Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
11 nov 2019

photo_2019-11-12_18-00-25.jpg

Мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор, плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши ҳамда унинг сифати доимий назорат остида бўлиши лозим.

Бу йил мамлакатимизда 1 млн 43 минг гектарда кузги шудгорлаш режалаштирилган бўлиб, бу ишни амалга ошириш учун 5530 та ҳайдов трактори шай қилиб қўйилди. Ерларни ҳайдовга тайёрлашда далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши, ўтлар босган жойларга гербицидлар сепилиши, сўнгра белгиланган миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши лозим.

photo_2019-11-12_18-00-19.jpg

Далаларни кўп йиллик бегона ўтлардан тозалаш, ерларни сифатли ва кам харажат сарфлаб ҳайдаш учун тупроқнинг намлиги 16–18 фоиз атрофида бўлиши зарур. Бунинг учун тупроқ яхши майдаланади, иш органларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камайиб, агрегатнинг иш унуми ортади. Кўп йиллик тажрибанинг кўрсатишича, икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга ошади. Кам унум, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда эса ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, токи бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлиши лозим. Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади.

Қайд этиш керак, ерларни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш, тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқнинг ҳайдов ости қатлами зичланиб кетишига олиб келади. Бу эса ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2-3 йилда бир марта 50-55 см чуқурликка юмшатилиши лозим. Бунда ГРП-3/5, ГНУ-1МС ва хўжаликларда мавжуд бўлган бошқа русумдаги чуқур юмшаткичлардан фойдаланиш керак.

photo_2019-11-12_18-00-27.jpg

Ҳайдов агрегатларининг тўхтовсиз, юқори унум билан ишлашини таъминлаш учун плугларнинг тез ишдан чиқадиган қисмлари (лемех, дала тахтаси, сақловчи болтлар), тракторнинг мотор ва гидравлика мойлари ҳамда ёнилғи захираси олдиндан яратилиши, ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш даланинг ўзида ташкил этилиши, механизаторлар ва таъмирловчи чилангарларга етарли маиший шароитлар барпо этилиши, уларнинг меҳнати доимий равишда рағбатлантириб борилиши зарур.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech