Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Апрел 00:00

Чигит экиш – муҳим тадбир

Пахтакорлар чигит экиш мавсуми олдидан ерларнинг сифатли текисланишига ва тайёрланишига эътибор беришлари керак. Агар ер кафтдек текис ва маромида тайёрланган бўлса, чигит бир хил чуқурликка ва бир хил намликка тушиб, иссиқликни ҳам бир хил олиб, бир текис ва қийғос униб чиқишига, ниҳолларнинг ўсиб ривожланиши жадаллашиб, пишиб етилиши ҳам эртаги бўлишига эришилади.

Чигит экиш муддати, меъёри ва усуллари. Республикамиз вилоятларида чигитни мақбул муддатларда экиш ва соғлом кўчат ундириб олиш эртаги, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки эрта эккан эрта ҳосил олади.

Чигитни экишда тупроқ намлиги ва ҳарорати, уруғлик сифати, чигитни дорилаш, намлаш, мақбул муддатда, меъёрда ва чуқурликда экиш талаб этилади. ПСУЕАИТИ тавсияларига кўра, тупроқнинг 10 см қатламидаги ҳарорат 12-140С даража бўлганда тукли чигитларни, 14-160С даража бўлганда туксиз чигитларни экишга киришилади, тупроқ ҳарорати 9-100С бўлганда плёнка остига чигит экиш бошланади.

Тупроқ намлиги 65-70 фоиз бўлса, ёки чигит экиладиган тупроқни қўлда олиб, зичлаб ерга ташлаб юборилганда сочилиб кетса, ёки тракторнинг экиш агрегати тупроқни кесмаганда ва лой чиқармаганда, далага тракторнинг кириш имконияти бўлганда чигитни экиш бошланади.

Ўзбекистон шароитида ғўза касалликларидан бактериялар қўзғатадиган гоммоз ва замбуруғлар қўзғатадиган илдиз чириши, вертициллёз, фузариоз ва вилт касалликлари кенг тарқалган.

Ерости сувлари яқин жойлашган, намлик юқори бўлган ерларда, серёғин ва салқин об-ҳаво кузатиладиган ёки кучли қатқалоқ ҳосил бўладиган ҳамда сифатсиз уруғлик чигитлар экилган ёки чигит жуда чуқур экилган ерларда илдиз чириши касаллиги келиб чиқади.

Агар тупроқ ва ҳаво ҳарорати паст, ерда намлик юқори ва юза қисмида қатқалоқ ҳосил бўлганда ҳамда тупроқда касаллик чақирувчи патогенлар учраганда ёки чигит фунгицидлар ва стимуляторлар билан ишлов берилмаган бўлса, гоммоз касаллиги келиб чиқади.

Шу сабабли, илдиз чириши ва гоммоз касалликларига ўз вақтида қарши кураш чораларининг кўрилиши, фунгицид ва стимуляторлар билан ишлов берилиши, уруғлик чигит экишга сифатли тайёрланиши ва мақбул муддатларда экилиши талаб этилади.

Пахта тозалаш ёки уруғлик чигит тайёрлайдиган заводлардан келтирилган тукли чигитларни экиш олдидан намлашга катта аҳамият бериш керак.

Намланган тукли чигитнинг афзаллиги шундаки, тупроқдаги намлик етарли бўлмаганда ҳам унинг униб чиқишига қулай шароит яратилади, ёки намлик меъёридан ортиб кетса, чигит чиришининг олдини олади.

Чигитни намлаш ишлари табақа-лаштирилган ҳолда амалга оширилади. Тукли чигитнинг 1 тоннасини намлаш учун 600 литр сув сарфланади.

Чигитни намлаш ишлари олдиндан тайёрланган (асфалтланган ёки бетонланган) махсус майдончаларда ўтказилади. Бундай майдончаларнинг бўйи 5-6 м, эни 2,5-3 м ва баландлиги 30-35 см катталикда бўлиши мумкин. Бунда намлаш вақтидаги сув оқиб кетишининг олди олинади. Чигитни намлаш вақтидаги қалинлигини 20-25 см дан оширмаслик зарур. Намлаш 3 босқичда: биринчиси 3-4 соат, иккинчиси 4-5 соат, учинчиси 5-6 соатда ўтказилиб, 200 литрдан сув сарфланади, шундагина чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бундай чигит сувга бўртиб, тўйинади, қобиғи юмшайди. Бу эса намлиги кам бўлган тупроқларда ҳам унинг униб чиқишига ижобий таъсир кўрсатади.

Республикамизнинг ноқулай об-ҳаво шароитида чигитни хатосиз, соғлом ва эрта ундириб олиш муаммосини ҳал этиш йўлларидан бири, биостимулятор ва ўсишни созловчи моддалар билан уруғларни экиш олдидан ва ўсимликнинг вегетацияси даврида қўллаш технологияларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштириб бориш ҳам муҳим чора-тадбирлар қаторига киради.

Уруғлик чигитларни намлаш билан биргаликда, экиш олдидан, ёки уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксиз чигитларга ўстирувчанлик хусусиятига эга стимуляторлардан Узгуми 0,7-0,8 л/т, Фитовак 200-300 мл/т, Биодукс 2-3 мл/т, Замин-М 2-2,5 л/т билан ишлов бериш, ноқулай об-ҳаво ва тупроқ шароитида ҳам чигитнинг унувчанлигини оширади, касалликларга бардошлилиги кучаяди, илдиз тизимини бақувват ривожлантиради ва тупроқнинг табиий намлигидан унумлироқ фойдаланилади, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини, ҳосил тўплашини тезлаштиради.

Чигитни намлашда махсус кийимлар билан таъминланган ишчилар бир бирига қарама-қарши туриб, ёғоч курак билан чигитни бетўхтов аралаштириб туришлари керак. Чигит талаб даражасида намлангач, бир жойга тўпланади ва 3-4 соатга димлаб қўйилади.

Турли муддатларда экиладиган чигитнинг намлангандан кейин сақланиш муддати 12 соатдан ошмаслиги керак. Энг қулай муддатда ёки кечикиб экиладиган жойларда чигитни узоғи билан 18 соат сақлаш мумкин, холос. Намланган ва талаб даражасида димланган уруғлик чигит қопларга солинади ва далаларга олиб борилади.

Туксиз чигитнинг 1 тоннасини дорилаш учун 30 литр сувга ишчи эритма тайёрлаб олинади, сўнгра чигитга махсус идишларда пуркалади ва яхшилаб аралаштирилган ҳолда камида икки соат димлаб қўйилиб, кейин экиш ишларини амалга ошириш тавсия этилади.

Тупроқ турлари ва механик таркибига қараб чигит экишнинг энг маъқул чуқурлиги 4-5 см, секин қизийдиган оғир тупроқларда 3-4 см бўлиб, тукли чигитлар гектарига 45-55 кг, туксиз чигитлар 25-30 кг экилса, тўлиқ ва соғлом кўчат олишни таъминлайди.

Чигитни биринчи навбатда тез қизийдиган енгил, ўртача қумоқ ва тез етиладиган ерларда, кейин эса оғир тупроқли тоғолди минтақаларида экиш мақсадга мувофиқдир. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда экилган чигит чириб, ниҳоллар сийрак униб чиқади, касалга тез чалинади, нимжон ўсиб ривожланади ва пировардида пахта ҳосили ҳам пасайиб кетади.

Чигит экиш ишлари тўлиқ тугатилиши учун далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофи ҳам қўлда экилган бўлиши керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил бўлади.

Унумдорлиги паст, балл бонитети 30-40 ва 50 балл, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда, кўчат олиш қийин ва нишаблиги юқори бўлган жойларда чигитни қўшқаторлаб экиш тавсия этилади, бунда 1,5 баробар кўп кўчат олиш имконияти туғилади ва бу усулда туксиз чигитлар 35-40 кг сарфланиб экилади. Чигит қўшқаторлаб экилганда пахта 10-13 кун эрта очилади ва ҳосилни қисқа муддатда йиғиштириб олиш учун шароит яратилади.

Чигитни экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолатда 15-20 кг азотли, 20-25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 5-7 см четга, 12-15 см чуқурликка солинади. Бегона ўтларга қарши Стомп гербициди гектарига 0,8-1,0 кг, Которан 1,2 кг меъёрларда сепилиши яхши самара беради ва бегона ўтлар сонини кескин камайтириб, ниҳолларнинг ўсишига қулай шароит яратилади.

Чигит экишни мақбул муддатларда, агротехник талабларга риоя қилган ҳолда ўтказиш ерга қадалган уруғни тупроқдаги табиий нам ҳисобига ундириб олишни ҳамда майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилишни таъминлайди.

Экиш мавсумини юқорида келтирилган тавсияларга амал қилган ҳолда қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш ғўзадан эртаги ва мўл ҳосил олишга замин яратади.

Ш.Абдуалимов,

қ.х.ф.д.,профессор,

Феруза Ҳасанова,

қ.х.ф.н.,профессор,

Бегали Ниязалиев,

қ.х.ф.д.,профессор.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech