Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30 dec 2018

Давлатимиз раҳбарининг парламентга қилган Мурожаатномасида барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муҳим аҳамият қаратди.

Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бу борада давлат фақат иккита амалий восита, яъни, маҳсулотни кафолатли харид қилиш ва субсидия орқали иштирок этиши кераклигини аниқ тушунтириб берди.

Хусусан пахтачиликда кластерлар яратилиши икки йил олдин ҳатто тасаввуримизда ҳам йўқ эди. Бугун шу истиқболли тизим иш бошлаб, илк натижаларини бера бошлади. Бундан ташқари, сабзавотчилик, боғдорчилик ва чорвачиликда ҳам кластерларни ривожлантириш масаласи олдимиз турибди.

Шунингдек, уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида тажриба-селекция ишларини жонлантириш, селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Келгусида уруғчилик экспортини йўлга қўйиш учун Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Фанлар академияси ҳамкорликда “Уруғчилик экспорти – 2030” дастури ишлаб чиқиладиган бўлди. 2030 йилгача уруғ экспортини 1 миллиард долларга етказиш энг асосий вазифа бўлади. Бу бежизга қилинаётгани йўқ. Сабаби сўнгги йилларда ҳудудларда сара кўчатлар етиштирилмаслиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатаётган эди.

Фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжи 183 миллион тонна бўлиб, унинг фақат 35 фоизи маҳаллий манбалар ҳисобидан қопланаётгани Мурожаатномада айтиб ўтилди. Бу эса келгусида экин майдонларини кенгайтириш орқали чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, балиқчилик, паррандачилик каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтиришимиз кераклигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб вазирлигимиз ва тизимдаги ҳамкор ташкилотлар билан бирга бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича зарур вазифалар белгилаб олдик.

Мамлакатимизда йилига 20 миллион тоннада ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Сўнгги йиллардаги 800 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш сиғимларига эга бўлдик. Бироқ бу эндиликда эҳтиёжимизга камлик қилади. Президентимиз бу масалани ҳам тизимли ўрганиш ва ривожлантириш истиқболлари бўйича топшириқларни берди. Агар биз ишлаб чиқарган маҳсулотларни сақлашни 10 фоизга етказсак ҳам халқимизни йил давомида бир маромдаги нархларбоп озиқ-овқат билан таъминланишига ҳисса қўшган бўламиз. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига “2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури” ишлаб чиқиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари шуни алоҳида таъкидладики, бугун фермер, деҳқон ва соҳа мутахассисларининг кўзи ёниб, етарлича ғайратга тўлиб турибди. Бироқ истакнинг ўзи юқори маҳсулот етиштиришга етарли эмас. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассислар билими ва малакасини ошириш юзасидан дастурлар ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.

Баходир Юсупов,

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ хўжалиги вазири

Манба: uza.uz




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech