Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30 mar 2018
18 минг гектардан ортиқ ер майдонига қалампирнинг cayenne ва марғилон 33 нави экилди. Бу ҳақида ЎзАга юртимизда янги ташкил этилган Сhiliuz масъулияти чекланган жамияти директори Фурқат Баҳромов қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Юртимизда дунё бозорида харидоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш оммалашмоқда. Хусусан, қалампир... Жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб жуда юқори.
Айтиш керакки, Индонезия, Хитой, Ҳиндистон ва Мексика ҳамда жанубий Америка давлатларида етиштирилаётган бу маҳсулот энди мамлакатимизда ҳам кенг майдонларда экилади.

Аччиқ қалампир етиштириш сердаромад соҳа бўлиб, бир гектарда қалампир етиштириш учун 25 миллион сарфланса, ҳосилдорлик 15—20 тоннагача етади. Унинг қуритилганига талаб кўплигини ҳисобга олсак, бир гектар майдондаги ҳосилдан 3—4 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Бу бир неча баробар даромад демакдир.

Компаниямиз мамлакатимизда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштириш, қайта ишлаш ва уни чет элга экспорт қилиш билан шуғулланади. Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий филиаллари ўз фаолиятини бошлади. 18 мингта фермер хўжалиги ерларида уни етиштириш ва экспорт қилиш борасида шартнома тузилди. Уларга Ҳиндистондан келтирилган cayenne ва маҳаллий марғилон 33 нави етказиб берилди.

"Марғилон 330" аччиқ қалампир нави Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида яратилган бўлиб, ўртапишар нав ҳисобланади. Меваси дона-дона, техник етилганда яшил, биологик етилганда қизил бўлади. Ҳиндистондан олиб келинган cayenne навининг аччиқлик даражаси эса 7,8 баллни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради ва экспортбоп.

Айни кунларда ушбу ҳосилни табиий ҳолда қуритилгани ва майдаланиб кукун ҳолда келтирилганига катта миқдорда буюртмалар шакллантириляпти. Россиянинг деярли барча ҳудудлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша, Грузия, Молдова сингари ўнлаб мамлакатлар билан келишувларга эришилди.

Экспорт талабига кўра кейинги экиш мавсумида қалампирни аҳоли томорқасида ҳам етиштириш режалаштирилмоқда. Боиси, 60-80 кунда тайёр бўладиган аччиқ қалампирни томорқа хўжалигида етиштириш орқали бир оила бир мавсумда ўртача 9-10 миллион сўм даромад олиши мумкин. Бежизга халқ орасида аввалдан қалампир эккан одам қирқ йиллик қарзини, бир йилда узади деган нақл юрмас экан. Бугун бу сўзнинг маъноси ҳаётимизда ўз исботини топмоқда. Чунки, жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб катта.
Манба: Сайёра Шоева, ЎзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech