Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Март 00:00

Чигит экиш сифати –ҳосил баракаси

Чигит экиш ва униб чиққан ғўза ниҳолларига биринчи ишлов бериш энг муҳим, энг нозик агротехник тадбирлардан ҳисобланади. Зеро, бу тадбирлар оби-тобида, сифатли бажарилмаса, майдонларда бир текис кўчат олинмайди, ҳали нимжон ниҳоллар зарарланиб нобуд бўлади.

Ҳозирда агрокластерлар ва фермерлар далаларида 60, 76 ва 90 см кенгликдаги қатор ораларида ҳамда 60+30 см қўшқатор схемада пахта етиштирилмоқда. Бу қатор ораларида СТХ-4, СЧХ-4А, СЧХ-4 механик ва “Кейс-1200”, “T-PNM-5” DAIICHI, “Agromaster”, “KUHN Planter” пневматик сеялкалар, КРХ-4, КРТ-4 чопиқ культиваторлари ишлатилади. Чигитни 60+30 см. схемада қўшқаторлаб экишда СЧХ-4Б сеялкаларидан фойдаланилади.

Чигит экишга киришишдан олдин сеялканинг бутлиги, қисм ва деталлари пухта маҳкамланганлиги текширилади, экиш жараёни ва сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган қисмларга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, тукли чигит экиладиган бўлса, экиш аппаратларидаги ғалтаклар тишларининг учлари айланиш йўналишига қараб ўрнатилган ва ейилиб кетмаган, экиш тирқишлари кенглигини созлайдиган тўсиқчалар гайкалар бўшатилганда эркин суриладиган, ўғитўтказгичлар аппарат билан сошникларга тўғри уланган бўлиши керак. Сошникларнинг сирпанғичлари горизонтал ҳолатда, барқарор туриши лозим.

Сошникларнинг тагига фақат соз ҳолатдаги зичлагичлар маҳкамланади. Чунки зичлагичлар доимо тупроққа ишқаланиб ҳаракатланади. Агарда уларнинг сирти ейилиб кетган бўлса, сошник очиб кетган ариқчанинг туби етарли даражада зичланмайди. Натижада бундай ариқчага тупроқнинг пастки қатламларидан намлик етарлича тортилмайди ва уруғларнинг униб чиқиши қийинлашади. Демак, ейилиб кетган зичлагичларни янгисига дарҳол алмаштириш талаб этилади.

Агар уруғ белгиланган меъёрдан ортиқча сарфланса, экиш аппаратларидаги тирқишни торайтириш, кам бўлса – кенгайтириш зарур.

Чигит уялаб экилганда уялар орасидаги масофани ўзгартириш учун уяловчи аппаратдаги парракли дискни парраклари сони кўпроқ ёки камроқ бўлган бошқа дискка алмаштириш ёки аппаратларни ҳаракатга келтирувчи валдаги 12, 16, 18 ва 25 тишли юлдузчалар блокидан фойдаланиб, уяловчи аппаратнинг айланишлар сонини ўзгартириш даркор.

Чигитни тупроққа кўмилиш чуқурлиги сошникнинг сирпанғичини кўтариб-тушириш йўли билан тупроқ шароитига қараб 3-8 см атрофида созланади. Ер оби-тобида бўлса, чигитни 4-5 см чуқурликка кўмиб кетадиган қилиб созлаш мақсадга мувофиқ. Сеялка сошниги ҳамда тупроқни зичловчи-шиббаловчи ғилдиракларнинг тупроққа кўрсатадиган босими секциялардаги тарангловчи пружиналар ёрдамида созланади. Бу босим 25-30 кг ни ташкил этиши керак. Пружинанинг иш ҳолатидаги узунлиги қисқартирилса босим ортади, узайтирилса – камаяди.

Экиш агрегатлари далага олиб чиқилгандан кейин ҳар бир пайкалда сеялканинг биринчи юриши байроқчалар ёрдамида белгилаб олинади. Кейинги юришлар эса маркерлар қолдирган излар бўйлаб амалга оширилади. Уруғлик чигитнинг тўлиқ тушиши ва кўмилиш чуқурлиги сеялкачи ёки фермер томонидан кузатиб борилади.

Туксизлантирилган чигит экиш учун ғалтакли экиш аппаратлари ўрнига сошник устига ўрнатиладиган горизонтал дискли СЧХ-31 экиш аппаратлари қўлланилади. Сеялкани созлаш ишлари юқорида кўрсатиб ўтилганидек амалга оширилади. Экиш меъёрини созлаш учун аппаратга тегишли сондаги ячейкали экиш диски ўрнатилади.

Модулли СМХ-4 сеялкасида туксиз чигитларни аниқ экишга ўтиш учун экиш аппарати тубидаги аралаштиргич ўрнига уяли диск ўрнатилади. Экиш меъёри тегишли сондаги уяларга эга диск ўрнатиш йўли билан ўзгар-тирилади. Модулли сеялканинг пневматик варианти – СМХ-4-01 сеялкаси туксизлантирилган чигитни доналаб аниқ меъёрларда экишга мўлжалланган.

“Кейс-1200” русумли 8 қаторли пневматик сеялкалар туксизлантирилган чигитни доналаб ҳар бир метрга 15-17 донадан экиш имкониятига эга бўлиб, қўш дискли сошниклар ёрдамида ариқча очади, унинг ёнига минерал ўғит солади, сферик дисклар уруғларни керакли чуқурликка кўмади, катоклар уруғ устидаги тупроқни зичлаб кетади.

Уруғлар оралиғи рамага ўрнатилган қутидаги юлдузчаларнинг айланма тезлиги ҳамда экувчи дискдаги тешиклар сонини ўзгартириш билан созланади.

“Кейс-1200” сеялкасини экиш секциялари модулли бўлгани учун экиш қаторлари орасини кенглиги 30 дан 102 сантиметргача ўзгартириш имконияти бор.

Юқоридаги талабларнинг бажарилиши ҳар бир далада агроном ва фермер томонидан назорат қилиб борилади. Талаблар бажарилмай, меъёрдан четга чиқишлар кузатилса, сеялкани қайтадан созлаш талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, чигит экиш ва ғўза қатор ораларига ишлов бериш агрегатлари малакали механизаторлар қўшма топширилса, уларни созлаш ва ишлатишда юқоридаги тавсияларга амал қилинса, чигитни сифатли экиш, текис кўчат олиш ва ниҳолларни тўлалигича сақлаб қолиш таъминланади.

М.Тошболтаев, т.ф.д.,

А.Қорахонов, т.ф.н.

(ҚХМИТИ).





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech