Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
15 nov 2019

2.jpg

Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақол бор. Бунда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган. Бу нақл бежиз айтилмаган, негаки мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас.

Саховатли заминимиз бор. Юртимиз иқлими ҳам деҳқончилик учун ғоятда қулай. Ҳар бир қарич ердан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имкони мавжуд. Хусусан кунлар совий бошлайдиган кеч кузда тўқсонбости экинлари экиш мумкин. Шу боисдан, далаларимизда асосий ва такрорий экинлар ҳосили йиғиб олинган бир пайтда бободеҳқонларимиз тўқсонбости экинлар экишни бошлаб юбордилар.

Эътиборлиси, деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беради. Натижада қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлади. Ушбу масалага ҳукуматимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг соғлом овқатланиши, халқимиз дастурхонига йил давомида сархил сабзавот маҳсулотларини етказиб берилишини таъминлаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилиниб, ижроси назоратга олинган.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 5 ноябрь куни мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам бу мавзу хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Йиғилишда тўқсонбости усулида экиладиган сабзавотлар учун ер майдонларини кенгайтиришга қаратилган топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқдан келиб чиққан ҳолда жорий йилда мамлакатимиз бўйича жами бўлиб 202,5 минг гектар майдонга август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши белгиланди. Барча тоифа хўжаликларида август-сентябрь ойларида 67 минг гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз экилиб, зарур агротехник тадбирлар амалга оширилаётган бўлса, бугунги кунда 134,4 минг гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари (пиёз, сабзи, кўкатлар, карам ва ош лавлаги)ни экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

1.jpg

Мазкур майдонлардан 2020 йилда 3,5 млн тонна маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда. Маҳсулотнинг 602,9 минг тоннасини экспортга, 277,0 минг тоннасини қайта ишлашга, 317,4 минг тоннасини захирага жамғаришга ҳамда 2,3 млн тоннасини ички истеъмолга йўналтириш режалаштирилган.

Айни кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Давергеодезкадастр" қўмитаси, "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамияти, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти каби ташкилотлар масъул ходимлари билан ҳамкорликда республика махсус ишчи гуруҳи жойларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

3.jpg

Хусусан ишчи гуруҳ аъзолари бугунги кунгача Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида бўлиб, аҳоли томорқаларида, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан экиш ишларининг бориши, уруғликлар, моддий-техник ресурсларнинг ўз вақтида етказиб берилиши каби масалалар жойида ўрганилиб, бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда очиқ майдонларга ва боғ-ток қатор ораларига тўқсонбости усулида сабзавот экинларини навлар буйича жойлаштириш, экиш ва парваришлаш бўйича дала кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда. Ишчи гуруҳининг республикамиз бўйлаб хизмат сафари давом этмоқда.

Мамлакатимиз деҳқонлари нафақат қуёшли кунларда, балки йилнинг энг совуқ ва ноқулай об-ҳаво иқлим шароитида ҳам маҳсулот етиштириш орқали бозорларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаш билан бирга экспорт ҳажмини кўпайтириш орқали қўшимча даромад олишмоқда. 

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech