Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 may

Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар кенгаймоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Бироқ, жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, республикамизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун зарур чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Республикада Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилашнинг аҳамияти ортмоқда. Шунингдек, экспорт географиясини кенгайтириш, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепциясида айнан бу жараёндаги аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, 2020-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларида босқичма-босқич органик ишлаб чиқаришга ўтишнинг прогноз кўрсаткичлари яратилади. Бу эса келгуси фаолиятимизни тўғри ташкил этиш, етиштирилаётган мева-сабзавотларни жаҳон бозорида янада харидоргирлигини таъминланишига ёрдам беради.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши корхоналари ва кластерлари томонидан органик пахта хом ашёси етиштириш, органик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади. Бунда тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари ва кластерларнинг фаолиятини кенгайтиради.

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда туризм соҳаси анча оммалашди. Шу туфайли ҳудудларда агроэкотуризм жозибадорлигини янада ошириш учун органик бозорлар ва ресторанлар ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни бажариш муҳимдир. Бу борада ҳам режага мувофиқ ишлар қилинади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P.) доирасидаги барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи деб белгиланди. Ўз навбатида бу вазирлик олдига катта масъулият юклайди. Айниқса, бу жараёнда органик маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, сотиш ва сертификатлаш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолиятининг эквивалентлигини баҳолаш ва авторизациялаш тизимини яратиш долзаб ҳисобланади.

Мазкур хужжатда халқаро тан олинган стандартларни жорий қилишда институционал ёндошиш белгиланган бўлиб, ушбу масалаларни тизимли ечиш бўйича Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да зарур вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech