Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12 aug

DSC_6212 (2).JPG

Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Глобал ва миллий тараққиётнинг асосий жабҳалари бўйича халқаро дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бугунги тез ўзгарувчан замон талабидир. Шу ўринда Тошкент давлат аграр университетида ҳам халқаро алоқаларни ривожлантириш орқали таълим сифатини модернизациялаш ва замонавий ўқув жараёнини ташкил этиш йўлга қўйилган.

Университет хорижий олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари ва малака ошириш институтлари билан ҳамкорликни йўлга 
қўйиш, энг сўнгги ўқув ва илмий тажрибаларни ўрганиш ва уларни таълимга тадбиқ этиш, талаба ва ўқитувчи ходимларни дунёнинг нуфузли таълим муассасаларида ўқиши ва малака ошириши каби ишларни мувофиқлаштириш ва бошқаришни амалга оширади.

Тошкент давлат аграр университетида ҳозирги кунда хорижнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан 76 та ҳамкорлик шартнома ва меморандумлар мавжуд бўлиб, шулардан 2019 йилда 6 таси янгиланди ва 12 таси янгидан имзоланди, шу жумладан, 6 та йўл хариталари ишлаб чиқилди.
IMG_0834 (2).JPG

Ушбу ҳамкорлик доирасида, хорижий илмий-амалий лойиҳалар ва дастурлар бўйича кенг миқёсда ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Тошкент давлат аграр университети FAO, ERASMUS+, GIZ, KOICA, JICA, USAID ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатган бўлиб, 2019 йилда университетда ERASMUS+ дастури доирасида 4 та таълим соҳасини ривожлантириш бўйича академик Capacity Building лойиҳалари, 9 та университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини 
ошириш Credit Mobility лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жами лойиҳаларнинг қиймати 508,9 минг еврони ташкил этди.

Шулар қаторида университетнинг Қишлоқ хўжалигида инновацион ишланмалар маслаҳат марказида қуёш панель батареяси орқали ишлайдиган 2 та сув чиқариш насоси ва 1 та ирригацион насос ўрнатиш учун Жаҳон Банки томонидан 80 минг евро миқдорида грант маблағлари ажратилди. Шу билан бирга, ФАО университетнинг экспериментал-тажриба хўжалигида киви кўчатини етиштириш учун мини иссиқхона – 8 минг АҚШ доллари, мева кўчатларини етиштириш учун Голландияда ишлаб чиқарилган “water box” ускунаси – 5 минг АҚШ доллари, Бразилияда ишлаб чиқарилган 4 та сеялка – 60 минг АҚШ доллари, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун замонавий ускуна – 10 минг АҚШ доллар миқдорида грантлар киритилди.

Университетда фаолиятини бошлаган “Сув танқислиги шароитда ўсимликларни қурғоқчиликка чидамлилигини ошириш” лойиҳаси учун ФАО ташкилоти 390 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Мазкур ташкилот билан ҳамкорликда жорий йил университетда “Ўзбекистонда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди. 2019 йилда ФАО ташкилоти томонидан университетнинг Қишлоқ хўжалигида инновацион ишланмалар маслаҳат марказига 100 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари киритилди.

Кейинги йилларда университет чет эл олий таълим муассасалари 
ва илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйди. Бунга АҚШ, Хитой, Германия, Россия, Белоруссия, Покистон, Малайзия, Индонезия, Вьетнам, Жанубий Корея, Япония ва бошқа қатор мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ҳақида тузилган шартнома ва меморандумлари яққол мисол бўла олади.

Ўз навбатида, Тошкент давлат аграр университетида таълим сифатини оширишга аҳамият қаратиш билан бирга халқаро алоқаларни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш ҳамда ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишларида жаҳон тажрибасини яқиндан ўрганиш фаолияти кучаймоқда. Жумладан, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабаларнинг илмий-тадқиқот ишлари борасидаги ўзаро тажриба алмашишлари ҳамда малака оширишлари яхши йўлга қўйилган. Масалан, 2018–2019 ўқув йилида университетнинг 84 нафар ходими чет элда хизмат сафарида бўлиб, шундан 19 нафар малака ошириш курслари ва стажировкаларда иштирок этдилар ва турли сертификатлар билан тақдирландилар.

Охирги икки йил давомида университет тадқиқотчилари – Баҳодир Эшчанов ва Хасан Бобоевлар АҚШнинг Мичиган университети ва Япониянинг Тсукуба университетининг PhD докторантурасини якунлаб, диссертацияларини ҳимоя қилиб университетга қайтдилар.

Шу билан бирга, университетда таҳсил олаётган талабалар кўпгина халқаро лойиҳа, дастурлар ва ёзги ҳамда қишки мактабларда фаол иштирок этиб келмоқдалар Германиянинг Агроимпульс Бавария (Agroimplus), Пракс (PRAXX) ва бошқа ташкилотлар билан имзоланган ҳамкорлик келишувлари асосида жорий йилда университетнинг 46 нафар талабаси Германиянинг етакчи фермер хўжаликларида 5 ойлик амалиётга юборилди. Бу эса талабаларнинг юксак салоҳияти ва билимга чанқоқлигидан, уларни ўз соҳаларида чуқур билим олишлари ва келажакда етук, рақобатбардош кадр бўлиб етишишлари учун кенг имкониятлар яратилаётганлигидан далолат беради.

Шу қаторда, университетда 2 нафар кореялик профессор 2 йил давомида талабаларга маърузалар беришади. Покистонлик докторант Дилбар Ҳусайн 6 ой муддатга ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш бўйича малака оширишга университетга ташриф буюрган. Шунингдек, 2018 йилда Покистоннинг М.Н.Шариф номидаги қишлоқ хўжалиги университети профессорлари, Дилбар Ҳусайн ва Альтаф Ҳусайнлар ўсимликларни ҳимоя қилиш усуллари, жумладан, ғўзани биологик ҳимоя қилиш усуллари бўйича университетда 6 ой мобайнида малака ошириб қайтдилар. Шунингдек, университетга 2019 йилда 31 та чет эл профессорлари ташриф буюрган 
бўлиб, улар турли мавзуларда маърузалар ўқидилар.

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб университетда Германиянинг Вайнштефан-Триездорф университети билан “Аграр менеджмент” халқаро магистратура дастурини жорий этилди ва 15 нафар магистрантни ўқишга қабул қилди. Магистрантлар 2 йилдан сўнг ўқишларини муваффақиятли янкунлаганларида Тошкент давлат аграр университети ва Вайнштефан-Триездорф университети дипломини қўлга киритишга муяссар бўлишади. Бундан ташқари, олий ўқув юрти Польшанинг Олий бизнес университети, Россияниг Саратов, Волгоград давлат аграр университети, Астрахан давлат техника университетлари билан 9 та икки томонлама диплом бериш қўшма таълим дастурларини жорий этди.

Шунингдек, кейинги 3 йилда амалга оширилган изчил тадбирлар туфайли Россия Федерациясининг Волгоград давлат аграр университети, Жанубий-Урал давлат аграр университети, Иркутск давлат аграр университети, Қалмиқ давлат университети ҳамда Шимолий Кавказ Гуманитар-технология академиясида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича 500 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олишмоқда.

2018 йилда Германиянинг ИАМО (Лейбниц номидаги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш) интитутининг “Ҳалқаро қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” қўшма кафедраси университетда очилди. Ушбу кафедрада ҳозирги кунда 4 нафар докторант ва магистр грант асосида таҳсил олмоқда.

Юқорида санаб ўтилган кенг кўламли ишлар Тошкент давлат аграр университетида таълим сифатини ошириш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишларини ривожлантириш ва янги мутахассисликларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлар бўлиб, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларга мисол бўлади.

Кадрлар ва ўқув юртлари

бошқармаси бошлиғининг

ўринбосари



Ш.Жониқулов

Кадрлар ва ўқув юртлари

бошқармаси бош

мутахассиси



Ҳ.Марданов


Манба: Вазирлик матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech