Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 apr


Мамлакатимизда карантин эълон қилинган пайтдан бошлаб, жойларда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қоплаш борасида тизимли ишлар қилингани ҳақида маълумотлар берилди. Бироқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида картошкага бўлган талаб ортиб бораётгани, айрим жойлардаги деҳқон бозорларида маҳсулот етишмовчилиги бўлаётгани айтилмоқда. Бу масала юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнот берди.

Мамлакат аҳолисини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан доимий таъминлаш борасида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан жадал чоралар кўриб борилмоқда. Бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

Картошка тақчил бўлмаслигининг асосий омиллари - рақамларда

- 2020 йилда республика бўйича 130 минг гектар майдонда 2,8 млн тоннага яқин картошка ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари белгилаб олинган. Йиллик 1,8 млн тонна ички истеъмолни тўлиқ қоплашга етади.

- Хусусан, март ойи охирги ўн кунлигидан бошлаб республикамизнинг жанубий вилоятларидан ички бозорларимизга эртаки картошка маҳсулотлари чиқарила бошлайди. 15 апрелдан бошлаб ички бозорларимизга катта микдорда картошка кириб кела бошлайди, жумладан апрель ойида 70 минг тоннага яқин, май ойида эса 85 минг тонна.

- Картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна) асосан март-апрель ойларига тўғри келади. Бу даврда ички истеъмол асосан захира ва чет-элдан импорт килиш ҳисобига қондирилади.

- 2019-2020 йиллар қиш баҳор мавсуми учун 181 минг тонна картошка заҳира қилинган бўлиб, хозирги кунда 133 минг тоннаси савдога чиқарилган. Бир кунда омборлардан ўртача 1800 тонна картошка бозорга чиқарилмоқда. Бу кунлик истеъмол талабига (4,5 минг т) нисбатан ўртача 40 фоизни ташкил этади.

- 2020 йил январь-март ойларида республикамизда хорижий мамлакатлардан 130 минг тонна картошка маҳсулоти кириб келган, жумладан март ойининг узида 60 минг тоннадан ортик.

Ўзбекистонда картошка етиштириладиган даврга қадар  импорт узлуксиз амалга оширилади

Ўзбекистонда ҳар йили январь-апрель ойлари картошка етиштирилмайдиган мавсум бўлгани боис заҳирада мавжуд картошкадан ташқари аҳоли истеъмоли учун маҳсулот импорт қилинади. 2020 йил январь-март ойларида республикамизда хорижий мамлакатлар, жумладан, Россия, Қозоғистон, Покистон, Беларусь мамлакатларидан 130 минг тонна картошка маҳсулоти кириб келган.

Картошка импорти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан импорт ва транзит масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда хорижий мамлакатлардан 283 минг тонна истеъмол картошкаси импорт қилинган.

Аҳоли жон бошига тиббий меъёрлар бўйича бир йилда 52,6 кг картошка тўғри келишини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу маҳсулот республика аҳолисининг эҳтиёжини тўлиқ қоплайди.

Карантин даврида сабзавот ва полиз маҳсулотлари заҳираси барқарор

Мамлакатда рўй бериб турган ҳолатга қарамасдан, жойларда миришкор деҳқонларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ишларига ҳеч қандай таъсир этган эмас. Аксинча, ушбу ишларни жадаллаштириш, фермерларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича жойларда алоҳида комиссиялар фаолият олиб бормоқда.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида республиканинг турли тупроқ иқлим шароитларидан келиб чиқиб, 66 та туманни сабзавотчиликка, 35 та туманни полизчиликка, 36 та туманни картошкачиликка ихтисослаштириш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар билан ташкилий ишлар бошлаб юборилган.

Республикада сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришнинг 2020 йилдаги прогнози

- 11,9 млн тонна сабзавот, 2,5 млн тонна полиз, 2,9 млн тонна картошка, маҳсулотлари етиштириш прогноз кўрсаткичлари белгилаб олинган.

- 2020 йил ҳосили учун 2019 йил август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида жами 206,7 минг гектар (шундан фермер хўжаликларида 81,4 минг гектар) сабзавот экинлари экилиб, ушбу майдонлардан жами 3,4 млн тонна (шундан фермер хўжаликларида 1,5 млн тонна) эртаки сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда.

- етиштириладиган маҳсулотларнинг 602,9 минг тоннаси экспортга, 277,0 минг тоннаси қайта ишлашга ҳамда 2,5 млн тоннаси ички истеъмолга йўналтириш назарда тутилган.

- барча тоифа хўжаликлари томонидан плёнка остига жорий йил январ-февраль ойларида жами 15,6 минг гектар, шундан 10,0 минг гектар сабзавот, 1,7 минг гектар картошка ва 4,6 минг гектар полиз экинлари экилди.

- баҳор ойларида фермер хўжаликларининг 89,4 минг гектар асосий майдонларига сабзавот, полиз ва картошка экинларини экилиши белгиланган бўлиб, экиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бозорларимизда картошка маҳсулотлари тақчиллигининг асосий сабабларидан бири фуқароларимиз томонидан ортиқча хавотирга берилиб, картошка маҳсулотларини эҳтиёждан ортиқча харид қилиш ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқ. Бу эса бозорларимизга чиқарилаётган кунлик картошка маҳсулотларининг табиий тақчиллигини келтириб чиқармоқда.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech