Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари талабалари ва магистрантлари учун “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендияси”ни тайинлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги 487-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш
ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом, 2019 йил 5 июлдаги 571-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисида низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари талабалари
ва магистрантлари учун “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендияси”ни тайинлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендияси” (бундан буён матнда Стипендия деб аталади) вазирлик тизимидаги олий таълим муассасаларида таълим олувчи 2 ва 3-курс талабалари ҳамда 1-курс магистрантлари учун таъсис этилади.

2. Стипендия соҳиблари талабгорлар ўртасида ўтказиладиган танлов натижаларига биноан аниқланади.

3. Стипендияга танлов вазирлик тизимидаги олий таълим муассасаларида таълим олувчи бакалавр босқичи талабалари ва магистрантлар учун алоҳида ўтказилади.

4. Талабаларга Стипендияни тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

таълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;

йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;

камида иккита эълон қилинган ишларнинг мавжудлиги;

илмий-инновацион салоҳияти;

тилларни – давлат тилини ва битта хорижий чет тилни билиш
(Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) талаб қилинади.

2-боб. Стипендия учун танловларни ўтказиш тартиби

5. Стипендия учун танлов 2 босқичда ўтказилади.

6. Танловнинг 1-босқичи Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида ташкил этилади. Бунда Тошкент давлат аграр университети
ва унинг ҳар бир филиали танловнинг 2-босқичида иштирок этиш учун 2 тадан номзодни танлаб олиш ҳуқуқига эга.

7. Талабгорларнинг тилларни ва ахборот технологияларини билиш даражасини аниқлаш мақсадида махсус тест синовлари ўтказилади.

8. Стипендияга номзодлар кўрсатиш, талабгорлар номзодларининг ўқишдаги ва илмий (ижодий) фаолиятдаги муваффақиятлари шаффоф
ва холисона муҳокама қилингандан сўнг, Тошкент давлат аграр университети
ва унинг филиаллари илмий кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун илмий кенгашга қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат, кафедра тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш аннотацияси;

раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;

илмий (ижодий) ишга тақриз;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;

тилларни ва ахборот технологияларини билиш даражаси бўйича ўтказилган тест синови натижалари таҳлили;

эришилган бошқа ютуқлар ҳақидаги маълумотлар ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг
ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади.

9. Илмий кенгашлар яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан Стипендияни тайинлаш учун номзодларни кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Илмий кенгашлар қарорлари Стипендияни тайинлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тавсиянома юбориши учун
асос ҳисобланади.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати – 1-15 август, кўриб чиқиш муддати – 10-25 сентябрь.

Бунда комиссияга Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

таълим муассасаси томонидан берилган тавсиянома;

Илмий кенгаш қарори нусхаси;

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат, кафедра тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш аннотацияси;

раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;

илмий (ижодий) ишга тақриз;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;

тилларни ва ахборот технологияларини билиш даражаси бўйича ўтказилган тест синови натижалари таҳлили;

эришилган бошқа ютуқлар ҳақидаги маълумотлар ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг
ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади.

11. Танловнинг 2-босқичи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан ташкил этиладиган комиссия томонидан суҳбат шаклида ўтказилади.

12. Суҳбат талабгорларнинг мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган мезонларга мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ўтказилади.

13. Комиссия талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади ҳамда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда номзодни Стипендия тайинлаш учун тавсия қилади.

14. Агар овоз беришдан сўнг талабгорлар сони белгиланган квотадан
кўп бўлса, устунлик энг кўп овоз олган талабгорларга берилади.

3-боб. Стипендияни тайинлаш ва тўлаш тартиби

15. Комиссиянинг қарори Стипендияни тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ қабул қилиш учун асос бўлади.

16. Стипендия талаба ва магистрантларга ҳар йили, бир ўқув йили учун, 1 сентябрдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида тайинланади.

17. Стипендияга сазовор бўлган талаба ва магистрларга “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендиясининг соҳиби” гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тантанали равишда топширилади.

18. Стипендия соҳиби бўлган талаба ва магистрлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан хорижга малака ошириш учун юбориладиган талаба
ва магистрантлар танловида устувор ҳуқуққа эга бўладилар.

4-боб. Якуний қоидалар

19. Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизоми, илмий
ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган талаба ва магистрантларни ўқув йили мобайнида Стипендиядан маҳрум қилиш тегишли олий таълим муассасасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан амалга оширилиши мумкин.

20. Талаба ва магистрларнинг Стипендияни тайинлаш бўйича ариза
ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.




Рўйхатга қайтиш
Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Фақатгина рўйхатга олинган фойдаланубчилар изоҳ қолдиришлари мумкин.
Киринг, пожалуйста.


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech