Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
29 jan

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги “Бахт” кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳалар билан танишди.

2001 йилда ташкил этилган “Бахт” фермер хўжалиги 278 гектар ерда чорвачилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик, қуёнчилик билан шуғулланади. 4 гектарда интенсив боғ, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Хўжаликда ўтган йили 55 тонна гўшт, 355 тонна сут, 64 минг дона тухум, парранда гўшти, балиқ етиштирилган. Гўшт ва сут шу ернинг ўзида қайта ишланиб, ички бозорга тайёр маҳсулот етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фермер хўжалигида қўшимча тармоқларни ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринларини янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ерда вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аччиқ қалампир, коврак плантациялари ташкил этиш, чорвачилик, куркачилик мажмуалари, пистазор ва ёнғоқзорлар барпо этиш, сутни қайта ишлаш, асаларичилик лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентимиз ўрмон хўжаликларида интенсив усулда кўчат етиштириш ҳамда ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишга оид лойиҳа билан танишар экан, Тошкент давлат аграр университети магистратурасини битириб, Шаҳрисабз туманида 4 сотих ерда 6 ойда 50 мингта 1 ёшли лимон кўчати етиштирган Акбар Саидовнинг инновацион ишланмасига алоҳида тўхталди.

Интенсив усулда, микроиқлим шароитида парваришланган бу кўчатлар одатдагига қараганда икки баравар жадаллашган ҳолда ўсади.

Лимончилик нафақат Қашқадарё воҳаси, балки мамлакатимиз учун сердаромад соҳалардан. Бу тармоқни ривожлантириш иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилади. Шу боис мазкур истиқболли йўналишни қўллаб-қувватлаш, Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмасини ташкил этиш лозим, деди Шавкат Мирзиёев. Янги уюшмага “Агробанк” таъсисчилик қилади.

Қашқадарё вилоятида тери хомашёсини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал кластерини барпо этиш, аҳолини тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш, “Ғузор текстиль импекс” МЧЖ томонидан енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, лалми ерларда доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда Миришкор туманидаги собиқ Баҳористон тумани ҳокимлиги ва нон комбинати биноларида калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Президентимиз барча лойиҳаларни сифатли бажариш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Манба: УзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech