Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30 may 2017

Жорий йилнинг 30 май куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг “Uzbekistan Agrotech Expo–2017” XII халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг “Uzbekistan Agromash Expo–2017” VI халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси бошланди.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларнинг очилишида иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги изчил ривожланаётгани туфайли аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши баробарида, қайта ишловчи корхоналарга сифатли хомашё етказиб берилаётгани алоҳида таъкидланди.

Кўргазмаларда Россия, Хитой, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Голландия, Беларусь, Жанубий Корея каби ўн бешдан ортиқ давлатларнинг элликдан ортиқ компаниялари иштирок этмоқда. Улар намойиш этаётган маҳсулот ва хизматлар тури кенг бўлиб, ихчам линиялар, қадоқлаш технологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, чорва учун ем тайёрлаш жиҳозлари, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар, терини қайта ишлаш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби юзга яқин йўналишни қамраб олган.

Юртимизнинг етмишдан зиёд компанияси ўз стендларида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқариш борасида мамлакатимиз салоҳиятини кенг намойиш этяпти. Мева-сабзавот ва кўкатларни қуритиш камералари, паррандачилик инкубаторлари, қадоқлаш-ўраш жиҳозлари, чизель-культиватор, энг чекка ҳудудлардаги объектларни ҳам электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун мўлжалланган қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари хорижлик меҳмонлар эътиборини жалб этаётир.

«Uzbekistan Agromash Expo–2017» халқаро кўргазмасида «Агрегат заводи» ва «Чирчиққишлоқмаш» акциядорлик жамиятлари таркибидаги корхоналар, «Case New Holland», «Lemken», «Class», «Amkodor» ва бошқа етакчи хориж компанияларининг етмишдан ортиқ турдаги маҳсулоти намойиш этилмоқда.

Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech