Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Апрел 00:00

Далаларда элнинг ризқ-рўзи

апрел ойида ғалла парваришидаамалга ошириладиган долзарб чора-тадбирлар

Бу йил қиш ойларида об-ҳавонинг қуруқ ва илиқ келиши, март ойининг биринчи ўн кунлиги серёғин, ҳаво ҳароратининг паст келиши кузатилди.

Бунинг натижасида ғаллани озиқлантириш, суғориш ҳамда касалликларга қарши кураш чоралари ҳар йилгига нисбатан 5-10 кун кечикиб амалга оширилмоқда. Ғаллачиликда апрел ойи ғалла ҳосилининг тақдирини ҳал қиладиган ой ҳисобланиб, бу давр ғалладан юқори ҳосил олиш учун зарур бўлган муҳим агротехник чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга оширишни тақозо этади.

Шунинг учун бу ойда баҳорги озиқлантириш ишларини ғалланинг ривожига қараб, мақбул муддатларда экилган, ҳозирги кунда найчалаш фазасида ривожланаётган ғалла майдонларига физик ҳолда 250-300 кг. азотли ўғитлар билан ўғитлаш, ривожи паст бўлган кеч экилган ғалла майдонларда апрел ойида азотли ўғитларни ўзлаштириш ҳолатига қараб икки марта азотли ўғитлар билан озиқлантириш ишларини амалга ошириш, бунда биринчи озиқлантириш гектарига 200-250 кг, 15-20 кун ўтказиб, иккинчи озиқлантиришда гектарига физик ҳолда 100-150 кг меъёрда ўтказиш тавсия этилади.

Озиқлантирилган майдонларда минтақанинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, ғаллани 600-700 м3 меъёрда сифатли суғориш, суғориш ишларини шарбат усулида гектарига 5 тонна маҳаллий ўғит ҳисобида амалга ошириш ўз самарасини беради.

Апрель ойида ғалланинг найчалаш даври давом этаётган вақтда поянинг энг пастки қисми бўртиб, шиш ҳосил бўлиши билан бошланади. Мазкур шиш тупроқнинг устки қисмидан 3-5 см баландликда ривожланади.

Тупроқдаги намлик, озуқа моддаларнинг миқдорига қараб, ҳар бир бўғин ораси узун ёки қисқалиги найча ичида шаклланаётган бошоқлардаги доннинг сони қанча бўлишини кўрсатади. Кузги буғдойнинг найчалаш даври давомийлиги 25-30 кунни ташкил этади. Шу қисқа даврда буғдой ўсимлиги бутун ўсув даврида тўплайдиган қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди.

Найчалаш фазасида намлик ва озиқ моддалар етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир қилади. Шунинг учун апрель ойида ғалла майдонларида намликнинг чекланган дала нам сиғимига (ЧДНС) нисбатан 70-75 фоиз бўлишини таъминлаш ҳамда азотли ўғитларнинг йиллик меъёрининг 40-50 фоизини (физик ҳолда 250-300 кг) бериш муҳим ҳисобланади.

Бундан ташқари, ғалла майдонларида барг орқали озиқлантиришда суспензия билан ишлов берилганда, гектарига 15-20 кг. дан карбамид ҳисобида 300 литр ишчи эритма билан 1-2 марта ишлов бериш ёки ўсимликларнинг ўсиб ривожланишини жадаллаштирувчи, таркибида Гумин кислоталари бўлган биопрепаратлар билан ишлов беришни амалга ошириш тавсия этилади. Баргидан қўшимча озиқлантирилганда, айниқса, ривожи паст кеч экилган ғалла майдонларда ғалланинг ривожи тезлашади ва маҳсулдор пояларнинг шаклланишига ижобий таъсир этиб, ҳосилдорликнинг ортишига олиб келади.

Ғалла майдонларида зарарли организмларга қарши тўртлик усулида кимёвий препаратлар билан ишлов бериш ишларини амалга ошириш муҳим агротехник тадбирлардан биридир. Апрель ойида зараркунанда ҳашоратлардан шиллиққурт, зарарли хасва, буғдой трипси, шира, арракаш кабилар ғаллани зарарлаши давом этади. Шунингдек, серёғин, нам келган йилларда ғалланинг замбуруғли касалликларидан сариқ, қўнғир занг, септариоз, ун-шудринг ва фузариоз касалликларининг ғалла майдонларини зарарлашини инобатга олиб, доимий кузатув ва қарши кураш чораларини эртароқ кўриш керак. Акс ҳолда, бу тадбирларнинг кечиктирилиши сабабли ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар эпидемиясининг кучли ривожланиши, атрофга кенг тарқалиши оқибатида дон сифати ва ҳосилдорликнинг 25-30 фоизгача пасайишига олиб келади.

Ғаллазорларда бегона ўтларга қарши курашда уларнинг тур-хили ва тарқалишига қараб, 5 апрелгача гербицидлар билан ишлов беришни якунлаш лозим. Бу даврдан кечиктирилганда, ғалла найчалаш фазасига тўла ўтади ва ғалла ниҳолларида бошоқ шаклланаётганлиги сабабли бошоқларга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг шаклланиши 5-10 кунга кечикишига олиб келади.

Ғалла майдонларида учрайдиган замбуруғли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш учун қуйидаги кимёвий препаратлардан: Топ Кроп гектарига 0,2-0,3 литр, Прозолин 420 к.с гектарига 0,45-0,6 литр, Тилтазол 50% к.к.р гектарига 0,2 литр, Альто Супер 33% гектарига 0,3 литр, Титул Дуо гектарига 0,2 литр, Энтоликур гектарига 0,3-0,5 литр меъёрда гектарига 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш тавсия этилади.

Ғаллазордаги ихтисослашган зараркунандаларга қарши, иқтисодий зарари меъёридан ортиқ бўлса, рухсат этилган кимёвий воситалардан Далатэ Плюс 10% э.к гектарига 0,05-0,4 литр, Агрофос-Д 10% к.э гектарига 0,5-1,5 литр, Агрофос Экстра гектарига 0,2 литр, Бестелер гектарига 0,05-0,1 литр, Делцис 2,5% гектарига 0,25 литр, Багира 20% с.э.к гектарига 0,07-0,1 литр препаратлари билан гектарига 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб, ишлов бериш ўзининг ижобий самарасини беради.

Бунда касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг тарқалиш ўчоқларига барча турдаги штангали ОВХ пуркагичлар, қўл аппаратлари билан ўз муддатида, сифатли ишлов бериш талаб этилади.

Апрель ойининг учинчи ўн кунлигида эрта экилган эрта ва ўртапишар ғалла навларининг аксарияти тўлиқ бошоқлаш ва гуллаш фазасига кириши кўп йиллик тажрибаларда кузатилган. Бу даврда ғалланинг бошоқлаш даврида гектарига физик ҳолда 100-150 кг. азотли ўғитлар билан озиқлантириш, озиқлантирилган майдонларда дала нам сиғимини сақлаш учун 600-650 м3 суғориш ишларини амалга ошириш талаб этилади.

Ғалла майдонларида юқорида кўрсатилган агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилганда, ғалладан кутилаётган ҳосилга нисбатан 10-15 центнер қўшимча хосил олишга эришилади.

Равшанбек Сиддиқов,

ДДЭИТИ директори, қ.х.ф.д.,

РФА академиги,

Тожидин Рахимов,

қ.х.ф.ф.д. 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech