Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Апрел 00:00

Кенглиги 76 см бўлган ғўза қатор ораларига ишлов берадиган культиваторни ишлатиш тартиби

Ғўза қатор ораларига ишлов беришдан асосий мақсад – бегона ўтларга қарши курашиш, тупроқнинг юза қисмини майин юмшатиб, намни сақлаш, тупроқнинг тезроқ қизишини ҳамда микроорганизмларнинг яхши ривожланишини таъминлашдан иборат. Ғўза ниҳолларигача бўлган ҳимоя зонасини минимал даражада қолдириб, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, ўғитларни тегишли меъёрларда керакли чуқурликка солиш юқори ҳосил тўплаш гаровидир.

Маълумки, кенглиги 60 ва 90 см бўлган ғўза қатор ораларига ишлов беришда КРХ-4 ва КРТ-4 пахтачилик культиваторларидан фойдаланиб келинади. Механизаторлар ва фермерлар ғўзанинг ва тупроқнинг ҳолатига қараб уларни ростлаш ва ишлатиш қоидаларини яхши билишади.

Пахтачилик – тўқимачилик кластерларининг кенглиги 76 см бўлган пахта далаларида олти қаторли YCMF 7 русумли культиваторлар ишлатилмоқда.

Мазкур культиватор Туркия давлатида ишлаб чиқарилган. Туркияда пахта ҳосили асосан “Жон-Дир” фирмасининг машиналари ёрдамида териб олинади. Бу машинада ёнма-ён жойлашган терим аппаратлари бўйлама ўқлари орасидаги кўндаланг масофа 76-110 см оралиғида ростланади. Кўриниб турибдики, машинабоп пахта етиштириш мақсадида культиватор қатор орасининг кенглиги (76 см) пахта териш аппарати қатор ораси кенглигининг энг минимал қийматига тенглаб олинган.

Мазкур культиватор кўпчилик агрокластерларда, шу жумладан Оққўрғон туманидаги “Оққўрғон АБС” агрокластерида “Кейс Нью Холланд” компаниясининг TD 5.110 маркали тракторига осиб ишлатилмоқда. Бу тракторнинг колеяси (ғилдираклар орасидаги кўндаланг масофа) 152 см (76х2), яъни тўртта ғилдиракнинг ҳаммаси қатор ораларининг ўртасида ҳаракатланади; двигателининг қуввати 81 кВт (110 о.к.); шиналар маркаси: орқа ўқда 14,9х24, олдинги ўқда 18,4х34; агротирқиш кенглиги 500 мм (қатор ораларига яхши жойлашади).

Қатор ораларига ишлов бериш. YCMF 7 русумли культиватор уч нуқтали осиш механизмига эга бўлиб, кўндаланг рама (140х100 мм)си тўртбурчак профилдан ясалган, узунлиги 4800 мм. Культиватор 2 та таянч ғилдираги, параллелограмм механизмлари (2 та ёндош ва 5 та асосий), ишчи секциялар, миқдорлагичли ўғит бункерлари, ўғит ўтказгичлар ва сошниклардан ташкил топган.

Иш органлари ишчи секцияга пружинасимон стойкалар билан маҳкамланган. Ҳар бир ғўза қатор орасига (1-расм) икки дона диаметри 470 мм бўлган тишли диск, қамров кенглиги 150 мм бўлган беш дона ўқёйсимон панжа ва қамров кенглиги 170 мм бўлган бир дона чуқур юмшаткич жойлаштирилган. Тишли дисклар марза тепасидаги, ўқёйсимон панжалар эгатнинг ҳар икки ёнини, чуқур юмшаткич эса эгатнинг қоқ ўртасини юмшатишга хизмат қилади. Бунда иш органлар орасидаги бўйлама масофа ўзгармас бўлиб, кўндаланг масофани ростлаш имконияти мавжуд. Барча ўқёйсимон панжалар бир-бирига нисбатан ишлов бериш чуқурлиги бўйича ўзгармас қилиб ўрнатилган, яъни ишлов бериш чуқурлигини поғонали равишда ростлаб бўлмайди. Чуқур юмшаткични эса поғанали (турли чуқурликларга) ростлаш мумкин. Барча иш органларнинг ишлов бериш чуқурлиги ишчи секция таянч ғилдиракларининг кўтариб-тушириш йўли билан ростланади.

Культиваторнинг агротирқиши ўсимликларнинг бўйидан келиб чиқиб, рама таянч ғилдираги воситасида ростланади. Таянч ғилдиракнинг эни 200 мм, диаметри 500 мм бўлиб, ўрта қисмига халқасимон диск диаметрал ўрнатилган (2-расм). Халқа иш жараёнида тупроққа тўла ботиб ҳаракатланади ва шу орқали культиваторнинг кўндаланг тебранишларининг амплитудаларини сўндиради, ғўза ниҳолларини қаторларга яқин жойлашган ишчи органлар томонидан шикастланишини олдини олади ҳамда культивацияни сифатли бажарилишини ва агротехник кўрсаткичларни юқори бўлишини таъминлайди.

Ғўзани ўғитлаш. Культиватор марказига ўрнатилган тишли ғилдирак ва занжирлар ёрдамида ҳаракат миқдорлагичга узатилади. Миқдорлагич ўғитни бир меъёрда ўғитўтказгич орқали сошникларга ташлаб беради. Сошниклар эса ўғитни тупроққа керакли чуқурликда кўмиб кетади.

Культиваторнинг афзалликлари: трактор билан тез ва осон агрегатланади; иш органларни ростлаш кам меҳнат талаб қилади; барча иш органларнинг ишлов бериш чуқурлиги бир вақтда осон ростланади; таянч ғилдиракларига ҳалқасимон диск ўрнатилганлиги боис агрегатнинг ҳаракат пайтидаги кўндаланг тебранишлари камаяди (ниҳоллар кам шикастланади); культиваторга техник хизмат кўрсатиш қулай; ишчи секцияларнинг рамада кўндалангига поғанали сурилиши ҳисобига қатор ораси кенглигини 76-60 см оралиқда ростлаш мумкин.

Келажакда культиваторга ишчи органлар орасидаги бўйлама масофани ростлаш, ишчи органлар томонидан тупроқни қатламлаб юмшатиш, намлиги кам бўлган тупроқларда пружинасимон стойкаларнинг эгилиши чегарадан ошиб кетганда ишчи органларнинг тупроққа кириш бурчагининг ўзгариши ва белгиланган чуқурликка ботмаслигини олдини олиш, учинчи ва кейинги культивацияларда ғўза туплари ва ҳосил элементларини шикастланмаслиги учун тракторга диаметри катта, лекин эни кичкина ғилдиракларни ўрнатиш имкониятларини берадиган янги техник ечимларни жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Шундай қилиб, юқоридаги тавсияларга амал қилинса YCMF 7 культиваторидан самарали фойдаланишга ва ғўза қатор ораларига ишлов бериш сифатини оширишга эришилади.

М.Тошболтаев, т.ф.д.,

А.Қорахонов, т.ф.н.,

А.Ибрагимов, т.ф.д.

(ҚХМИТИ)





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech