Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Май 00:00

Мамлакатимизда жорий йилда ёғингарчилик нисбатан ўртача кузатилмоқда. Шу туфайли экин майдонларида намлик етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида февраль-март ойларида ўтказиладиган агротехник тадбирлар бўйича қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.

Республикамизнинг табиий тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ хўжалиги экинларини суғормасдан туриб кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди.

Чунки мамлакатимизда табиий ёғингарчилик миқдори жуда кам (текис чўл-саҳро минтақаларида 90-120 мм атрофида холос, фақатгина тоғ ва тоғ олди минтақаларида унинг йиллик миқдори 360-400 мм гача етади) бўлиб, у ҳам мавсумий характерга эга бўлганлиги учун тупроқда тўпланган табиий намлик қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини экиб ундириб олишга ҳам етмайди.

Бундан ташқари, республикамизда сув манбалари ҳам жуда чегараланган. Шунинг учун тупроқда нам тўплаш,сақлаш ва уруғни (айниқса ғўза чигитини) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришида барча агротехника тадбирларини сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишга қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

Тупроқда нам тўплаш ва сақлаш кузда ерларни текислаш, шудгорлаш, тупроқ шўрини ювиш, қишда яхоб сув бериш, баҳорда захира суғориш ва бошқа тадбирлар билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Йилдан-йилга сув танқислиги кузатилаётган бир вақтда мазкур комплекс тадбирларни илмий асосланган тавсияларга биноан ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш тақозо этилади.

Эрта баҳорги бороналашни тупроқнинг 8-10 см қатламида ерни етилиши билан ўтказиш зарур, буни аниқлаш учун бир ховуч тупроқни сочиб юборганда ёйилиб кетса, ер етилган ҳисобланади. Ёғингарчилик кам бўлган (200 мм гача) йилларда уни февраль ойининг 2-ярмидан, ёғингарчилик кўп бўлганда эса март ойининг биринчи ярмидан бошлаш мумкин.

Агар бу тадбир эрта ўтказилса тупроқнинг зичлашишига олиб келади,бу тадбир кечикиб ўтка­зилганда эса тупроқ юзасида нам етишмаслигидан тўлиқ ниҳол олиш имкони бўлмайди, кўчат сийрак бўлиб қолади.

Бу йилги шароитда шўрланмаган ерларда баҳорда ва экишдан олдин икки марта ишлов бериш (бороналаш) етарли бўлиб, ўтлоқи тупроқларда эса ерни яхши ҳолатга келтириш учун бир марта ишлов берилади. Ортиқча бороналаш ва чизел ўтқазиш тупроқни зичланишига ва тупроқдаги намни йўқотишга олиб келади. Агар кўшимча бороналаш ўтказишга тўғри келса, унда тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда ўтказиш лозим.

Февраль - март ойларида ҳар бир қулай об-ҳаво шароитида унумли фойдаланиб ерларни экишга тайёрлаш ишларини ўтказиш лозим. Кузги шудгор олдидан фосфорли ва калийли ўғитлар қўлланилмаган бўлса, экишдан олдин қўллаш керак.

Шўрланган майдонларда шўр ювиш ишлари тугаллангандан сўнг эрта баҳорда ер етилиши билан чизелланиб ёки дискланиб бороналанади. Бунда март ойида фосфорли ўғитларни 60% (аммофос-195 кг/га, ёки супрефос- 385 кг/га, ёки оддий суперфосфат-650 кг/га) ва калийли ўғитларни 50% (калий тузи –125 кг/га, ёки калий хлор -90 кг/га) солинади, сўнг чизел культиваторлари ёрдамида тупроқ 18-20 см чуқурликда чизелланади ва бир юришда борона қилинади.

Эрта баҳорда куз ва қиш ойларида тўпланган намликни сақлаш мақсадида бороналаш талаб этилади, бунинг учун ер оби-тобига келиши билан барча далаларда ёппасига бороналаш ўтказиш шарт. Мазкур тадбир муддатидан кечиктирилиб ўтказилиши натижасида, тупроқни чигит экиладиган қатламида намлик йўқотилиб, ниҳол бир текис ундириб олинмайди.

Чигитни тупроқнинг табиий намида тўлиқ ундириб олиш учун тупроқ оби-тобида етилиши билан икки қаторли қилиб тиркалган оғир бороналардан фойдаланилади. Агар экишгача далада бегона ўтлар кўп бўлса ер чизелланади, борона қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади ва мола босилиб, чигит экилади.

Яхоб суви берилган, айниқса, тупроқнинг шўри ювиладиган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари экин майдонларида ҳайдов қатлами анча зичлашган бўлса, эрта баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни таъминлайди.

Фатхулла Тешаев

Феруза Хасанова,

Бегали Ниязалиев,

ПСУЕАИТИ илмий ходимлари.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech