Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Феврал 00:00

Сабзавотлардан эрта ҳосил етиштириш

Февраль ойининг дастлабки кунларида дала ишлари сифатли сабзавот кўчатлари тайёрлашдан бошланиши лозим.

Республикамизда катта майдонларда етиштирилаётган асосий сабзавот экинларидан помидор, бақлажон, ширин ва аччиқ қалампир каби иссиқсевар сабзавотлар очиқ майдонларга асосан кўчати билан экилди. Шу сабабдан, ушбу экинларнинг кўчатларини махсус кўчатхоналарда сифатли тайёрлаб олиш ўзига хос муҳим бир тадбир хисобланади. Сифатли ва соғлом кўчат тайёрлашда сабзавот уруғларнинг аҳамияти катта бўлиб, бунинг учун униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ва навлар аралашмасидан холи уруғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Кўчат тайёрлашда уруғларни экишдан олдин турли зарарли вирус касалликларига қарши қиздириб олиш тавсия этилади. Бунинг учун помидор, ширин қалампир, бақлажон уруғларини термостат ёки қуритиш шкафида икки сутка 50-52 даражада ва бир сутка 80 даражада қиздирилади. Уруғларни тўқ ва пучга ажратишда уруғлар ош тузининг 3-5% ли эритмасига 30 дақиқа солинади. Бунда пуч уруғлар чўкмасдан, ажралиб қолади.

Сабзавот кўчатларини етиштириш учун кўчатхона тупроғи 20-25 см чуқурликда юмшатилади ва 0,8-1,0 метр қилиб пушта олинади. Пуштага уруғларнинг яхши униб ўсиши учун икки қисм чириган гўнг, бир қисм тупроқ, бир қисм қум аралашмаси солиб, текисланади. Аралашма қалинлиги ниҳол тайёрлаш учун 10-12 см дан, кўчириб экиладиган иссиқхоналарда эса 18-20 см. дан кам бўлмаслиги лозим.

Иссиқсевар помидор уруғидан нам тупроққа ҳар 1 м2 майдонга 8-10 г, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 2,0-2,5 г ҳисобида уруғ сепилади.

Бақлажон ҳар 1 м2 майдонга 8-10 г, кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 3-4 г ҳисобида уруғлар сепилади. Ширин қалампир экинида ҳар 1 м2 майдонга 14-16 г, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сарфланади. Уруғлар сепилиб, устидан 1,0-1,5 см қалинликда эланган чириган гўнг ёки чириган қипиқ солинади, устидан сув сепилади.

Бир гектар майдонга етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун 800-1000 г ширин қалампир, 600 г бақлажон ва 350-400 г помидор уруғлари сарф бўлади.

Кўчат тайёрлаш ишларининг энг қулай муддати республикамизнинг марказий вилоятларида помидор учун 10-20 феврал, ширин қалампир ва бақлажон учун 1-10 феврал, жанубий вилоятларда 15-20 кун олдинроқ, шимолий вилоятларда эса 15-20 кун кечроқ амалга оширилиши лозим.

Очиқ майдонда етиштириш учун қуйидаги маҳаллий навлар тавсия этилади: помидорнинг “Юлдуз”, “Дархон”, “Баходир”, “Ситора”, “ТМК-22”, “Авиценна”, “Шарқ юлдузи”, “Шафақ”, “Сурхон-142”, “Заковат”, “Нурафшон F1”, ширин қалампирнинг “Дар Ташкента”, “Заря Востока”, “Зумрад”, “Наргиза”, “Тонг”, “Сабо”, “Шодлик”, бақлажоннинг “Феруз”, “Аврора”, “Алмаз” навлари.

Сифатли кўчат тайёрлашда кўчатхона ҳарорати, тупроқ намлиги ва ниҳолларни озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Сепилган уруғлар тез униб чиқиши учун кўчатхонадаги ҳарорат бир ҳафта давомида кундузи 20-250, кечаси 10-140, кейинги ҳафтадан кундузи 20-220, кечаси 14-150 бўлиши талаб этилади. Кўчатхона тупроғи намлигига кўра, кўчатлар ўсув даврида хар 1 м2 майдонга 6-7 литр сув меъёрида суғорилади. Кўчатлар 2-3 барг чиқарганда орасини 5х6 см қилиб кўчириб ўтказилади. Кўчириб ўтказилган кўчатларга 10-12 кундан сўнг биринчи озиқа: 10 литр сувга 5 г аммоний сулфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб, барг устидан берилади. 6-7 кун ўтказиб иккинчи маротаба юқоридаги миқдорни 2 марта кўпайтириб озиқлантирилади. Учинчи озиқлантириш кўчатни далага экишдан 4-5 кун олдин амалга оширилади.

Етиштирилаётган кўчатлар экиш учун тайёр бўлгач, очиқ далага олиб чиқишдан 6-8 кун олдин плёнкаларни очиб, кўчатларни ташқи муҳитга шароитига мослаштириб чиниқтириш муҳим аҳамиятга эга.

Далага экиш олдидан кўчатларга иссиқхонанинг ўзида занг, ўргимчаккана ва шираларга қарши ишлов берилиб, экилиши мақсадга мувофиқдир. Кўчатларга ишлов беришда экишдан 1-2 кун олдин 2,5% ли Децис дорисидан 0,2 мл. 10 литр сувга аралаштириб, 20 метр кв. майдондаги кўчатга сепилади ёки тавсия этилган препаратлардан биронтасидан фойдаланиш мумкин.

Ширин қалампир, бақлажон, ва помидорнинг 50-55 кунлик кўчатлари 15-18 см узунликда, 5-7 та барг чиқарганда очиқ далага экиш учун тайёр бўлади.

Шу билан бирга, полиэтилен қопчаларда, кичик хажмли стаканларда махсус субстратлар асосида тайёрланган кўчатларини экиш хам яхши самара беради. Ушбу усулда очиқ майдонга экилган кўчатларнинг ривожланиши яхши кечади, қаторда ўсимликлар хатоси камаяди ҳамда эртароқ ҳосилга киради.

Тавсия этилаётган усул бугунги кунда ишлаб чиқаришда кенг қўлланилиб келинмоқда. Ҳажми 8х8 см бўлган стаканларга 40% гўнг + 40% тупроқ + 20% ёғоч, шоли қипиғи аралашмаси солинади ва стаканлар яхшилаб намлаб суғорилади ва олдиндан ишлов берилган, унувчанлиги юқори уруғлар ташланиб, устидан 2 см қалинликда чиринди солинади. Кўчат етиштириш жараёни олдий усул каби тавсиялар асосида олиб борилади.

Ушбу ойнинг муҳим тадбирларидан яна бири, совуқ ҳавога нисбатан чидамли бўлган оқбош карам, гул карам, пиёз, сабзи, редис, ош лавлаги, укроп, кашнич, петрушка ҳамда салат каби сабзавотлар экинларини экиш учун режалаштириб қўйилган майдонлар кузда экишга тайёрлаб қўйилган бўлиши лозим.

Совуққа нисбатан чидамли эртаги карам кўчатларни очиқ майдонларга экиш марказий вилоятларда феврал ойининг 2-3 ўнкунлигида, жанубда жойлашган вилоятларда 15-18 кун олдин, шимолий вилоятларда эса 18-20 кун кечроқ амалга оширилади. Эртаги карам экиладиган ер кузда тайёрлаб қўйилган бўлса яхши самара беради. Кузда тайёрлаб қўйилган эгатларга кўчат экилганда ҳосили баҳорда тайёрланган майдонга нисбатан 8-10 кун илгари етилади ва 20% кўпроқ ҳосил беради.

Эртаги муддатда экиш учун карамнинг – “Июнь”, “Номер-1”, “Назоми-F1”, “Парел-F1”, “Фараон-F1”, “Моррис-F1” каби эртапишар, серҳосил нав ва дурагайлари тавсия этилади. Эртаги карам 70x25 (30) см схемада экилади. Экиш даврида кўчатнинг ёши 40-45 кунлик, бўйи 14-16 см ва 6-7 та барглар сони бўлиши лозим.

Пиёз, сабзи, редис, ош лавлаги, укроп, кашнич, петрушка, салат сингари сабзавот уруғлари хамда картошка туганаклари Республиканинг жанубий минтақасида 20 январдан 25 февралгача, марказий минтақада 5 февралдан 20 мартгача, шимолий минтақада эса 20 февралдан 25 мартгача экилади.

Эртаги муддатда экиш учун редиснинг “Лола”, “Эртапишар”, “Майский”, ош лавлагининг маҳаллий “Диёра”, “Ягона”, “Бордо-237”, “Бикорес”, “Боро-F1”, “Пабло-F1”, “Водан-F1 нав ва дурагайлари, укропнинг “Ўзбекистон-243”, “Ором”, кашничнинг “Орзу”, петрушканинг “Нилуфар” каби серҳосил маҳаллий навлари тавсия этилади.

Майда уруғли сабзавотлардан пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавот уруғларини катта майдонларда сабзавот уруғлари экиш сеялкасида лента шаклида, қўшқаторлаб (50+20 см оралиқда) кичик майдонларда қўлда сочма усулда экиш мумкин.

Сабзавот уруғларини эккандан сўнг кетма-кет ва тез орада ҳар бир эгат устига чириган гўнг ёки ёғоч қипиғидан сепиб, мулчалаш тадбирининг амалга оширилиши уруғларнинг ердан қисқа фурсатда униб чиқиши учун қулай шароитларни яратади.

Эртаги муддатда экиш учун пиёзнинг маҳаллий “Равнақ”, “Истиқбол”, “Зафар”, “Алдова”, “Дайтона”, “Сибирь”, “Манас”, “Радар”, сабзининг маҳаллий “Мшак”, “Нурли”, “Мирзойи сариқ”, “Мирзойи қизил”, “Зийнатли”, “Фаровон”, “Барака” ва чет элнинг “Нантская”, “Шантане” навлари тавсия этилади.

Ушбу экинлардан барвақт ҳосил олиш учун тупроқ усти мулчалаш билан бирга уларни шаффоф плёнка остида парваришлаш яхши самара беради. Кеч куз ойларида экилиб мулчаланган ва плёнка билан беркитилган майдонлардаги сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда кўкат сабзавотлар уруғлари қишки ёғинлар, ҳаводаги намлик таъсири натижасида аста-секин бўртади ва совуққа чиниқади. Эрта баҳор ойлари ҳаво ҳароратининг ноқулай, паст бўлишига қарамай уруғлардан униб чиққан майсалар тез суръатлар билан жадал ўсиб, ривожланади, эрта кўкламдаги қисқа муддатли совуққа чидамли бўлиб ўсади ва ушбу экинларни эрта баҳор ойларида экишга қараганда ҳосили 20-25 кунгача эртароқ пишиб етилади ва ҳосилдорлиги 15-20% га ошади.

Р. Низомов - қ.х.ф.д.,

Ф.Расулов - қ.х.ф.ф.д.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech