Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
31 mar 2018
Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида Сурхондарё вилоятида қўлланган тажриба алоҳида қайд этилган.

Хўш, Сурхондарё тажрибаси қандай ва унинг афзаллиги нималарда кўринади? Бу ҳақида вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тўра Боболов ЎзА га маълумот берди.

- Бугун «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан чиқарилган маҳсулотлар жаҳон бозорларини забт этмоқда. Бунда, албатта вилоятимиз тадбиркорларининг ҳам муносиб ўрни бор. Айниқса, мева-сабзавотчилик тизимида кластер йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шу йўналишда Термиз туманида “Gold Dried Fruits Export” корхонаси фаолият юритмоқда. Бу корхонани ташкил этишга 25 миллион доллар йўналтирилган. Мева-сабзавотлар етиштириш, сақлаш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлашга мўлжалланган мазкур корхона Хитой, Бельгия, Туркия ва Италияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Улар аввал беш гектар иссиқхонада қишлоқ хўжалиги экинларини уруғидан кўчат етиштиради. Бу ерда 100 гектарда иссиқхона шароитида ноанъанавий сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган. Яна 100 гектарда турли сабзавотлар парваришланмоқда.

Тараққиётнинг бугунги жадаллашуви бозорлардаги рақобатни тобора кучайтирмоқда. Албатта, бу жараён ҳар бир тадбиркордан янгилик яратишни талаб қилади. Бу жараённи ҳисобга олган корхона 2016 йилдан буён занжирсимон тизимда фаолият юритмоқда. Музрабод туманида 3 минг гектарда полиз экинлари ва 154 гектардаги интенсив боғда олча дарахтлари парваришланмоқда. Қизириқ ва Шеробод туманларининг ҳар бирида бир гектардан анорзор барпо этилган.

Маҳсулотлар экспортини таъминлаш ва пишиқчилик мавсумида сақлаш учун 12 минг тонналик замонавий музлатгич мавжуд. Шунингдек, экспортга қайта ишлаб чиқариш бир кеча кундузда 120 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қуритиш имконига эга технологиялар ишлаб турибди. 2017 йилда йигирма турга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари қайта ишланиб, Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилинди. Жорий йилда 60 миллион долларлик экспортни амалга ошириш кутилмоқда.

Жорий йилда вилоятимизда ана шундай уруғдан кўчат тайёрлаб, экиб, парваришлаб, қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга ўзи етказиб берадиган еттита корхона ташкил этилади. Сариосиё, Қизириқ, Музрабод, Ангор туманлари шулар сирасидандир.
Манба: Сайёра Шоева, ЎзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech