Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25 may

Республикада қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган мавжуд ер майдонларининг шўрланиш даражаси ортиб бормоқда ва бугунги кунда қарийб 15 фоизга яқини кучли шўрланган майдонларга тўғри келмоқда.

Шоли етиштирилганда ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, шўрланиш даражаси камаяди, бир йиллик бегона ўтлар кўпайишининг олди олинади, бошқа экинларни суғоришдан чиққан оқова сувлар билан шолини бемалол суғориш мумкин бўлади, бу билан сувни тежалади, экологик тозаликка эришилади.

Шоли экишга ер тайёрлашда шудгор ишлари кузда ўтказилади. Бунда ботқоқ-ўтлоқи, бўз-ўтлоқи тупроқларда 22-25 см енгил структурали тупроқларни 18-20 см чуқурликда ҳайдалади. Шоли экиладиган майдонлар бегона ўтлар билан ифлосланган бўлса, уларнинг илдиз массалари асосий қисми жойлашган тупроқ қатламидан чуқурроқ қилиб кузги шудгор ўтказилади. Кузги шудгор ўтказишни иложи бўлмаган далалар баҳорда чимқирқарли плуглар билан ҳайдалади.

Ўзбекистон шароитида март-апрель ойларида ҳарорат кўтарилиб тупроқ тез етилади. Тупроқ «зиг-заг» бароналари, чизел культиваторлар билан ишланади. Бундай ишловлар тупроқни текислайди, бегона ўтларни йўқ қилади, тупроқда ҳаво айланишини яхшилайди. Кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлар билан ифлосланган далаларни баҳорда 12-15 см чуқурликда ҳайдаши тавсия этишади. Бунда илдизпоялар, туганаклар тупроқ юзасига чиқиб қолади тез нобуд бўлади. Ҳосил бўлган кесаклар майдаланади ва текисланади. Текислашдан кейин маъданли ўғитлар солиниб, тупроққа аралаштирилади. Тайёрланган далаларда сув бостирилиб ишланиши ва далани текисланади. Бундай ҳолларда уруғлар ивитилиб, ундирилиб экилади.

Шоли экиладиган майдонларга аввал беда ёки қизил себарга экилган бўлса тупроқни кузда эмас баҳорда ҳайдаш яхши самара беради. Бунда бедани биринчи ўрим ўрилиб, кейин тупроқ 18-20 см, иккинчи йили 20-22 см, учинчи ва кейинги йилларда 22-25 см чуқурликда ҳайдалади. Бу тизим тупроқда азотни тўпланишига ҳамда қўшимча 150-200 ц/га кўк масса олишга имкон беради. Кучли шўрланган ерларда шоли экиш учун тайёргарлик бир йил олдин бошланади. Ёзда ер текисланади, октябрь-ноябрь ойларида тупроқ ағдарилмасдан ҳайдалади, дискаланади ёки бороналаниб, молаланади, кейин тупроқ шўри ювилади. Апрель-май бошида сув бостирилиб молалаш ўтказилади. Бунда, бегона ўтлардан тозаланади, дала текисланади. Сув бостирилган майдонларга шоли уруғлари экилади.

Шолини экиш муддатлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида экилиши районлаштирилган шоли навларини экиш муддатларини белгилашда ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароити ҳисобга олиниб шолипоядаги сувнинг ўртача кунлик ҳарорати 14 даражага етганда экишга киришиш мақсадга мувофиқ.

Одатдаги экиш муддатидан олдин эрта баҳорда шоли уруғини 3-4 см чуқурликда экиб (жанубий туманларда) тупроқнинг табиий намлиги ҳисобига ундириб олиш мумкин. Бу экиш усулида шоли 3-4 та барг чиқаргандан кейин гербицид билан ишлов берилиб сув бостирилади. Шоли эрта муддатда, асосан, бегона ўтлар билан кам ифлосланган, яхшилаб текисланган ва шўрланмаган майдонларда экилади. Бунда шоли 10-15 кун олдин пишиб етилади, ҳосилдорлик ошади ва одатдаги экиш муддатига қараганда суғориш миқдори камаяди.

Республиканинг шимолий ҳудудлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида асосий майдонларга шолининг ўртапишар навлар 10-20 май кунлари, эртапишар навлари 20-30 май кунларига тўғри келади. Такрорий майдонларга шолининг фақат эртапишар навлар кўчати усулида 25 июнгача экилиши тавсия этилади.

Марказий ҳудудлар Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсида асосий майдонларга шолининг кечпишар навлар 25 апрелдан 10 майгача, ўртапишар навларни 10-20 май кунлари ва эртапишар навларни 20 майдан 10 июнгача, такрорий майдонларда кўчат усулида 1 июлгача экиш тавсия этилади.

Жанубий ҳудуд Сурхондарё вилоятида асосий экин сифатида кечпишар навлар учун 15 апрелдан 5 майгача, ўртапишар навлар учун 25 апрелдан 10 майгача экилади.

Шоли экиш меъёрлари

Экилган шоли майдонларида районлаштирилган навларнинг кўчат қалинлиги 1 м2 да 250-300 донани ташкил қилганда энг юқори ҳосил олиш мумкин. Бунда навларга боғлиқ ҳолда қуруқликка 1 гектар ерга 200-220 кг (6-7 млн. дона), сувга 130-180 кг (4-5 млн дона) уруғлик шоли дон экилади. Агар шоли экиш муддатидан кеч экилса ёки ер сифатсиз тайёрланганда экишда уруғлик меъёри 10 фоизгача оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда республика бўйича жами 128,2 минг гектарга шоли экилиши режалаштирилган. Шундан асосий майдонларда 74,9 минг гектар ва бошоқли дон экинларидан бўшаган 53,3 минг гектарга такрорий экин сифатида экилиши ва ялпи шоли ишлаб чиқариш ҳажмлари 640 минг тоннага етказилиши режалаштирилган.

Республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитидан ва сув таъминотини ҳисобга олган ҳолда асосий майдонларда Қорақолпоғистон Республикасида 40 минг гектар, Хоразм вилоятида 14 минг гектар, Сирдарёда 7,2 минг гектар, Тошкентда 5 минг гектар, Фарғонада 3,9 минг гектар, Андижонда 2,4 минг гектар, Наманганда 2,2 минг гектарда шоли экиш кутилмоқда.

Бугунги кунда, ҳудудларда шолининг “Лазурный”, “Искандар”, “Уз РОС 7-13”, “Мустакиллик”, “Авангард”, “Аланга”, “Нукус-2”, “Санам” ва “Нукус-70” каби навлари кенг экилмоқда.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech