Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Апрел 2013 00:00
Ҳар йили баҳор ва ёз ойларида жаҳоннинг айрим минтақаларида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги бўйича мараккаб эпидемик ва эпизоотик вазият юзага келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига кўра, ўтган 2012 йилда Европа давлатларида 10 ҳолатда, Осиё давлатларида 69 ҳолатда ушбу касаллик қайд этилган.
   Республикамизда ҳам 2012 йилда касалликнинг табиий ўчоқларида 34 ҳолатда геморрагик иситма касаллиги рўйхатга олинди. Ушбу касаллик асосан эрта баҳор ойларида ҳаво ҳарорати кўтарилганда пайдо бўлади. Негаки, баҳорда касалликни келтириб чиқарувчи каналарни ривожланиши учун қулай шароит туғилади.
  Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги – ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар юзага келтиради. Вирус қонга тушгач, майда қон томирлар капиллярларини шикастлайди. Натижада тўқима, тана аъзоларида қон айланиш жараёни бузилади ҳамда организмнинг кислород билан таъминланиш тизими ишдан чиқади. Ана шунинг оқибатида тана аъзоларининг фаолияти бузилиб, геморрагик иситма касаллигини юқтирган бемор ҳаётига хавф туғилади.
  Касалликни қўзғатувчиси вируслар ҳисобланади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусини юқтирувчи воситачилардир. Касаллик трансмиссив (кана чаққанда) ва мулоқот (қўл билан канани эзганда) йўллари билан юқади. Мавсумийлиги асосан баҳор-ёз ойларига тўғри келади. Кўпроқ чўпонлар, ветеринария ходимлари, сут маҳсулоти билан ишлайдиган ходимлар, уйда чорва молларига қарайдиган кишилар касалланади.
   Касалликнинг яширин даври 3–6 кунни ташкил этади. Касаллик ўткир бошланади, юқори иситма 40 °С гача, умумий интоксикация белгилари пайдо бўлади. 2–3 кундан сўнг геморрагик синдромлар терига қон қуйилишлар, бурундан, милкдан, ичакдан, бачадондан қон кетиш кузатилади. Организмдаги барча орган ва системаларда ўзгаришлар содир бўлади. Касаллик эрта англаниб, тўғри ташхис қўйиб даволанилмаса, оғир оқибатга олиб келиши мумкин.
  Касалликнинг ташхисоти клиник белгилари эпидемиологик ва лаборатор маълумотлари асосида қўйилади. Геморрагик иситма касаллиги давомида комплекс даволаш чора-тадбирлари олиб борилади. Касал бўлиб ўтган беморларнинг қон зардоби олинади ва касал одамга қуйилади.
   Касалликнинг олдини олишда тиббиёт ходимлари юқори иситма ва қон кетиш билан келган беморларга алоҳида эътибор бериши керак. Касаллик гемаррогик иситмага гумон қилинганда, дарҳол юқори ташкилотларга хабар бериш ва Ф-58 (шошилинч хабарнома) тўлдирилиши шарт. Дарҳол ҳимоя кийимларини (БИК) кийиб, очиқ қисмлари ва қўлини зарарсизлантиради. Касални изоляция қилиб, юқумли касалликлар шифохонасига ўтказиш чора-тадбирларини кўради.
  Касал билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхатини тузиб, 1 кун изоляция қилинади. Транспортда дезвоситалар бўлиши шарт. Бемор махсус транспортда юқумли касалликлар шифохонасига етказилади. Касаллик ўчоғида якуний дезинфекция ишлари ўтказилади. Юқумли касалликлар шифохонасида тиббиёт ходимлари шахсий ҳимоя воситалари кийиб, беморни алоҳида хонага жойлаштириши шарт.
   Даволаш муолажаларидан сўнг перчаткани дезрастворда чайқаб, сувда ювилади ва яна дезрастворга солиб қўйилади. Ҳалат, қалпоқ, ниқоб 3–5 фоизли хлораминга солиб қўйилади. Палата 0,5–1 фоизли хлорамин билан артилади. Бемор чиқиндилари хлорли оҳакка солинади. Идишларни 2 фоизли сода растворида, оқликлари дезкамерада ишловдан ўтказилади. Анализ олишда тиббиёт ходимларининг ҳушёрлиги талаб этилади. Намуналар эҳтиёткорлик билан вирусология лабораториясига жўнатилади.
   Касалхонада ички инфекциялар тарқалмаслиги олдини олиш мақсадида тиббиёт ходимлари ўртасида махсус инструктаж ўтказилади. Тиббиёт муассасаларида бир марталик шприц ва қон қуйиш системаларидан фойдаланиш зарур. Касаллардан қон олишда шахсий гигиенага риоя этиш зарур. Геморрагик иситма билан оғриган бемор 5 йил диспансер назоратида бўлади. Улардан донар сифатида фойдаланиш таъқиқланади.
  Ветеринария ва тиббиёт ходимлари ходимлари геморрагик иситманинг олдини олиш мақсадида, ҳайвон юнгини қирқишда махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланиши, қўйхоналар, қўра-қўтонларда каналарга қарши дезинсекция тадбирларини мунтазам олиб бориши керак. Қўйчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида қирқим мавсумида чўпонларни жун оладиган машинкалар, махсус ҳимоя кийимлари, дори қутилари билан тўлиқ таъминлаш талаб этилади. Аҳоли ўртасида айниқса, чорвачилик билан шуғулланувчи шахслар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориш талаб этилади.
   И.Исақов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech