Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
13 nov 2019

Тошкент вилоятининг мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрни бор. Қулай иқлим, серҳосил ерлар вилоятда қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама ривожлантириш имконини беради. Шу боисдан кейинги йилларда соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш, аҳолининг томорқалардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарори бу борада муҳим аҳамият касб этди. Қарорга асосан вилоятнинг Қибрай туманида 8 та, Паркент туманида 14 та кооперация бирлашмалари ташкил этилди. Ушбу кооперацияларда жами бўлиб 857 та, шундан 820 нафар фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, 18 та қайта ишлаш корхонаси, 14 та экспортёр, 5 та тайёрловчи ташкилот пай улушлари ҳисобидан ихтиёрий бирлашган. Уларга 15 минг 754 гектар ер майдони бириктирилган. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра кооперациялар томонидан 55 832 тонна маҳсулот етиштирилди.

Бугунги кунда вилоятнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 5 806 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 50 103 нафар киши меҳнат қилмоқда. Вилоятдаги 135 нафар экспортёр томонидан хорижий мамлакатларга 104 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 262 минг 54 тоннага тенг бўлган 92 та қайта ишлаш корхоналари самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари кўрилаяпти.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмаслик, ерга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бу ҳақда гап кетганда, вилоятнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 8 та туманида ўтказилган хатловда 23 703 гектар боғ майдонидан 3 704 гектари, 12 915 гектар токзордан 389 гектари самарасиз эканлигини таъкидлаш жоиз.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида келгуси йилда экин турини алмаштириш лозим бўлган самарасиз қишлоқ хўжалик ерлари ўрнига боғзорлар, токзорлар ташкил этиш, сабзавот, полиз, дуккакли ҳамда мойли экинлар экиш режалаштирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 416 млрд. 21 млн маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Келгуси йилда маҳсулот етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида 7 323 нафар фермер хўжалиги 98 та экспортер ва маҳсулотни қайта ишловчи корхонага бириктирилди. Улар 238 952 тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган. Албатта, юқоридаги каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Булардан кўзда тутилган мақсад соҳани янада ривожлантириш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш ва аҳолининг даромадини оширишдир.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech