Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25 mar 2015

25 март 2015 йил

Брифингнинг мақсади. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижаларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Я.Хидиров ахборот беради.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳани изчил ислоҳ қилишнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Сайёрамизнинг қарийб 1 милллиард аҳолиси тўйиб овқатланмаётган ва бу борадаги муаммо тобора кескинлашиб бораётган бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инсониятнинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистоннинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш йўлида танлаган ва белгилаган стратегияси нақадар тўғри бўлганлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2014 йил 5–6 июнь кунлари ўтказилган Халқаро конференцияда сўзлаган маърузасида, мамлакатимизда мева ва сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш динамикаси ва ҳозирги ҳолатининг муҳим омилларини таъкидлаб ўтди.

Шу жиҳатдан, мамлакатимизда ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида мева-сабзавот, картошка, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш давлатимиз иқтисодий-ижтимоий сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Аграр соҳада бозор муносабатлари ва институционал ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг одимлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

• Экин майдонларининг таркибий ўзгариши, ғалла майдонларини кенгайтириш мақсадида ғўза экиладиган майдонлар деярли 2 маротаба камайтирилиши. Бунинг натижасида бир пайтлар истеъмол учун 5 миллион тонна донни импорт қилган қисқа вақт ичида Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришди. Ҳозирга келиб мамлакатимизда 7 миллион тоннадан зиёд дон етиштирилмоқда. 2014 йилда бу кўрсаткич 8 миллион 50 минг тоннадан кўпроқни ташкил этиб, нафақат ўз эҳтиёжларини таъминлаш, балки уни экспорт қилиш имконияти ҳам янада ортди.

• Давлат ва жамоа хўжаликлари тугатилиб, замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари асосида меҳнат унумдорлигини оширишга қодир фермер хўжаликлари ташкил этилди.

• Қишлоқ хўжалиги соҳасининг диверсификация қилиниши. Пахта етиштириш ҳажмлари барқарорлигини сақлаб қолган ҳолда ғаллачилик, картошкачилик, узумчилик, асаларичилик, паррандачилик ва балиқчилик ривожлантирилмоқда.

• Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини имтиёзли кредитлаш тизими яратилиши.

• Фермер ва деҳқон хўжаликларига сервис кўрсатиш, зарур моддий-техник ресурслар билан таъминлаш тизими яратилиши (уруғлик, ёнилғи-мойлаш, минерал ўғитлар, ўсимликларни биологик ва кимёвий ҳимоялаш воситалари).

• Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ирригация ишларини бажариш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши.

• Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва ташиш, шунингдек, уларни қайта ишлаш учун логистика тизимлари шакллантирилиши.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар унинг нафақат миқдори, балки сифат жиҳатдан ҳам сезиларли натижаларга эришиш имконини берди.

Қишлоқ хўжалигида 1997 йилдан бошлаб барқарор ижобий ўсишга эришилди, сўнгги 10 йил давомида йилига 6–7 фоиздан кам бўлмаган ўсишга эришилмоқда.

Экин майдонларини оптималлаштириш ва экинларни районлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиши экинлар ҳосилдорлиги ва ишлаб чиқариш кўламининг ўсишига олиб келди.

Мустақиллик йиллари давомида мамлакатимиз аҳолисининг сони қарийб 10 миллион кишига ортишига қарамай аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ёки 30 фоиздан зиёд ошди, шундан, гўшт 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 марта, картошка 1,7 марта, сабзавот 2 марта, мева қарийб 4 марта ўсди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар йили 17 миллион тоннадан кўпроқ мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда, жон бошига сабзавот 300 килограммдан, картошка 75 килограммдан ва узум 44 килограммдан ёки истеъмол эҳтиёжидан тахминан уч марта кўп ишлаб чиқарилмоқда.

Шу билан биргаликда, ҳозирда фойдаланилмаётган талайгина имконият ва захиралар мавжуд.

Биринчидан, бир қатор ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш асосида ҳосилдорикни картошкачиликда
2 марта, узумчиликда 3,5 марта, сабзавотчиликда 3 марта, мевачиликда 4,5 мартага ошириш мумкин.

Иккинчидан, аҳоли сонининг ўсиши кенг ички истеъмол бозорини яратиш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилашни талаб қилади.

Учинчидан, юртимизнинг ноёб табиий-иқлим шароитлари мева ва сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш орқали экспортни янада кенгайтириш имкониятини беради.

Қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этишда, интенсив боғ ва узумзорларни кенгайтириш, суғоришнинг ресурстежамкор технологияларини, жумладан, томчилатиб суғоришни жорий этиш, шунингдек, иссиқхоналарни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги 5 йил давомида мамлакатимизда 31 минг гектар майдонда боғлар, 24,6 минг гектар майдонда узумзорлар яратилган бўлса, 43,8 минг гектар боғлар, 25,7 минг гектар узумзорлар реконструкция қилинган.

Интенсив боғдорчиликни рағбатлантириш мақсадида хориждан келтирилаётган кўчатлар, машина ва асбоб-ускуналар учун қатор божхона имтиёзлари берилган. Бунинг натижасида мамлакатимизда сўнгги 4 йил давомида 17 минг гектардан ортиқ майдонда замонавий агротехнологиялар ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган юқори маҳсулдор пакана ва ярим пакана интенсив боғлар яратилди.

Ўзбекистонда ёпиқ шароитларда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш эвазига бир йилда уч марта ҳосил олишнинг етарли захиралари мавжуд.

Кейинги омил – бу соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобланади. Ўзбекистон боғдорчилик ва узумчилик соҳасини ривожлантириш учун етарли илмий салоҳиятга эга. Республикамизда мева-сабзавотчилик ва узумчилик масалалари билан шуғулланадиган ўндан ортиқ илмий муассасалар, жумладан, учта ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган бир неча йил давомида селекционер-олимларимиз томонидан сабзавотларнинг 60 дан ортиқ, полиз ва картошканинг 10 дан ортиқ, мева ва узумнинг 35 та юқори ҳосилдор навлари яратилди ва районлаштирилди.

Илмий тадқиқотлар кўламининг кенгайтирилиши натижасида ички бозорни сифатли мева ва сабзавот маҳсулотлар билан тўлдириш имкониятлари кенгайди.

Мамлакатимизнинг чекланган ер ва сув ресурслари шароитида қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий қилиш, сувдан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда биологик усулларидан кенг фойдаланиш орқали экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг имкониятлари кенг эканлигини таъкидлаш лозим.

Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини таъминлашда суғориладиган ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ва сув ресурсларидан эҳтиёт фойдаланиш устувор аҳамиятга эга.

Мева ва сабзавот ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири механизациялаш даражасини ошириш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги қарорига мувофиқ, 2012–2016 йилларда соҳани модернизация қилиш, боғдорчилик ва узумчилик учун янги турдаги бир қатор махсус техникаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастури тасдиқланган.

Яна бир муҳим омил – кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича самарали тизим ишлаб чиқиш. Айни пайтда мамлакатимиздаги 6 та олий ўқув юртида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Қўшимча маълумотлар олиш учун қуйидаги телефонга мурожаат қилиш мумкин:

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг иқтисодий таҳлили ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи М.Қосимов тел: 241 27 53

Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати етакчи мутахассиси О.Норбеков тел: 241 27 81

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати
www.agro.uz

e-mail:info@agro.uz
tel: (+99871) 239 16 41





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech