Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Март 00:00

Ғалла парвариши мўл ҳосил заминидир

Азал-азалдан халқимиз нонни энг улуғ неъмат деб билади ва уни доимо қадрлаб келади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ғаллачилик иқтисодиётимизнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги натижасида катта харажатлар эвазига четдан дон олиб келинишига барҳам берилди ҳамда ҳалқимиз ўз донига ва ўз нонига эга бўлди.

Республикада Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва унинг Қашқадарё филиали, ҳудудий илмий-тажриба станцияларининг ташкил этилиши ҳамда шу соҳада етакчи бўлган хорижий илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги натижасида бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий асосланган тизими йўлга қўйилди.

Ҳар бир ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган серҳосил янги ғалла навлари яратилди, уларни етиштириш агротехникаси ишлаб чиқилди ва бирламчи уруғчилик тизими ташкил этилди.

Бунинг натижасида кейинги йилларда ғалладан кафолатланган ҳосил етиштириш имконияти яратилди. Рес­публикада ўтган йили ялпи бошоқли дон етиштириш ҳажмлари 7 миллион тоннадан ошди, ҳосилдорлик суғориладиган ерларда ўртача 65,3 центнерга етказилди. Жойларда илғор ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари эса 80-90 центнердан ҳосил олишга эришди.

Мисол учун, 2019 йилда бошоқли дон ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришда янги тизимнинг татбиқ этилганлиги натижасида маблағ масаласи тўлиқ ҳал этилиб, экишдан олдин далаларга физик ҳолда ўртача 110 кг.дан фосфорли, 46 кг.дан калийли ва вегетация даврида ўртача 680-700 кг.дан азотли минерал ўғитлар билан озиқлантирилди;

Ғалла вегетацияси даврида касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши самарали ва таъсир этиш даражаси юқори бўлган янги кимёвий препаратлар қўлланилди ҳамда рес­публикада биринчи марта фунгицид, акарацид, гербицид ва биостимуляторларни “тўртлик аралашма” ҳолатда 2 марта ишлов ўтказилди.

Бундан ташқари, вегетация даврида Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида бошоқли дон экинлари ўртача 5-6 маротаба, қолган вилоятларида 4-5 маротаба шарбат усули билан қондириб суғорилганлиги натижасида ғалладан улкан ҳосил олишга эришилди.

Шунингдек, ғаллани ўз вақтида ўриб-йиғиб олишни тўғри ташкил қилган Термиз, Ангор, Музработ, Жарқўрғон, Қизириқ, Бойсун, Шеробод, Қоровулбозор, Вобкент, Олот, Ғиждувон, Миришкор, Косон, Нуробод, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба каби бир қатор туман ғаллакорлари ҳар гектардан ўртача 60-65 центнердан ҳосил етиштириб давлатга дон сотиш шартнома режасини республикада биринчилардан бўлиб бажаришга эришдилар.

Ғалла ўрим-йиғим ишларини тўғри ташкил этган Бухоро ва Андижон вилоятида ўртача ҳосилдорлик 67 центнерни, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 63 центнерни, Сирдарё ва Қорақалпоғистон Респуб­ликасида 51 центнерни, қолган вилоятларда 59 центнерни ташкил этди. Рес­публика бўйича ўртача ҳосилдорлик 65,3 центнер бўлди.

Ғаллачилик соҳасида эришилган шундай ютуқларнинг омили миришкор фермер ва деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли меҳнати ва яратиб берилган тизимни тўғри ташкил этилиши, десак ҳеч ҳам адашмаган бўламиз.

Энг асосийси, муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бошоқли дон етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини янада оширишга қаратилган қулай агробизнес муҳитини яратиш орқали “давлат буюртмаси”дан босқичма-босқич воз кечиш белгилаб берилди.

Ушбу берилган таклиф фермер ва деҳқон хўжаликларининг азалий орзуси бўлиб, ўзининг тарихийлигидан ташқари соҳадаги туб бурилиш ёки инқилобий ўзгариш бўлди десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Бугун фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва фаровон қилишда беқиёс ишларни амалга ошираётганини халқимиз фахр ва ғурур билан ҳис қилиб турганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Маълумки, етиштирилган донни, шу жумладан, қолипли нон ва ун маҳсулотлари нархининг эркинлаштирилиши муҳим қадамлардан бири бўлди. Бунга пухта тайёргарлик кўрилганлиги натижасида бозорда дон нархининг барқарорлиги таъминланди.

Бошоқли дон етиштиришни эркинлаштириш, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошишига, иқтисодий ўсишга ва пировард натижада самарадорликка эришишга олиб келади. Яратилган бундай қулай имконият ва имтиёзлар ҳар йилгига нисбатан янада кўпроқ ҳосил олиш имкониятини яратади.

Буни тўғри тушуниб етган ғаллакорларимиз ўзларига бириктириб берилган ер майдонларининг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, фермер хўжалигини иқтисодий манфаати учун ишламоқдалар.

Она заминимизнинг ҳар бир қаричини эъзозлаган ва “ҳар қарич еримиз зарга тенг” эканлигини тўғри тушуниб етган илғор, тажрибали миришкор ва жонкуяр фермерларимиз бугунги кунда ғалла майдонларида баҳорги биринчи озиқлантириш ишларини якунлаб, пешма-пеш шарбат усулида суғоришни амалга ошириб, кафолатланган юқори ҳосил ва даромад олишга пухта замин яратмоқдалар.

Республикамизда бу йилги қиш мавсумининг кўп йиллик ўртача ҳароратга нисбатан илиқ ва қурғоқчил келиши кузги бошоқли дон экинлари ривожига ўз таъсирини кўрсатди. Соҳа олим ва мутахассисларнинг кузатишлари шуни кўрсатмоқдаки, кузги бошоқли дон экинларида қишки тиним даврини бир маромда ўтамай, қисман ривожланишда давом этди.

Бундай ҳолат, албатта, ривожланишдан орқада бўлган ва кеч экилган ғалланинг яхши томонга ўзгариши учун ижобий таъсир қилди. Бироқ, аксарият эрта муддатларда экиб ўз вақтида ундириб олинган ғалла кўчатлари қисман ривожланиши натижасида ўсимлик маълум даражада ўз энергиясини сарфлашига тўғри келди.

Шунингдек, қишки ҳароратнинг илиқ бўлиши, ерда қорли қоплама бўлмаганлиги ҳашорат ҳамда касалликларни қиш даврида бўладиган совуқлардан зарарланмай сақланиб қолишига ҳам сабаб бўлди.

Республика бўйича 48 минг гектар ривождан орқада қолган, яхши тупламаган ғалла майдонларида бегона ўтларнинг кўпайиши ҳамда касалликлар ва зараркунандаларнинг ривожланиши кучайиб, ҳосилдорликка жиддий зарар келтириши кўп йиллик амалиётда кузатилган.

Ривождан орқада қолган ғалла майдонларида туплаш жараёнлари об-ҳаво ва тупроқ ҳароратига қараб март ойининг иккинчи ўн кунлигига қадар давом этади, яъни бугунги кунда экилган ғалламизни қўшимча туплатиш (бошоқ шакллантириш) учун яна 20-22 кунлик муддат мавжуд.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, қуйидаги агротехник тадбирларни амалга оширишни тавсия этамиз:

соҳанинг олим ва мутахассислари томонидан ҳар бир контурларга экилган ғалланинг ўсиш ва ривожланиши бўйича мониторинг ўтказиш, биринчи азотли озиқлантиришни якунлаш, шарбат усулида пешма-пеш суғоришни ташкил этиш, ғалла ниҳолларининг ҳолатига қараб баргдан қўшимча озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, таркибида микроэлементлар ҳамда гумин кислоталарга эга бўлган биопрепаратларни қўллаш каби агротехника тадбирларини ўтказиш самарали ҳисобланади;

ғаллачиликдаги энг муҳим агротехник тадбирларидан бири бу ғалла майдонларида баҳорги азотли ўғитлар билан навбатдаги иккинчи озиқлантиришни амалга оширишдир. Март ойида ғалла туплаш давридан найчалашга ўтади. Кузги буғдойнинг найчалаш даврида ўсимликнинг вегетатив органлари, энг асосийси поялар сонининг кўпайиши ҳисобига азотли минерал ўғитга бўлган талаби энг юқори даражада бўлади.

Шундан келиб чиқиб, бу даврда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40-50 фоизини, яъни физик ҳолда аммиакли селитра ҳисобида гектарига 300-350 кг. меъёрда берилиши тавсия этилади. Ўсимликнинг найлаш даврида маҳсулдор поя­лар ҳамда поялар ичида бошоқлар шаклланади. Найчалаш даврининг давомийлиги нав пишиб етилиш хусусиятларидан келиб чиқиб, 25-35 кунни ташкил этади.

Бошоқли дон экинлари бу фазада бутун ўсув даври давомидаги қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди. Ғалланинг найчалаш даврида намлик ва озуқа моддалар етишмаслиги, ўсимлик ҳамда найча ичида шаклланадиган бошоқнинг ривожланишига ўз салбий таъсирини кўрсатади ҳамда кутилаётган дон ҳосилини пасайишига олиб келади.

Март ойида ғаллани азотли ўғитлар билан иккинчи озиқлантиришни ўтказиш ҳамда барг орқали суспензия билан ишлов бериш натижасида ғалла ниҳолларини ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Шунга асосан март ойи давомида суспензия сепиш тадбирини 2 марта ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Баргдан озиқлантириш ўсим­ликнинг фотосинтез жараёнинг жадаллаштиради, барг сатҳини қалинлашиши ҳисобига касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширади. Ўсимлик баргида ҳосил бўладиган органик модданинг кўпайиши натижасида ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиши жадаллашади.

Шунинг учун, таркибида азот, фосфор ва калийли макроэлементлардан ташқари бор, молибден, мис, темир каби ўсимлик барги орқали ўзлашадиган микроэлементлар ҳам мавжуд мураккаб ўғитлар билан март ойида 2 марта ва апрель ойида 1 марта махсус пуркагичли мосламалар ёрдамида сепиб, озиқлантириш яхши самара беради.

Ғаллани озиқлантиришда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда гектарига 600-700 м3 меъёрда суғориш ишларини ўтказиб, чекланган дала нам сиғимини 70-75-70% бўлишини таъминлаш зарур.

Суғориш ишларини маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида амалга оширилганда, ўсимлик томонидан тупроқда етишмаётган микроэлементлар билан таъминланишига замин яратилади.

Ғалла майдонларида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра аниқланган бегона ўтлар турларига қарши курашишда, гербицидларни танлаш ва, албатта, бегона ўтларнинг ривожланиш даврини инобатга олиш зарур бўлади. Бунда ғаллазорлардаги бегона ўтларнинг 3-5 барг ривожланиш даврида гербицидлар билан ишлов бериш, гербициднинг самардорлигини оширади.

Гербицид билан ишлов ўтказилмаган ғалла майдонларини озиқлантириш учун берилган минерал ўғитларни, сувни ва ёруғликни тенгма-тенг, айрим ҳолларда кўпроқ ҳам истеъмол қилиши ҳисобига, ғалладан олинадиган дон ҳосилини камайиши ва дон сифатига салбий таъсир кўрсатиши олиб борилган кўп йиллик тажриба натижаларида ўз исботини топган.

Бу даврда зарарли хасва тарқаладиган ва занг касаллигининг ўчоқлари бўлган майдонларда биринчи навбатда профилактика ишлови уйғунлашган ҳолда ўтказилса, ушбу ҳашарот ва касаллик кенг тарқалишининг олди олинади.

Жорий йилда баҳор ойлари серёғин бўлиши кутилаётганлиги сабабли ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг, ун-шудринг каби замбуруғли касалликлар кенг тарқалиши ҳамда бу касалликлар қарши ишлов берилмаган тақдирда дон ҳосилини 30-35 фоизга камайиши башорат қилинмоқда.

Сариқ занг ва бошқа замбуруғли касалликлар республиканинг жанубий ҳудудларида март ойининг биринчи ўн кунлигида, қолган вилоятларда иккинчи ўн кунликда пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Шунинг учун етарли миқдорда фунгицидлар захирасини яратиш ва уни сепиш мосламаларини мавсум учун шай ҳолатга келтириш зарур.

Бошоқли дон экинларни зарарли хасва, шиллиқ қурт (пявица), арракаш, шира ва трипс каби ҳашаротларга қарши ишлов беришда инсектицидлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра ғаллазорлардаги ҳашаротлар зарари ҳисоб-китоб қилинганда, биргина зарарли хасва 40 фоизгача, шиллиқ қурт (пьявица) 20 фоизгача, поя арракаши 50 фоизгача, шира ва трипслар 20 фоизгача дон ҳосилдорлигини йўқотишга олиб келади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ғалла майдонларида бегона ўтлар, “занг” ва бошқа касалликлар ҳамда зарарли ҳашаротларни кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида март ойида “Тўртлик аралашма” билан биринчи ишлов беришни штангали пуркагичлар ёрдамида амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлиб, ғалла етиштиришда иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларининг ижобий бўлишига олиб келади.

Етиштирилган ғалла ҳосилини ўз вақтида ўриб йиғиб олиш асосий тадбирларда бири бўлиб, бунга пухта тайёргарлик кўриш керак бўлади. Агар пишиб етилган ғалла ўз муддатида ўриб-йиғиб олинмаса, кечиктирилган ҳар бир кунида 2-3 центнердан дон тўкилиб, ҳосил камайишига олиб келади ва бу жуда катта иқтисодий зарар келтириши мумкин.

Шунинг учун, ғалла ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик кўриш учун ўрим-йиғимида қатнашадиган дон ўриш комбайнларини таъмирлаш ишларини сифатли қилиб якунлаш, 1 апрелга қадар тайёрлов чизиғига қўйиш ҳамда мавсум давомида узлуксиз ишлаши учун зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар заҳирасини тўлиқ яратиш чораларини кўришимиз керак.

Бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштиришда юқоридаги тавсиялар асосида белгиланган агротехник тадбирларни ўз муддатларида ва сифатли бажарилиши мўл ҳосил олишга замин яратади.

Шуҳрат Тешаев,

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, қ.х.ф.д., профессор,

Равшанбек Сиддиқов,

ДДЭИТИ директори, қ.х.ф.д.,

Қаҳрамон Тўрақулов,

мустақил изланувчи, қ.х.ф.н. 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech