Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2013 00:00
Бу йил ўлкамизга баҳор ўтган йилга нисбатан эрта кириб келмоқда. Февраль ойида кунлар бирмунча илиқ ёғингарчилик камроқ бўлганлиги боис дарахтларда куртаклар бўртиб, гуллаш арафасида. Данакли мевалилар гуллашига қадар тезлик билан боғларда шакл бериш, буташ ва сийраклаштириш ишларини тугаллаш зарур. Боғ қатор ораларини ҳайдаш, суғориш учун эгатларни олиш, дарахт тагларини ағдариб чопиш ишларини бажариш керак.
   Республикамизда 5,2 минг гектардан зиёд интенсив боғлар барпо этилган бўлиб, ушбу пакана пайвандтагдаги кўчатлар 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади. Бунда кўчатлар веретино шаклида кесилади, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ шохлашига эътибор қаратилади.
  Шохланган шохлар июль–август ойларида 90 о эгилади ва симбағазларга боғланади. Ёш новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиши учун улар вақти-вақти билан чилпиб (чеканка) турилади.
   Кўчатларни симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун биринчи йилдаёқ темир-бетон устунлар ўрнатилади. Экиш схемасига қараб, бир гектар майдонга қатор ораси 3 м бўлганда 429, 3,5 м бўлганда 370, 4 м бўлганда эса 325 дона темир-бетон устун сарфланади. Рухланган 2,5 мм қалинликдаги симдан 450–600 кг сарфланади. Янги боғларга темир-бетон устунлар ўрнатилиб ҳамда сим тортилгач, олма, нок кўчатларининг новдалари симларга боғлаб чиқилади.
   Катта ёшдаги дарахтларни ёшартириш, бошқа турдаги ёки навларга пайванд қилиш учун олдиндан олиб қўйилган новдаларни дарахтларга қайта улаш-искана пайванд қилиш ишлари бажарилади. Дарахт гулларининг яхши чангланиши учун албатта асалари уяларини олиб келиб ўрнатиш зарур. Гулдан чиққан дарахтларга «Топсин-М» (1,0 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш ҳам яхши самара беради. «Байлетон» (0,5 л/га), «Вектра» (0,5 л/га), «Фоликур» (0,4 л/га) препаратларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
    Янги боғларни барпо этиш жараёнида кўчат экиш майдонини режалаш ва тайёрлаш, суғориш эгатларини олиш, ёш ниҳоллар танасини оқлаш каби юмушларни сифатли бажариш талаб этилади. Мевали кўчатларни экишда уларнинг турлари навлари ҳамда кўчатнинг пайвандтагига эътибор бериш зарур.
    Интенсив боғларни барпо этишда пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари қатор ораси 3,5 х 2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5 х 3 м, нок кўчатлари учун 3,5 х 2 м, ўрта ўсувчи учун 3,5 х 2,5 м, ММ-106 пайвандтагига уланган ўрта ўсувчи олма кўчатлари 6 х 4 м, 6 х 5 м, нок учун 5 х 3 м, 5 х 4 м экиш схемалари тавсия этилади.
   Жорий йилда «Мева-шарбат» боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш корпорацияси тизимидаги филиаллар ҳамда тажриба хўжаликларида янги интенсив боғлар яратиш учун 500 минг донага яқин ММ-106 ярим пакана пайвандтагига уланган олманинг Давлат реестрига киритилган эртаги «Қизил тарам олма» «Старк Эрлист», ёзги «Боровинка ташкентская», кузги «Голден делишес», «Старкримсон», «Кинг Девид», қишки «Ренет Симиренко», «Нафис» каби навларининг кўчатлари етиштирилди.
    Ҳосилдорлик нафақат нав, пайвандтаг ва агротехник тадбирлар сифати, балки кўчатлар туп ва қатор оралиғига ҳам боғлиқ. Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатлари қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма – 8 х 7 м, 8 х 6 м, нок – 8 х 6 м, 8 х 5 м, беҳи – 6 х 4 м, 5 х 4 м, ўрик – 8 х 7 м, 8 х 6 м, гилос – 8 х 7 м, 8 х 6 м, олхўри – 6 х 5 м, 6 х 4 м, шафтоли – 6 х 4 м, 5 х 4 м, ёнғоқ – 8 х 8 м, 8 х 7 м, бодом – 6 х 5 м, 6 х 4 м, хурмо – 6 х 6 м, 6 х 5 м, олча – 6 х 4 м.
    Шамоллардан ҳимоялаш мақсадида боғ атрофига терак, ўрик, жийда, ёнғоқ каби дарахтларни экиш зарур. Март ойининг иккинчи ярмидан ток тупларини очиб, уларни симбағазларга кўтариб боғланади. Кузда ток тупида қолган узун новдаларни парҳама (пархеш) қилиб оралари тўлдирилади. Ток туплари органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Бунда 10–20 тонна гўнг, N60К30 кг/га ҳисобида солиниб, токзор қатор ва туп ораларини ҳайдаб қўйилади.
   Резавор мевали боғлардаги қулупнай эрта кўкариб, ривожланиши боис тезда қатор ораси юмшатилади. ҳосилдорлик асосан тупроқни кўкламги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлиб, ишлов қанчалик эрта ўтказилса, ҳосил шунча юқори бўлади, кеч қолган сари ҳосилдорлик ҳам пасайиб бораверади. Шу сабабли қулупнайзорда ишлаш имконияти туғилди дегунча, экин қатор ораларини 10–12 см чуқурликда юмшатиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов берилади.
   Тупроқ унумдорлигига қараб, ерга соф ҳолда азотли ўғит 120–180 кг, фосфор 90–120 ва калий 30–60 кг/га солинади. Азот ва фосфорли ўғитларнинг ярми баҳорда (март) қолган иккинчи ярми ҳосил териб олингандан сўнг солинади. Бу вақтда ўсимлик келаси йили ҳосил куртакларини йиға бошлайди. Март ойида ҳаво қуриқ келиб, ёғингарчилик кам бўлса, қулупнайзор бир марта суғорилади.
   Қорағатзорларда баҳорда 120–150 кг ҳисобида азотли ўғит солиб, қатор атрофлари 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади. Қорағат кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлганлиги боис, ҳар йили кўп миқдорда янги новдалар ўсиб-ривожланади. Шунинг учун ҳар йили янги бир йиллик новдалардан 5–6 та қолдириб, қолганлари кесиб ташланади. 4–5 ёшли бир туп қорағатда 20–25 та ҳар хил ёшдаги новдалар бўлиши керак. 5 ёшли новдалар кузда бутунлай кесиб ташланиб, ўрнига бир ёшли новда қолдирилади. Малиназорлар қатор ораси 10–12, туп атрофи 4–5 см чуқурликда тупроқ юмшатилиб, гектарига 150–200 кг азотли ўғит солиш керак.
  Малина новдалари 2 йиллик бўлиб, биринчи йили ўсиб-ривожланади, иккинчи йили ҳосил бериб бўлгач новда қурийди. Шунинг учун эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади ҳамда ўсиб-ривожланган новдаларни 150–160 см узунликда қолдириб, қолган қисми кесилади. Шунда ушбу новдалардан чиққан гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик бўлади. Боғ-токзорлар ҳамда резавор мевали боғларда юқорида қайд этилган агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса, мўл ва юқори сифатли ҳосил олиш имконияти яратилади.
    Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech