Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17 nov 2019

3.jpg

Қишлоқ хўжалиги кластерининг ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимга эга корхона эканлигидан хабарингиз бор. Чунки бу ҳақида омавий ахборот воситаларида етарлича маълумот берилди. Натижанинг қандай бўлганлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий. Маълумотларни таҳлил қиларканмиз, кластерлар аграр соҳасининг локомотивига айланаётганини эътироф этишимиз мумкин.

2019 йилда 77 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 677,4 минг гектар майдонда 2 миллион тоннадан ортиқ пахта хом ашёсини етиштириш белгиланди. Кластерларнинг ўзларига 125 минг гектар ер майдонлари бириктириб берилган бўлса, 552 минг гектарда 16 мингта фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномалари асосида саноат хом ашёси етиштирилди. Бунинг учун кластерларга қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 4 триллион 114 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, кластерларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2,1 триллион сўм йўналтирилиб, пахта хом ашёси етиштиришга жами 6,2 триллион сўм маблағ сарфланди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жойларда босқичма-босқич замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари паркини яратиш, соҳани механизация даражасини ошириш, етиштирилган ҳосилни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштиришда банд бўлган аҳолини саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларига ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан қишлоқ хўжалигида иш самарадорлигини ошириш мақсадида техникалар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш бўйича жами қиймати 1 триллион 900 миллиард сўмлик 16 мингдан зиёд, шундан 2019 йилнинг ўзида 1 триллион 200 миллиард сўмлик 14 мингга яқин қишлоқ хўжалик техникалари харид қилинди.

Сув ресурларидан оқилона фойдаланиш, пахтачиликда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4087-сон қарори ижроси юзасидан 13 та пахта тўқимачилик кластери томонидан 2753 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этилди. Натижада суғориш учун сув сарфи 40-50 фоизга, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари 30-35 фоизга камайиб, меҳнат унумдорлигини 20-25 фоизга оширишга эришилди.

Кластерлар томонидан минерал ўғитларни ўз вақтида етказиб берилиши натижасида фермер хўжаликларига талаб қилинадиган меъёрдаги ўғитлар билан таъминланишига имконият яратилди. Жумладан, жорий йилда ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантиришда соф ҳолда азотли ўғитлар 275 минг 85 тонна, фосфорли ўғитлар 85 минг 45 тонна ва калийли ўғитлар 33 минг 19 тоннага таъминланди. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 110 минг 259 тонна азотли, 26 минг 446 тонна фосфорли ва 13 минг 468 тонна калийли ўғитлар “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ корхоналаридан харид қилинди ва 7 минг 261 тонна азотли, 13 минг 340 тонна фосфорли ва 2 минг 52 тонна калийли ўғитлар четдан олиб келинди. Юқорида таъкидланганидек, натижадан кўнгил тўлади. Бугунги кунга қадар пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2 миллион 36 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилди, йилнинг ўтган 10 ойи давомида қиймати 2,3 триллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 13,5 мингта янги иш ўринлари яратилди.

2020 йилдан бошлаб республикамизда пахта хом ашёси етиштириш тўлиқ кластер тизимида амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2020-2021 йилларда жами 4,8 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 19 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда. 

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech