Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
11 oct

Президентимизнинг жорий йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан тузилган кенгашнинг асосий вазифаси давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилишидир.

11 октябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг "Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг "Яйлов тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қонунлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

20181011_101624.jpg

Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиришда қайд этилишича, бугунги кунга келиб қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасида норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Булар, хусусан, «Кооперация тўғрисида», «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги Қонунлар ва бошқа ҳужжатлардир. Бироқ кооперация масалаларини тартибга солувчи нормалар турли қонун ҳужжатларида белгиланганлиги уларни амалиётда қўллашда муайян қийинчиликлар туғдиради. Бу соҳадаги барча нормаларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатга бирлаштириш зарурати юзага келади. Шу сабабли ҳам «Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Жамоатчилик кенгаши аъзоси, техника фанлари доктори Маҳамад Тошболтаев бугунги кунда қишлоқ хўжалиги тобора ривожланиб бораётгани, кластер тизимини яратилаётгани, айнан шу паллада бу қонунни қабул қилишда барча жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

"Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасига вазирлик томонидан таклиф этилаётган таҳрир ҳам жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

20181011_103420.jpg

Мунозараларда иштирок этган меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи Азатжан Мансуров ҳозирги пайтда турли хил ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари фаолият кўрсатаётганлигини ҳамда истиқболни кўзлаган ҳолда ердан фойдаланиш юзасидан ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштириш зарурати тўғрисида аниқ мисоллар асосида ўз таклифларини билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг "Яйлов тўғрисида"ги Қонуни лойиҳаси муҳокамаси давомида ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ўта долзарблиги, яйлов ва ундан фойдаланиш борасида ҳозирга қадар ҳуқуқий асоснинг йўқлиги боис яйлов майдонларининг деградациясини кучайиши ва бошқа салбий омиллар билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага чиқаётгани айтиб ўтилди.

20181011_101558.jpg

Жамоатчилик кенгаши аъзолари соҳани янада такомиллаштириш, ривожлантириш, замонавий ёндашувларни жорий қилиш, камчиликларни бартараф этиш бўйича доимий равишда ўз фикр-мулоҳазаларини, тавсияларини билдириб боришга, Кенгаш фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалалар, қишлоқ хўжалиги соҳасини таҳлил қилиш асосида тайёрланган хулоса, таклиф ва тавсиялар оммавий ахборот воситаларида, вазирлик веб-сайтида кенг жамоатчилик эътиборига тизимли равишда етказиб боришга келишиб олишди.

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech