Бунда ғаллани маъдан ўғитлар билан табақалаштирилган ҳолда озиқлантириш, суспензия сепиш, турли касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши ўз муддатида чора-тадбирларни қўллаш, атроф-муҳитни ифлосланишдан сақлаш ҳамда экологик тоза маҳсулот етиштириш имконини беради. 
   Айни кунларда бошоқли дон экинлари ниҳоллари қишки тиним даврини утамоқда. Бунда майдонларда тўлиқ кўчат олинганлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Агар ниҳоллар сийрак, ривождан орқа қолган бўлса, маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида суғоришни ташкил этиш талаб этилади. Бундан ташқари, ғалла ғўза қатор ораларига экилган майдонларни ғўзапоядан тозалаш ишларини тўлиқ тугатиш мақсадга мувофиқ. 
  Шунингдек, ғаллазорлар пайҳон қилинишининг олдини олиш мақсадида ўрнатилган четан тўсиқларни қайта таъмирлаш, қўшимча тўсиқлар ўрнатиш ҳамда дала қоровулларининг назоратини кучайтириш керак. Кузда суғориш ишлари охирига етказилмаган ҳамда сизот сувлари чуқур жойлашган майдонларда шароитга қараб чилла сувини кичик меъёрларда беришни ташкил этиш зарур. Бунда эгатларни саёзроқ, ўқариқ оралиғини эса 60–70 метр узунликда олиш сувни тежаш имконини беради. Республикамиз минтақаларининг ўрни ва об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ғаллани биринчи озиқлантириш 10–25 февралда амалга оширилади. 
   Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитларнинг йиллик меъёрининг (180–210 кг, соф ҳолада) 25 фоизини бериш тавсия қилинади (физик ҳолда 150–160 кг/га) Эрта баҳорги азотли озиқлантиришни биринчи навбатда кеч экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан ҳамда уруғлик учун экилган майдонларда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Қишловга тупланмасдан кирган ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан, маккажўхори ва кунгабоқар экинларидан сўнг ғалла экилган майдонларда қўшимча 100 кг. дан озиқлантириш яхши самара беради. 
  Эрта баҳорда тупроқ таркибидаги озиқа моддалари миқдори камайиб кетиши баробарида, ўсимлик нозик ҳолда қишдан чиқади ва озиқ моддаларга бўлган талаби ортади. Эрта баҳорги озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштиради. Ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради, 1 м2 майдонда 550–600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга замин яратади. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига ҳар гектардан 4–6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади. Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш жараёни бошланиши муҳим ўрин тутади. 
  Агар ўсимликларда ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб ҳаво ҳарорати тез кўтарилади, ривожланиш фазаларини ўтиш вақти ва озиқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тупланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азотли ўғитларни йиллик меъёрига нисбатан 25 фоиз эмас балки 30 фоизга оширилиши тавсия қилинади. Эрта баҳорги озиқлантиришда азот меъёри бундан оширилганда ўғитнинг ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетади. 
   Озиқлантиришдан сўнг ҳар бир минтақада тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда 500–700 м3/га меъёрда суғорилади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 50–60 фоизи шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради. 
  Эрта баҳорда майса ривожланиши суст бўлган майдонларга минерал ўғитлар суспензиясини тайёрлаб барг орқали қўшимча озиқлантирилса, ўсимликларнинг ривожланишини тезлаштиради. Бунда ишчи эритма тайёрлашда 12 кг аммофос, 6 кг калий ва 6 кг карбамид азотли ўғитларни 300 литр сувда эритиб махсус пуркагичлар ёрдамида ғаллазорларга сепилиши ижобий натижа беради. Озиқлантиришда навларнинг биологик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда эртапишарлиги (Есаул, Кума, Никония, Селянка, Чиллаки, Андижон–4, Бобур, Марс–1, Туркистон), ўртапишарлиги (Крошка, Нота, Таня, Купава, Краснодар–99, Андижон–2, Жайхун, Яксарт) ва кечпишарлигига (Половчанка, Память, Восторг, Андижон–1, Дурдона) алоҳида эътибор бериш керак. 
  Чунки эртапишар навларда бошқа навларга нисбатан ўсиш ва ривожланиш фазаларининг ўтиши 7–10 кун эрта бошланади. Бу эса эртапишар навларни бошқа навларга нисбатан 10 кун эртароқ озиқлантиришни талаб этади. Ойнинг охирида агрономларнинг хулосаларини инобатган олган ҳолда, турли касаллик, зараркунанда, ҳашорат ва бегона ўтлардан кучли зарарланган майдонларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Умуман олганда, фермерларимиз агротехник тадбирларни белгиланган муддатда, маромига етказиб бажарсалар жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил кўтаришга эришадилар. 
   Р.Сиддиқов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech