Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 sep

photo_2019-09-04_19-38-23.jpg

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Хитойнинг бир қатор йирик компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

photo_2019-08-22_12-49-03.jpg

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида шоличилик ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича Хитойнинг йирик «Good-Seed Technology» ва «Zhongnongfa Seed Industry Group» ихтисослашган компаниялари билан Қорақалпоғистон Республикаси шароитида шолининг шўрланишга чидамли навларини ҳамкорликда етиштириш, шунингдек, ушбу ишларнинг натижасига қараб, шоличилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйишга доир келишувга эришилди. Бунда хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга сафари ҳосил йиғиб олинадиган давр – жорий йилнинг октябрь ойида ташкил этилиши белгиланди. Бу борада жорий этиладиган шоличилик кластерлари фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тадқиқотлар ўтказиш, мазкур соҳадаги замонавий ишланма ва технологияларни амалиётга жорий этиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлари шароитига чидамли бўлган янги шоли навларидан фойдаланишга келишиб олинди.

Шунингдек, бир қатор Хитой компаниялари билан йирик чорвачилик кластерлари ташкил этиш, жумладан, «Zhejiang Forest Rainbow Medical» компанияси билан кейинчалик маҳсулотларини қайта ишлаб, ички бозорга чиқариш ва экспортга йўналтириш мақсадида қорамолчилик кластери яратиш бўйича келишувга эришилди.

«JIHEXIN» компанияси билан маҳаллий майда ва йирик шохли молларни чуқур қайта ишлаб, маҳсулотларини Хитойга экспорт қилиш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳаларни 2020 йилда амалга ошириш кутилмоқда.

Шунингдек, «LD Power» компанияси билан 50 минг бошгача йирик шохли молларни етиштириш борасида кластер ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ўз навбатида, Хитой томони чорва озуқаси етиштириш учун 26 минг гектар ер майдони Сирдарё вилоятидан ажратиш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди. Ҳозирги вақтда, кластер қурилиши учун жой танлаш мақсадида компания вакиллари сафарга тайёргарлик кўрмоқда (тахминан, сентябрнинг учинчи ўн кунлигида). Бўлажак музокаралар давомида мазкур лойиҳани амалга ошириш учун бошқа муқобил таклифлар ҳам билдирилади.

photo_2019-08-22_09-02-28.jpg

Соҳага замонавий илмий-техник ютуқларни жорий этиш, республика шароитига мослаштирилган чорвачилик зотларини ўрганиш ва селекция қилиш, шунингдек, сунъий уруғлантириш учун юқори сифатли уруғлик материалларини тайёрлаш учун республикада чорвачилик ва ветеринария тиббиётини ривожлантириш бўйича қўшма илмий марказ ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу мақсадда йирик қорамол гўштини генетик баҳолаш маркази ва Хитой ветеринария чорвачилик институти томонидан мазкур йўналишдаги ижобий тажрибаларни бошқа давлатларда ҳам жорий этиш бўйича бўйича музокаралар олиб борилди.

Хитойнинг айрим илмий-тадқиқот институтлари "Янлинский" ва "Монголская" зотдор қора молларининг совуққа ва иссиққа чидамлилигини ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида қўшма тадқиқотлар ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар. Маълумот учун, бу борада марказ ташкил этиш тўғрисидаги лойиҳа кўриб чиқиш учун хитойликларга тақдим этилди. Хитой томони идоралараро жараёнларни ўтказгандан сўнг, мазкур ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда. Юқоридаги кластерларни ташкил этишда амалий тажрибани жойида ўрганиш мақсадида, Хитой Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Қорақалпоғистон Республикасидан бир гуруҳ маҳаллий инвесторларни юбориш борасида келишувга эришилди.

Шоличилик ва чорвачилик кластерларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш борасида халқаро молия институтларининг 500 млн доллар миқдоридаги сармоясини жалб этиш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида гуруч ва чорвачилик учун биринчи кластерларни хитойлик ва маҳаллий сармоядорлар иштирокида тенг улушларда ташкил этиш, кейинчалик эса уларнинг ижобий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, республиканинг бошқа ҳудудларида тўлиқ маҳаллий инвесторлар иштирокида ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Ташриф давомида Хитойнинг «Чжэнью Фишери Груп» компанияси иштирокида Айдаркўл кўли базасида давлат-хусусий шериклиги асосида балиқчилик бўйича қўшма кластер ташкил этиш борасида музокаралар ўтказилди. Бунда Хитой компанияси 2023 йилга қадар балиқчиликни, сайёҳлик соҳасини ривожлантириш ва қайта ишловчи завод қурилиши учун камида 30 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Янги ерларни тиклаш ва ўзлаштириш чораларини амалга ошириш учун «Kingland Tehnology», «Dalin Co. Ltd.», «Taonan Glorious Agricultural» ва «Tyan Chen Co Ltd.» компаниялари билан пуркагичли ва томчилатиб суғориш тизимлари, шунингдек, фойдаланишдан чиқарилган ерларда қурилиши мўлжалланган иссиқхона мажмуалари учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 61 миллион долларлик шартнома имзоланди.

Шунингдек, «Sinomach» компанияси билан шўр ва шўрланган тупроқларни фойдаланишга қайтариш, инфратузилмани яратиш ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали ёмғирли ерларда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди.

Цинхуа Энергия ва энергетика университети департаменти билан тупроқшунослик бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, ушбу соҳа учун ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида Ўзбекистон-Хитой илмий марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Маълумот учун, мазкур йўналишда тегишли марказ ташкил этиш тўғрисидаги келишув лойиҳаси кўриб чиқиш учун Хитой томонига тақдим этилди. Мазкур ҳужжат Хитой ички идоралараро жараёнидан ўтганидан сўнг имзоланиши кутилмоқда.

Боғдорчилик, виночилик ва иссиқхона хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида Тошкент вилоятида 200 гектар майдонда виночилик кластери ташкил этиш бўйича «Xinjiang Hengrui International Trade» ва «I Chen Co.» компаниялари билан келишув имзоланди.

Шунингдек, «Lyufeng Grand Cherry» компанияси билан 2020-2021 йилларда гилос кўчатлари ва уларнинг заҳираларини етиштириш ва Фарғона вилоятида интенсив боғлар яратиш борасида шартнома имзоланди.

Хитой қишлоқ хўжалиги ва инжиниринги академияси билан ҳамкорликда иссиқхона хўжалиги бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикасида иссиқхона хўжалигини ривожлантириш бўйича илмий асосланган хулосалар ва маслаҳатларни ишлаб чиқишга ёрдам беришга қаратилган Ўзбекистон-Хитой қўшма марказини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Маълумот учун, мазкур йўналишда тегишли марказ ташкил этиш тўғрисидаги келишув лойиҳаси кўриб чиқиш учун Хитой томонига тақдим этилди. Мазкур ҳужжат Хитой ички идоралараро жараёнидан ўтганидан сўнг имзоланиши кутилмоқда.

Манба: Вазирлик матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech