Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21 mar

Азиз ватандошлар, муҳтарам қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Мамлакатимизга яшариш, баҳор ва гўзаллик байрами – Наврўзи олам кириб келмоқда. Мана шу қутлуғ кунда сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Азалдан халқимиз Наврўзни ўзгача бир соғинч, интиқлик билан кутади. Бу гал короновирус инфекциясиясига қарши Ўзбекистонда карантин эълон қилинган бўлса ҳам ҳамюртларимиз дилларида осмонимиз мусаффолиги учун шукроналик туйғулари туғён ураётир. Ушбу байрамда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортилади. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтилади.

Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.

Ҳурматли юртдошлар!

Ҳозир ҳудудларимизда фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз. Айтиш керакки, юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинаётган давлатлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шунингдек, пахта, мева-сабзавотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида чет эл мамлакатлари бозорларига чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда аввало деҳқон, фермерларимизнинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истайман.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу эса ҳар биримиздан бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришни, меҳнат унумдорлигини ошириш учун тинимсиз ҳаракат қилишни талаб этади. Галдаги асосий вазифаларимиздан бири Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тизимли равишда бажаришдир.

2020 йилдан пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор қилинаётгани, кластер ва кооперативлар фаолиятининг ривожлантирилиши туфайли мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизи ҳаётида туб бурилиш ясади. Албатта, бу соҳада стратегик аҳамиятга эга, инқилобий янгилик бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси сўнгги йиллар соҳада бозор талабларига янада мослаштирилди. Бу бежиз эмас, албатта.

Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир.

Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, инсонлар соғ-салоамт, узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.

Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар кўп бўлсин. Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Яна бир бор Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин!

Ҳурмат билан,

Қишлоқ хўжалиги вазири

Ж.Ходжаев

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech