Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
26 feb

photo_2020-02-26_17-15-05.jpg

Мамлакатимизда 2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Йил номидан келиб чиққан ҳолда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳасида илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалаларида ўзаро фикр алмашиш мақсадида вазир Жамшид Ходжаев тизимда фаолият кўрсатаёган ёш олим ва тадқиқотчилар билан учрашди.

Учрашув аввалида вазир соҳада илм-фан, инновацион фаолият таҳлили ва мавжуд муаммолар тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, глобал иқлим ўзгариши, аҳолининг демографик ўсиши, мавжуд ер, сув, моддий ресурслар чекланганлиги, ички ҳамда ташқи бозорлар конъюнктурасидаги талаблар ҳамда рақобатнинг кучайиши аграр фан ва ишлаб чиқариш олдига мураккаб муаммо ва вазифалар қўяётгани айтилди.

Таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий тадқиқот муассасалари томонидан сўнгги 10 йилликда ғўзанинг 20, буғдойнинг 30, арпа ва тритикаленинг 10, мойли экинларнинг 10, меванинг 25, узумнинг 10, озуқабоп экинларнинг 10, картошка ҳамда сабзавотларнинг 40, полиз экинларининг 15 дан ортиқ нав ва дурагайлари яратилган.

Шунинг билан бир қаторда, селекция ва уруғчилик тизимини тубдан ислоҳ қилиш талаб этилмоқда. Сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинлар уруғчилиги, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари импорти охирги 3 йилда қарийб 2,5 марта ўсиб, 40 млн. АҚШ долларига етиб қолди. Уларнинг экспорти эса, 1,5 мартага камайиб, бор-йўғи 78,6 минг долларни ташкил қилмоқда. Бу рақамлар соҳадаги ҳақиқий аҳволни кўрсатиб турибди.

photo_2020-02-26_17-19-02.jpg

Қишлоқ хўжалигида рақамли, био ва нанотехнологияларни қўллаш йўналишидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас ва ривожланган давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини ўрганиш ва жорий этиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб турибди.

– Албатта, соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар фақат юқорида таъкидланганлар эмас ва бу ҳақда узоқ гапириш мумкин, – деди Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев. – Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад эса Стратегияда белгиланган устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга оширишда тизимдаги ёш олимларимиз салоҳияти, ғайрат-шижоатидан фойдаланиш ҳамда тадқиқотларнинг амалий самарадорлигини ошириш бўйича зарур омиллар тўғрисида Сизлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, таклиф ва мулоҳазаларингиз юзасидан мунозаралар ўтказиб, ҳаракат режаларимизни белгилаб олишдир.

Видеоконференция тарзида бўлиб ўтган учрашувда тизимдаги илмий-тадқиқот муассасалари, Тошкент давлат аграр университети ҳамда унинг Нукус, Андижон, Термиз филиаллари, тажриба станцияларида фаолият юритаётган ёш олимлар ва тадқиқотчилар, мутасадди раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech