Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2013 00:00
Чорва моллари маҳсулдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишда мустаҳкам озуқа базасини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Фермерлар, шахсий ёрдамчи, деҳқон хўжаликлари кўкламнинг илк кунларида озуқабоп экинлар етиштиришга катта масъулият билан ёндошишни талаб қилади. Негаки, март ойда эски бедапояларда экиннинг янада яхшироқ туплаши учун фосфорли (Р90) ва калилий (К60) ўғитлар билан озиқлантириш ва дискалаши лозим. Бунда дискаларнинг қия қилиб жойлаштирилиши минимал бўлиши талаб этилади. Беданинг бўйи 5–6 см ўсганда фитономус зараркунандасига қарши кимёвий воситалар билан ишлов берилади ва об-ҳаво шароитига қараб суғорилади.
    Шунда бедапоя биринчи ўримга бутун майдон бўйлаб баравар етилади ва максимал даражада ҳосил тўплайди. Биринчи ўримни ўсимликлар шоналаётган даврда бошлаш керак. Сенаж тайёрлаш технологияси яхши ўзлаштирилган хўжаликларда беданинг биринчи ўримидан сенаж тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Хашаки лавлаги сеялкаларининг мавжуд бўлган турлари СПЧ-6, СХУ-4 ва бошқалар ёрдамида қаторларининг кенглиги 60, 70 ёки 90 см қилиб, (муайян хўжаликнинг ўз шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда) марказий минтақада (Тошкент, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Фарғона водийсида) март ойининг биринчи ўн кунлигида, жанубий вилоятларда февраль ойининг охирларида, шимолий минтақаларда апрель ойиниг бошида экилади.
    Хашаки лавлаги уруғлари пунктир қилиб экилса, улар униб чиққандан кейин яганалашга ҳожат қолмайди ва натижада харажатлар камаяди. Экиш схемаси қандай бўлишидан қатъий назар, кўчат қалинлиги гектарига 70–75 минг тупни ташкил этиши лозим. Ниҳоллар униб чиққач ва ягана қилингач, пайкалларни бегона ўтлардан тозалаб туриш учун қатор ораларига механизмлар ёрдамида ишлов берилади ва қўл чопиғи ўтказилади. Маккажўхори силос ва дон учун март ойининг охирги декадасида экилади.
   Бунда «Ўзбекистон–100», «Ўзбекистон–601 ЕСВ», «Кремнистия УзРОС», «Қорасув–350 АМВ» навлари ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Ўта юқори ҳарорат, сув танқислиги ва шўрланган ерларда маккажўхори яхши ўсмайдиган минтақаларда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва бошқа вилоятларда) силос учун оқ жўхорининг «Ўзбекистон–18», «Тошкент оқ донлиси» каби навларини экиш яхши натижа беради. Чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлаш учун ҳар бир хўжаликда озуқага бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, у ёки бу экин экиб ўстиришнинг аниқ мўлжали ва экинларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иш олиб борилса, натижаларга эришилади.
     С.Ахмедова, С.Жамолов, А.Сабиров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech